O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Конституциявий ислоҳотларнинг амалий ифодаси

15.01.2016

Маълумки, 2014 йилда Конституциямизнинг 103-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари -Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ҳамда долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши белгиланди. Ушбу янгилик “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда ўз ифодасини топиб, уни амалга ошириш механизмлари ҳаётга жорий қилинди. Мухбирларимизнинг хабар қилишича, мазкур конституциявий қоидага мувофиқ, айни кунларда жойларда вилоят ҳокимлари вакиллик органларига ҳисобот тақдим этмоқда.

p style="text-align: justify;">Қонунчиликка биноан, ҳокимларнинг ҳисоботини эшитишга бағишланган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари мажлисларида ҳудудлардан сайланган сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, қатор давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашаяпти.
Хусусан, Андижонда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмановнинг ҳисоботи атрофлича -муҳокама этилди.
Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган мажлисда қайд этилганидек, мамлакатимизда -демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Буни Андижон -вилоятида эришилаётган ютуқ ва натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин.
— Юртбошимиз ташаббуси билан Конституциямизга киритилган тузатишлар асосида вилоят ҳокимининг ҳисоботи эшитилгани жойларда давлат ҳокимияти ва бошқарувини такомиллаштириш ҳамда янада демократлаштириш, маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлигини кафолатлаш, жойларда депутатлик назорати институтини мустаҳкамлаш, партиялараро рақобатни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Ш. Маматқулов. — Мазкур қоидалар, шак-шубҳасиз, маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ролини янада ошириб, ижро органларининг масъулиятини кучайтиради. Қолаверса, ушбу амалиёт мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотлар, умумдавлат ва ҳудудлар манфаатларининг уйғунлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мажлисда таъкидланганидек, ўтган йили бутун республикамизда бўлгани каби -Андижон вилоятида ҳам улкан ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. -Пировардида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 103,6 фоизни, жумладан, саноат маҳсулотлари 122, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 108, қурилиш ишлари ҳажми 113,7, чакана савдо айланмаси 114, жами хизматлар 120 фоизни ташкил этди.
— Ҳисоботни Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси нуқтаи назаридан муҳокама қилдик, — дейди халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши доимий комиссияси раиси
А. Абдуллаев. — Бинобарин, вилоят иқтисодиётида чуқур таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш, манзилли ҳудудий дастурлар ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди.
Қонунчилик, норматив-ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан хусусий мулкнинг устувор ролини таъминлаш, иқтисодиётда давлатнинг иштирокини изчил қисқартириш, корпоратив бошқарув тизими тамойилларини ва унга ёндашувни тубдан ўзгартириш, хусусий мулкдорлар ҳамда тадбиркорлар қонуний ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қарорлар қабул қилинди. 2015 йилда умумий қиймати 302,1 млрд. сўмлик инвестиция ўзлаштирилиши натижасида 3768 та лойиҳа амалга оширилди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида “бир дарча” тамо-йили бўйича тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатадиган Ягона марказлар ташкил этилган.
— Ҳисоботда қайд этилганидек, вилоятимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини изчил бажаришда аҳоли бандлиги, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз касблари бўйича иш билан таъминлашга муҳим эътибор қаратилди, — дейди вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган депутатлар гуруҳи раҳбари А. Нурматов. — Шуни айтиш жоизки, ушбу масала партиямиз сайловолди платформасида белгиланган асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Шунинг учун биз Бандлик дастури параметрлари ижросига алоҳида диққат қаратдик. Ўтган йили вилоятимизда 41 минг 257 та иш ўрни яратилишига эришилди. Эътиборли жиҳати, уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига мўлжалланган. Барча сиёсий партиялар депутатлар гуруҳи тегишли доимий комиссиялар мажлисларида бу борада ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши мажлисида Президентимиз томонидан белгилаб берилган 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурга асосан, истиқболдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналиши — ишлаб чиқаришни узлуксиз технологик ва техник жиҳатдан янгилаш, ички захираларни доимий равишда излаш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш, саноатни модернизациялаш ва диверсификациялаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шунингдек, депутатлар томонидан вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
— Вилоятимизнинг 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий устувор йўналишларини аниқлаб олишда биз — халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари зиммасига катта масъулият юкланади, — дейди вилоят Кенгаши депутати Р. Тўйчиев. — Аввало, жаҳон миқёсидаги ҳали-бери давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз билан боғлиқ юзага келаётган жиддий муаммоларни ҳисобга олган ҳолда қонунлар, давлатимиз раҳбари фармон ва қарорлари, ҳудудий дастурлар ижросини сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик институти салоҳиятидан унумли фойдаланиш, депутатлик назоратининг самарадорлигини ошириш, сиёсий партиялар депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада жонлантириш айни муддаодир.
Мажлисда Андижон вилояти ҳокими ҳисоботи юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Бухорода халқ депутатлари вилоят Кенгаши мажлисида вилоят ҳокими М. Эсановнинг ҳисоботи батафсил кўриб чиқилди.
Мажлисда қайд этилганидек, вилоят иқтисодиётининг барқарор ўсишини, унинг барча тармоқлари изчил ривожланишини таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, чет эл инвестицияларини жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бир қатор ижобий натижаларга эришилди.
— Ҳокимнинг маҳаллий вакиллик органига ҳисобот тақдим қилиш амалиёти депутатлик назоратининг самарадор воситаси бўлиб, давлатнинг устувор вазифалари ҳамда стратегияси амалга оширилишининг бориши юзасидан тизимли таҳлил ва доимий назоратни таъминлаш имконини беради, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Азим Латипов. — Конституциямиз талабларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари мажлисларида ҳокимларнинг ҳисоботи муҳокама қилиниши ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим масалаларини кўриб чиқишда узвийликни, юқори турувчи органлар томонидан белгиланган баҳоларни ҳисобга олган ҳолда самарали муҳокамалар ташкил этилишини таъминлашга ва пировардида, маҳаллий вакиллик органларининг ролини оширишга хизмат қилади.
2015 йил якунларига кўра, вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 107,5 фоиз ошди. Ўсиш суръати саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 108, қишлоқ хўжалигида 107, қурилиш-монтаж ишларида 111,7 фоизни ташкил этди. Кичик бизнеснинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 67,4 фоизга, саноатдаги улуши 32,6 фоизга етди.
— Ҳисоботни танқидий-таҳлилий кўриб чиқиш асносида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган омилларга алоҳида эътибор қаратилди, — дейди вилоят Кенгаши депутати Фармон Аминов. — Чунончи, вилоятда бошқаришнинг амалиётда синалган иш услубларидан самарали фойдаланилгани, замонавий тажриба жорий этилганлиги ўзининг ижобий натижасини берди. Бошқарув фаолиятига сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг кенг жалб қилингани ҳокимлик фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш билан бирга, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда муҳим омил бўлди. Депутатлар ушбу йўналишдаги ишларни изчил давом эттириш лозимлигини кўрсатиб ўтдилар.
Мажлисда таъкидланганидек, бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи устувор аҳамият касб этмоқда. Бухоро вилоятида 2015 йилда 74 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилгани, доимий иш билан таъминланганларнинг 26 мингга яқини коллежлар битирувчилари экани диққатга сазовордир.
— Йиғилишда айрим соҳаларда мавжуд имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаётгани аниқ мисоллар асосида танқид қилинди, — дейди вилоят Кенгаши депутати А. Турсунов. — Жумладан, баъзи туманларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга етарлича эътибор берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди. Шу муносабат билан ушбу йўналишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари ва депутатлар фаоллигини кучайтириш, бу жараёнда сиёсий партиялар депутатлар гуруҳлари иштирокини янада кенгайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Мажлисда Бухоро вилояти ҳокимининг ҳисоботи юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Андижон ва Бухоро вилоятлари ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш асносида депутатлар мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида белгилаб берилган вазифаларни бажариш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишди. Бунда бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг қабул қилаётган қарорлари ҳамда уларнинг очиқлигини таъминлаш юзасидан масъулиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.


Саидаҳмад ШУКУРОВ,
Истам ИБРОҲИМОВ.


Манба: http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/6561-konstitutsiyavij-islo-otlarning-amalij-ifodasi

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati