O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Чет эллик инвесторлар иштирокида мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини яратиш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди

23.12.2016

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ўзининг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимизнинг чет давлатлар билан иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва хорижда республикамизнинг иқтисодий имкониятларини кенг тарғиб қилиш орқали унинг халқаро нуфузини янада ошириш, инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш, туризм соҳасини янада ривожлантиришни иқтисодий соҳадаги устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берди.

2016 йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда Палата биносида Ўзбекистон Республикасида чет эл инвестициялари иштирокида ташкил этилган корхоналар вакиллари иштирокида юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга тўғридан-тўғри қўйилмалар киритаётган чет эл инвесторлари учун қулай инвестиция муҳитини яратиш, мамлакат минтақаларига замонавий технологиялар жалб этилиши рағбатлантирилишини кучайтириш, чет эл инвесторлари ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун кафолатлар ва имтиёзлар тизимини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Иқтисодиёт ва Адлия вазирликлари, Давлат солиқ ва божхона қўмиталари, Марказий ва Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банклари, Савдо-саноат палатаси, мутасадди идора ва ташкилотлар, суғурта компаниялари, мамлакатимизда чет эл инвестициялари иштирокида ташкил этилган корхоналар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ушбу давра суҳбатини ташкил этишдан мақсад мазкур соҳадаги муаммоларни аниқлаш ва уларни биргаликда муҳокама қилиш, шунингдек, мамлакат инвестиция муҳитини янада такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқишдан иборатдир.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилишни ҳар томонлама рағбатлантириш ва уларнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга қаратилган мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база яратилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан алоҳида қайд этилганидек, “айни вақтда қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига эга экани ҳақида сўз юритганда, бу борада ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини таъкидлаш зарур. Афсуски, ҳозирги кунда қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича сезилмаяпти”.

Тадбирда иштирок этган чет эл инвестициялари иштирокида ташкил этилган корхоналар вакиллари иқтисодиётни янада либераллаштириш, бошқарувнинг бозор принциплари ва механизмларини жорий этиш, чет эл инвесторлари учун янада қулай инвестиция муҳитини яратиш ҳамда чет эл инвестициялари иштирокида тузилган корхоналар фаолиятини рағбатлантиришга доир чора-тадбирларни рўёбга чиқариш борасидаги тизимли ишларнинг амалга оширилишини изчил давом эттириш лозимлигини қайд этдилар.

Шунингдек, тадбир давомида чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш учун уларга кўпроқ эркинлик бериш, рухсат этувчи тартиб-таомиллардан ўтиш ва лицензия олиш билан боғлиқ жараёнларни соддалаштириш, банклар фаолиятини ва олинган фойдани репатриация қилиш шароитларини халқаро стандартларга яқинлаштириш, давлат органлари томонидан хорижий корхоналар мурожаатларини кўриб чиқиш, ҳудудлардаги муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, сув ва газ ресурслари ҳамда электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш масалаларига жиддий эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Муҳокама чоғида чет эл инвестицияларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш ва қулай инвестиция муҳитини яратишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati