O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчиликни ривожлантиришнинг энг муҳим шартлари

23.02.2016

Жорий йилнинг 23 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ташкил этилган «Боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган хўжаликларга хизматлар кўрсатиш самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.


Давра суҳбати ишида сенаторлар, Қонунчилик палатасининг депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, молия, адлия, соғлиқни сақлаш вазирликлари, Марказий банк, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмиталари, «Ўзкимёсаноат», «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг», «Ўзавтосуғурта» акциядорлик компаниялари, «Ўзгидромет» маркази, «Ўзагромашсервис» ассоциацияси, Ўзбекистон фермерлар кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Маҳалла» хайрия  жамоат фонди, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вакиллари, боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчилик хўжаликлари раҳбарлари, Тошкент давлат аграр университети, М.Мирзаев номидаги Илмий-тадқиқот институтининг профессор-ўқитувчилари, олимлар шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.


Давра суҳбати иштирокчилари томонидан Ўзбекистонда импорт маҳсулотларини ўрнини босиш ҳисобига аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, истеъмолчиларнинг талабини тўлиқ қондириш, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор берилаётганлиги таъкидланди. Ушбу мақсадда боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчилик соҳаларини ривожлантириш, зарур инфратузилма объектларини яратиш, сотиш тизимини такомиллаштириш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди.


Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги қонунлари, шунингдек бир қатор қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари бу борада муҳим ҳуқуқий база бўлди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 9 январда қабул қилинган «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва 2006 йил 11 январда қабул қилинган «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва комплекс қайта ишлашни янада ривожлантириш, унинг самарадорлиги ҳамда сифатини ошириш, шунингдек экспорти учун зарур базани яратишда муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу Фармони ва Қарорига мувофиқ фермер хўжаликлари кенг ривожланди, зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси – машина-тракторлар саройи, сув хўжаликлари ассоциацияси, ёқилғи мойлаш материалларини, минерал ўғитларни реализация қилувчи пунктлар, мини-банклар яратилди.


Бугунги кунда мамлакатимизда боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган 24 минг 730 та фермер хўжалиги, сабзавотчиликка ихтисослашган 3 минг 655 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг умумий ер майдони 197 минг 862 га. Боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган хўжаликларнинг ўртача ер майдони 6,8 гектарни, сабзавотчиликка ихтисослашган хўжаликларнинг ўртача ер майдони 8,1 гектарни ташкил этади. Фермер хўжаликларини таъсис этишда 267 та агрофирма ташкил этилди ва фаолият кўрсатмоқда. Ушбу агрофирмалар мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни харид қилиш ҳамда уларни тайёрловчи корхоналарга етказиб бериш билан шуғулланади. Янги ташкил этилган агрофирмалар Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган Фармонига ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг қарорига мувофиқ беш йилгача муддатга ер солиғидан озод этилади.


2012–2016 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни янада модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш дастурини рўёбга чиқаришга, фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ва лизинг хизматлари тақдим этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, «Ўзқишлоқмашлизинг» компанияси ва унинг ҳудудий тузилмавий бўлинмалари томонидан 2013–2016 йиллар мобайнида боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига 32 млрд. 921,3 млн. сўмлик 796 та трактор, машина ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги техникаси ва механизация воситалари лизинг асосида тақдим этилди. Биргина, 2015 йилда 9 млрд. 668,4 млн. сўмлик 146 та қишлоқ хўжалиги техникаси берилди.


Шартномалар асосида «Ўзкимёсаноат» акциядорлик компанияси корхоналари томонидан 2015 йилда боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига 287,4 млрд. сўмлик минерал ўғитлар реализация қилинди. «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси томонидан 2014–2015 йиллар мобайнида 10,2 млрд. сўмлик 3694 тонна дизель ёқилғиси етказиб берилди. Мамлакатимиз тижорат банклари томонидан 2015 йилда 314,2 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди, шу жумладан боғдорчилик, узумлик ва сабзавотчиликни ривожлантириш учун 93,7 млрд. сўмлик кредит берилди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарга 88,1 млрд. сўм, иссиқхона хўжаликларини яратиш учун 71,4 млрд. сўм, музлатгич камераларини ташкил этиш учун 61 млрд. сўм ажратилди.


Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш мақсадида охирги йилларда сабзавотлар, картошка, полиз экинларининг юқори сифатли, касалликка чидамли ва юқори ҳосилдор бўлган уруғларини жорий этиш чоралари кўрилди, интенсив боғлар ва узумзорлар яратилди, шунингдек боғдорчилик ва узумчиликда фаннинг ишлаб чиқариш билан интеграциялашувини чуқурлаштиришга доир аниқ мақсадли ишлар ҳам олиб борилмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва инфратузилмани ривожлантириш, ҳосилни сақлаш, шунингдек ички истеъмол бозорини бойитиш, аҳолини биринчи навбатда қиш-баҳор фаслида мева-сабзавот маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда унинг экспорт қилинишини кенгайтириш юзасидан аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқда. 2015 йилнинг ўзида мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчи 230 та корхона ва қуввати қарийб 78 минг тонна бўлган 114 та янги музлатгич камераси яратилди. Бугунги кунда мамлакатимизда 356 та музлатгич камераси мавжуд. Уларнинг умумий қуввати 832 минг тоннага етди.


Шу билан бирга қизғин муҳокама чоғида давра суҳбати иштирокчилари ўзаро тажриба алмашди, мавжуд муаммоларга эътибор қаратди, шунингдек боғдорчиликка, узумчиликка ва сабзавотчиликка ихтисослашган хўжаликларга хизматлар кўрсатиш самарадорлигини янада оширишга қаратилган ўз таклиф ва тавсияларини билдирди. Ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари сўзсиз ижро этилишини таъминлаш зарурлиги қайд этилди, бу эса ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан бойитиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.


Давра суҳбати якунларига кўра тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати

 

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati