O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Сенаторлар қонун талаблари ижро этилишини муҳокама қилдилар

25.11.2016

2016 йил 25 ноябрь куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижро этилишини ўрганиш натижалари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Мажлисда сенаторлар, Қашқадарё вилояти халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, Бош прокуротура, “Ўздавнефтгаз” давлат инспекцияси, “Давхўжаликназорат” инспекцияси, ФА Сейсмология институти, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, “Маҳалла” жамғармаси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, амалдаги қонун ва ушбу соҳага доир бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш мақсадида аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилишга, уларнинг оқибатларини бартараф этишга, авариялар юз бериши хавфларининг олдини олишга ҳамда аҳолини ўз вақтида хабардор қилишга қаратилган муайян ишлар амалга оширилди.

Тадқиқот кўрсатишича, 2015 йил мобайнида ва 2016 йилнинг ўтган даврида ушбу масалалар бўйича Қашқадарё вилояти ҳокими томонидан қарийб 20 та қарор, фармойиш ва буйруқ қабул қилинди. Табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракат дастури тасдиқланди.

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш, аҳолини ҳимоя қилиш ва фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилишга ўқитиш бўйича мувофиқлаштирилган тадбирлар ўтказиш масалалари юзасидан вилоятнинг фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш давлат тизими ҳудудий хизматлари ҳамда иқтисодиёт объектлари ўртасида ҳамкорлик қилиш ва ахборот алмашиш йўлга қўйилди.

Вилоятда 2015-2016 йилларда қўмондонлик-штаб машғулотлари ўтказилди, фавқулодда муҳим, тоифаланган, потенциал хавфли ҳисобланган объектларда 45 та махсус тактик машғулотлар ташкил этилди. Уларга 11 243 нафар кишидан иборат  фуқароларни ҳимоя қилиш тузилмаларининг шахсий таркиби ва 2 320 та махсус муҳандислик техникаси, ўтўчирувчи поездлар жалб этилди.

Ушбу даврда иқтисодиёт объектларида 39 та текширув ўтказилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларга берилган тавсияларни бажариш устидан назорат ўрнатилди. Фавқулодда вазиятларда аҳолини ва ҳудудларни ҳимоя қилиш ҳамда уларга бундай вазиятларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини сингдириш масалалари юзасидан фуқароларнинг билимларини ошириш мақсадида оммавий ахборот воситаларида ахборот-тарғибот ишлари кенг олиб борилмоқда. 42 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ўқув-маслаҳат кабинетлари ташкил этилиб, у ерда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ўзини тўғри тутиш кўникмаларини ошириш масалалари бўйича ахборот-кўргазма ва бошқа материаллар жой олган.

Юқорида қайд этилган қонун талабларининг ижро этилишини таъминлаш мақсадида фавқулодда вазиятлар туфайли талофат кўрганларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, санитария-гигиена ва эпидемияларга қарши тадбирлар ўтказиш учун вилоятда 124 та тез ёрдам, 14 та шошилинч тиббий ёрдам, 38 та махсус тиббий ёрдам ва 3 та доимий тиббий ёрдам бригадаси ташкил этилди. Фавқулодда вазиятлар юз берганда жароҳат олганларни даволаш учун вилоят тиббиёт муассасаларида 850 та ўрин рўйхатга олинган.

“Тошқинлар, сел оқимлари, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини тугатиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 февралда қабул қилинган қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузурида сел оқимлари, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисаларининг олдини олиш, вилоят ҳудудидаги геологик ва гидрометеорологик вазиятларни ўрганиш, Ўзгидромет ва геологик хавфли вазиятларни кузатиш станциялари кўрсатмаларнинг иқтисодиёт объектлари ва хўжаликлар томонидан ижро этилишини назорат қилиш, шунингдек ташкилотлар, идоралар билан ахборот алмашиш ва улар билан ушбу масала юзасидан амалий ҳамкорлик қилиш бўйича тезкор штаб ҳамда ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Вилоят Ички ишлар бошқармасининг Ёнғин хавфсизлиги хизмати томонидан 2016 йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудида жойлашган 18 523 та корхона, ташкилот ва муассасанинг 3 741 тасида тўлиқ, 3 575 тасида эса такроран ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилди ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида ушбу объектлар раҳбарларига тегишли тақдимномалар киритилди. Ҳозирги вақтга қадар камчиликларнинг 49 фоизи бартараф этилди.

Шу билан бирга муҳокама чоғида сенаторлар томонидан Қашқадарё вилоятида ушбу қонуннинг ижро этилишида мавжуд бўлган айрим камчиликлар кўрсатилди. Масалан, айрим йирик саноат объектларида хавфсизликка доир, хабардор қилишнинг замонавий маҳаллий тизимларини қуриш ва ишга тушириш, зарур моддий-техник захиралар яратиш ҳамда энг муҳим объектлар фаолият кўрсатишининг барқарорлигини ошириш масалалари бўйича тегишли назорат хизматларининг кўрсатмалари тўлиқ даражада бажарилмаяпти.

Бундан ташқари, табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазиятларнинг олини олишга доир етарлича чора-тадбирлар кўрилмаслиги натижасида вилоятнинг айрим туманлари ва шаҳарларида кўпчилик иқтисодиёт объектларининг барқарор фаолиятини таъминлаш, фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича аниқ тадбирлар режалари ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этишга доир ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмаган. Сув омборлари ва сувни тақсимлаш иншоотлари ҳолатини ўрганиш натижасида аниқланган мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан етарлича чора-тадбирлар кўрилмаяпти. Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш масалалари бўйича қонун ҳужжатларини, давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларни таъминлаш ва ижро этиш устидан депутатлик назоратини кучайтириш борасида Қашқадарё вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини янада такомиллаштириш талаб этилади.

Муҳокама якунлари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида тегишли қарор қабул қилинди.

.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati