O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Қонунларни ижорочилар ва аҳолига етказиш масалалари муҳокама этилди

26.02.2016

2016 йил 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган «Қонунларни ижрочилар ва аҳолига етказишнинг самарали усулларини жорий этиш масалалари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбати ишида Сенат аъзолари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ҳуқуқшунос олимлари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбати давомида сенаторлар қайд этганларидек, қонунлар юқори юридик кучга эга бўлиб, жамият ва давлат ҳаётини тартибга солишнинг муҳим вазифалари бўйича давлат хоҳиш-истагини ифодалайди. Қонунлар инсонлар ҳаётига дахл қилади ҳамда жамият ва давлат ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишга кўмаклашади. Қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларнинг эълон қилиниши улар қўлланишининг мажбурий шартидир. Шу муносабат билан қабул қилинган қонунларни ижрочилар ва аҳолига етказиш масаласи давлат ҳокимияти ва бошқаруви учун муҳим вазифалардан биридир, чунки бу жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини ва аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга бевосита таъсир кўрсатади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда бу борада муаяйн ишлар олиб борилмоқда. Тегишли қонунчилик базаси яратилди. Хусусан, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларидан иборат бўлган ва Интернет тармоғида ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган «Lex.uz» – Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг миллий маълумотлар базаси яратилди. «Norma» ва «Yurida» Интернет дастурлари бутун республика ҳудуди бўйлаб аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек давлат тузилмалари орасида ҳуқуқий ахборот тарқатишнинг муҳим электрон воситаларига айланди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ҳамда улар Кенгашларининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари чоп этилмоқда. Янги қонунларнинг матнлари «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида, «www.xs.uz», «www.narodnoeslovo.uz» веб-сайтларида, шунингдек ЎзАнинг «www.uza.uz» веб-сайтида чоп этилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари тўплами Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари чоп этиладиган расмий манба ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, шунингдек вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг расмий нашрлари эса вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари чоп этиладиган расмий манбалар саналади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг нашрлари мазкур органлар қарорлари чоп этиладиган расмий манбалардир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар ахборот хизматлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари томонидан газета ва журналларнинг, веб-сайтларнинг саҳифаларида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича мутахассисларнинг мақолаларини, изоҳларини, суҳбатларини чоп этиш, “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Пойтахт” теле-радио каналларининг (“Парламент ҳаёти”, “Ҳаёт ва қонун”, “Қонун устуворлиги”, “Тадбиркор клуби”, “Мурожаат ва қонун”, “Долзарб мавзу”, “Ҳимоя”, “Таҳлилнома”, “Ахборот” каби) махсус дастурлари ва ахборот дастурлари ҳамда кўрсатувларида чиқишлар ташкил этиш орқали қабул қилинаётган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга ушбу соҳада олиб борилган ишлар таҳлили норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш, уларни ижрочилар ва аҳолига етказиш тизимини янада такомиллаштириш зарурлигидан далолат бермоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш, уларни ижрочилар ва аҳолига етказиш бўйича давлат органларининг ишлари етарли даражада самарали мувофиқлаштирилмаяпти.  
Давлатимиз раҳбари шу ва бошқа масалаларга эътибор қаратиб, 2015 йилнинг 23 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида таъкидлаганидек «...Олий Мажлис палаталарининг қонунчилик фаолиятини тартибга соладиган ҳуқуқий ҳужжатларда қонунларни ижрочиларга етказиш ва шунингдек, ҳуқуқни қўллаш ва амалга ошириш самарадорлигини албатта ўрганишни ва шу асосда парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари дастурларига зудлик билан тузатишлар киритишни кўзда тутадиган меъёрий-ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш – бугунги кунда долзарб вазифага айланиши даркор».
Муҳокама чоғида тадбир иштирокчилари ўзаро фикр алмашдилар, қонунларни ижрочилар ва аҳолига етказишнинг самарали усулларини жорий этиш юзасидан айрим таклиф ва тавсияларни билдирдилар. Хусусан, улар Интернетдан ва мобил электон қурилмалардан фойдаланувчи абонентлар орқали қонунлар ижрочилар ва аҳолига ўз вақтида ва барча ерларда етказилиши учун Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ягона электрон ҳукумат давлат порталида қонун ҳужжатлари маълумотлар базасини яратиш ва жойлаштириш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларининг ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари юридик хизматларининг қонун ҳужжатларини тегишли ҳудудлардаги ижрочилар ва аҳолига етказиш масалалари бўйича фаолиятини кучайтириш таклиф этилди. “Маҳалла” республика жамғармаси нодавлат нотижорат ташкилотлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг марказий кенгаши ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда мамлакат фуқаролар йиғинларини, “Камолот” ЁИҲ бирламчи ташкилотларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мунтазам таъминловчи тизимни яратиш, шунингдек ҳуқуқий билимларни чуқурлаштириш бўйича аҳоли орасида тадбирлар ўтказиш тавсия этилди.
Шунингдек ушбу масалани вазирлик ва идоралар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари даражасида бугунги кун талабларини ва хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олиб ўрганиб чиқиш, қонунларни ижрочилар ва аҳолига етказиш амалиётини, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш масалаларини такомиллаштириш бўйича вазирлик ва идораларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини мувофиқлаштиришга қаратилган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш учун тавсия ва таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Давра суҳбати якунларига кўра тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати

 

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati