O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Халқ билан мулоқот ва депутатлар назоратини таъминлаш – долзарб вазифадир

24.12.2016

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда ва 2016 йил 14 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қилган маърузаларида қонунлар ва давлат дастурларининг ижро этилиши устидан парламент ҳамда депутатлар назоратини амалга оширишнинг самарали механизмларини шакллантириш зарурлиги ҳақидаги ғояларни ўртага ташлаган эди. Шунингдек халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлиги ҳам таъкидланган эди.

Ўз навбатида халқ билан доимий мулоқот ўрнатиш депутатлар назорати таъсирчанлиги ва самарадорлигининг муҳим омилига айланади.

Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг 2016 йил 24 декабрь куни Олий Мажлис Сенатида бўлиб ўтган мажлисида “Соғлом она ва бола йили” давлат дастури ижро этилишини депутатлар томонидан назорат қилиш бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти мониторинги натижалари муҳокама этилди.

Мониторинг натижалари кўрсатаётганидек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида ва уларнинг доимий комиссиялари мажлисларида 2016 йилнинг ўтган даврида Дастур ижроси билан боғлиқ 300 дан ортиқ масала кўриб чиқилди ҳамда улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Дастур ижроси билан боғлиқ масалаларни муҳокама этишда айрим халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти тизимли эканлигини қайд этиш лозим.

Мисол учун халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши, вилоят халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари, шунингдек уларнинг доимий комиссиялари томонидан Дастур ижроси билан боғлиқ 40 дан ортиқ масала батафсил муҳокама этилди ҳамда улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, уларни ижро этиш устидан депутатлар назорати ўрнатилди. Бунда депутатлар ўз ваколатларини амалга ошириш жараёнида Дастурда белгиланган долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун сайловчилар томонидан кўтарилган масалаларни ҳал қилашга, шунингдек депутатлар сўрови институти имкониятларидан фойдаланишга катта эътибор қаратдилар.

Қашқадарё вилояти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан 2016 йилнинг ўтган даври мобайнида Дастур ижроси билан боғлиқ масалалар бўйича турли тузилмаларнинг мансабдор шахсларига қарийб 150 та депутатлик сўрови юборилди.

Депутатлар Дастурнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш, жамоатчиликни Дастурда белгиланган вазифаларни ижро этиш натижалари билан таништириш масалаларида маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари билан яқин ҳамкорликда аниқ мақсадга қаратилган ишлар олиб бордилар.

Шу билан бирга мажлисда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида ва уларнинг доимий комиссиялари мажлисларида Дастур ижросини муҳокама этиш, бу борада қатъий депутатлик назоратини ўрнатиш масалаларида бир қатор камчиликларга ва хатоларга йўл қўйилганлиги ҳам қайд этилди.

Хусусан, айрим маҳаллий Кенгашлар, айниқса уларнинг доимий комиссиялари томонидан Дастур ижроси билан боғлиқ тадбирларда белгиланган режалар тўлиқ бажарилмади.

Доимий комиссияларнинг сессиялари ва мажлисларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда улар доимий комиссияларининг Дастур ижросини таъминлаш доирасида қабул қилинган қарорларини ижро этиш масалалари етарлича муҳокама этилмаяпти.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлар назоратини амалга ошириш масаласида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ижтимоий ҳамкорликка эришмади.

Дастурни рўёбга чиқариш доирасида депутатларга сайловчилардан келиб тушадиган юридик ва жисмоний шахслар мурожаатларининг қонун ҳужжатлари нормалари талаблари асосида ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш масалалари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг долзарб вазифаси бўлиб қолмоқда.

Сенаторлар, фуқарорлик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган Сенат комиссияси мажлиси якунлари бўйича 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурининг ижроси устидан депутатлар назоратини амалга ошириш чоғида юқорида қайд этилган камчиликларга йўл қўймасликка қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.

Шунингдек Сенат комиссияси мажлисида комиссия ваколатларига тааллуқли бўлган долзарб масалаларни тайёрлаш ва муҳокама этиш учун давлат органлари, илмий муассасалар ва таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг тегишли соҳаларда илмий ва (ёки) амалий иш тажрибасига, қонун лойиҳаси бўйича тажрибага эга бўлган малакали мутахасисларини жалб қилиш мақсадида комиссия ҳузурида эксперт гуруҳини тузиш тўғрисида қарор ҳам қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati