O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ёшларнинг иш билан бандлигини таъминлашга доир долзарб вазифалар

24.05.2016

Жорий йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган «Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги долзарб вазифалар» мавзусида ведео-конференция бўлиб ўтди.

Семинар ишида сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон хотин қизлар қўмитаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, меҳнат, адлия вазирликлари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раҳбарлари ва масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Савдо-саноат палатаси, «Маҳалла» фонди ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, Ўзбекистонда мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, айниқса ёшларни кучли ижтимоий ҳимоя қилиш масалалалари устувор вазифалар этиб белгилаб олинди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури амалга оширилди. Ушбу дастур асосида узлуксиз мажбурий таълим тизими шакллантирилди, ёшлар зарур касбларга ўқитилди, ишга жойлаштирилди, уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга интилиши қўллаб-қувватланди. Зарур норматив-ҳуқуқий база яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартда қабул қилинган «Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, аниқ ташкилотларга – иш берувчиларга бириктириш ва эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши тузилган эди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, барча вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузурида шунга ўхшаш ҳудудий мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилган эди. Амалга оширилган ишлар натижасида 2014/2015 ўқув йилида 1 403 та касб-ҳунар коллежида таълим олувчи барча 482,6 минг нафар битирувчи уч томонлама тузилган шартномаларга мувофиқ 207,2 мингта корхона ва ташкилотда амалиёт ўтказди.

Касб-ҳунар коллежларида таҳсил олувчиларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш ва тайёрлаш мақсадида биринчи ва иккинчи курсларда тадбиркорлик ва бизнес асослари бўйича махсус курслар ўтказилмоқда. Юридик ҳужжатларни, шу жумладан бизнес-режаларни тузишда, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишда, кредитларни расмийлаштиришда уларга амалий ёрдам кўрсатиш учун 13 та туманда жойлашган 93 та коллежда «Бир дарчали сайёр нуқталар» ташкил этилди. 2015 йилда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 38,3 минг нафар битирувчига тижорат банклари томонидан ўз бизнесларини ташкил этишлари учун қарийб 280 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар берилди. Касб-ҳунар коллежларининг ушбу битирувчилари томонидан ўтган давр мобайнида жойларда 15 минг иш ўрни яратилди, шу жумладан Самарқанд вилоятида 2056 та, Андижон вилоятида 1899 та, Навоий вилоятида 1216 та, Фарғона вилоятида 1892 та иш ўрни ташкил этилди.

Шундай қилиб, бажарилган ишлар натижасида 2015 йилдаги 482,6 минг нафар коллеж битирувчисидан бугун 480 мингдан ортиғи ишга жойлаштирилди.

2015/2016 ўқув йилида мамлакатимизнинг 1 410 та касб-ҳунар колежида 477 мингдан зиёд битирувчи таълим олмоқда. «Соғлом она ва соғлом бола йили» Давлат дастурига мувофиқ уларни ишга жойлаштириш мақсадида 468,6 минг нафар коллеж битирувчиси (98%), 222,5 мингта корхона ва ташкилот, коллежлар маъмуриятлари ҳамда тегишли ҳудудларнинг ҳокимликлари ўртасида тўрт томонлама шартномалар тузилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган 33,1 минг нафардан иборат битирувчилар рўйхати тузилди. Тижорат банклари томонидан битирувчиларнинг ўз бизнесини ташкил этиши учун умумий миқдори 305,05 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратиш прогноз параметрлари тасдиқланди.

2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш учун 286 мингдан ортиқ иш ўрини ташкил этиш кўзда тутилган. Битирувчиларни танлаган мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида ўқув йили охирига қадар коллежларда 904 та ихтисослашган бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилади. Бундан ташқари, барча касб-ҳунар коллежларининг битирув курсларида «Ишга жойлашиш технологияси» ўқув курси жорий этилди. «Соғлом она ва соғлом бола йили» давлат дастурида 2016 йилда ҳар бир коллежда «Меҳнат ҳуқуқи» ва «Тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари» ўқув курсларини ташкил этиш, шунингдек касб-ҳунар коллежларининг барча битирувчиларини ишга жойлаштиришга доир чоралар кўриш ва тегишли мониторинг тизимини яратиш назарда тутилган.

Шу билан бирга муҳокама чоғида сенаторлар касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида касб-ҳунар коллежларининг корхоналар ва ташкилотлар, ҳокимликлар, «Камолот» ЁИҲ, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, хўжалик юритувчи субъектлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ОАВ билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини янада ошириш зарурлигини таъкидладилар. 

Конференция иштирокчиларининг нутқларида коллежлар битирувчиларини ишга жойлаштиришга доир норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун мақбул шарт-шароитлар яратиб бериш, битирувчиларни ёш тадбиркорларга мўлжалланган давлат имтиёзлари ва преференциялари билан мунтазам таништириб бориш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида тадбиркорлик фаолиятини, шу жумладан оилавий тадбиркорликни ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, ўқув режаларини, дастурларни мақбуллаштириш ҳамда меҳнат бозорида коллежлар битирувчиларига бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда коллежларни ихтисослаштириш, шунингдек касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишга жойлаштирилиши устидан жамоат назоратини кучайтириш масалалари юзасидан айрим таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳокама якунларига кўра тадбир иштирокчилари томонидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati