O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Аёллар ва болалар саломатлигини асраш соҳасидаги халқаро ҳужжатлар ҳамда миллий қонун ҳужжатлари ижроси масалалари муҳокама этилди

22.12.2016

 

2016 йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Қўшма мажлис халқаро конвенциялар ва миллий қонун ҳужжатлари қоидаларининг оналар ва болалар саломатлигини асрашга доир қисми Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ижро этилаётганлигини ўрганиш  натижаларига бағишланди. Тадбир ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.

Қўшма мажлисда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар масъул ходимлари, олимлар, тадқиқотчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, БМТ агентликларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сенаторлар мамлакатимизда оналар ва болаларни ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганлигини қайд этдилар. Ўзбекистонда соғлиқни сақлашнинг замонавий тизими яратилган, перинатал ва скрининг марказлари, репродуктив саломатлик марказлари фаолият кўрсатмоқда, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган туғруқхона мажмуалари барпо этилди. Қишлоқ врачлик пунктларида ва оилавий поликлиникаларда ўсмир қизлар, туғруқ ёшидаги ва ҳомиладор аёллар саломатлигини доимий назорат қилиб бориш, уларни ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратилди.

Ушбу йўналишда олиб борилаётган катта ишларнинг замирида аҳоли саломатлигини сақлашнинг сифати ва даражасини ошириш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, жисмонан соғлом, маънан етук авлодни тарбиялашдек эзгу мақсадлар мужассамдир. Соғлом она ва бола йили деб эълон қилинган 2016 йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди.

Биринчи навбатда, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, барқарор ривожланаётган жамият пойдевори сифатида оила институтини мустаҳкамлаш мақсадида қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база кучайтирилди. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунда ушбу соҳадаги асосий  йўналишлар бўйича аниқ ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар белгилаб берилди. Соғлом фарзандларни дунёга келтиришнинг, заиф ва туғма касалликларга эга болалар туғулишининг олдини олишнинг муҳим омили сифатида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар таркибини янада мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини рўёбга чиқариш учун молиялаштиришнинг барча манбаларидан 7 триллион 480 миллиард сўм ва 190 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфланди.

Парламент палаталарининг 2016 йил 14 декабрь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Давлатимиз раҳбари томонидан оналар ва болалар саломатлигини асрашга, аёллар турмуш шароитлари ва маиший ҳаётини ҳисобга олиб, уларни иш билан таъминлашга, уларнинг юмушларини енгиллаштиришга, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида уларнинг роли ва нуфузини оширишга қаратилган давлат сиёсатини фаол давом эттириш вазифаси белгилаб берилди.

Мажлисда жойларда янги туғилган чақалоқларга ва болаларга неанаталь хирургия, кардиохирургия каби йўналишлар бўйича кўрсатиладиган махсус тиббий хизматлар сифатини ошириш, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини яхшилаш зарурлиги қайд этилди. Тиббиёт муассасаларида ўсмир қизларга гинекологик тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларига етарлича эътибор берилмаяпти. Республика тиббиёт муассасалари учун акушер-гинеколог, анестезиолог ва реаниматолог, неонатолог каби тор доирадаги мутахассисларни тайёрлаш масаласи кун тартибида турган долзарб масаладир. Соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, аҳоли орасида, айниқса қишлоқ жойлардаги аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган маърифий ишларни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Мажлис якунлари бўйича ушбу соҳадаги ишларни янада такомиллаштиришга доир зарур чора-тадбирлар кўришга қаратилган қўшма қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati