O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этишнинг долзарб масалалари

21.04.2016

Жорий йилнинг 21 апрель куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан ташкил этилган «Маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини ташкил этиш масалалари» мавзусидаги минтақавий семинар бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг барча минтақаларида ўтказилиши назарда тутилган мазкур семинарда сенаторлар, халқ депутатлари Қашқадарё ва Сурхондарё вилоят, ушбу вилоятлардаги туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари, ҳокимликлар ташкилий-назорат гуруҳлари раҳбарлари, Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳлар аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда қайд этилдики, Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ўта муҳим бир мақсадга, яъни ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг ролини кучайтириш бўйича ғоят долзарб чора-тадбирларни кўришга қаратилган эди.

Бу чора-тадбирлар босқичма-босқич муваффақиятли амалга оширилиб келинмоқда. Энг муҳими, уларнинг самаралари кундалик ҳаётимизда сезилиб турибди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг сифат жиҳатдан ижобий томонга ўзгариб бораётгани, жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни аниқлаш ва ҳал этишда маҳаллий вакиллик органларининг роли кучаяётгани ҳам бунинг далилидир.

Маҳаллий вакиллик органларининг қонуний ваколатлари кенгайиб, уларнинг жойлардаги долзарб масалаларни ҳал этишдаги роли кучаяётгани ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб амалга киритилган Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг бюджет соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб берилди. Мазкур Кодексга мувофиқ маҳаллий Кенгашлар маҳаллий бюджетларни қабул қилиш билан бирга, уларнинг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда кўриб чиқиш ваколатига ҳам эга бўлди.

Маълумки, 2014 йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Конституциянинг 103-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиб, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши конституциявий тарзда белгилаб қўйилди.
Шунингдек, 2015 йил 9 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига биноан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига 251-модда киритилди ва унга мувофиқ вилоят, туман, шаҳар ҳокими ҳар йили тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этади.

Семинарда маҳаллий вакилик органлари фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, жумладан кейинги пайтларда қонунчиликка киритилган янги нормаларни амалга ошириш механизмлари хусусида сўз борди.

Зотан, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллий Кенгашларда қонуний ваколат ва имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаяпти. Жумладан, маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама этилиши кўзда тутилган масалаларни ўз вақтида мукаммал тарзда тайёрлашга зарур эътибор қаратилмаяпти.

Айрим маҳаллий Кенгашлар, айниқса, улар доимий комиссияларининг иш режаларида белгиланган тадбирлар тўлиқ ижро этилмасдан қолмоқда.

Маҳаллий Кенгашлар томонидан норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарор лойиҳаларини адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда уларни расмий нашрларда эълон қилиш ишлари ҳам талабга тўлиқ жавоб бермайди.

Маҳаллий Кенгашлар ва уларнинг тегишли доимий комиссиялари томонидан жойлардаги олий ўқув юртлари, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини янада яхшилаш, мазкур муассасаларда ўқув-тарбия ишларининг сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган масалалар сессиялар ва мажлисларда фаол муҳокама қилинмаяпти. Шунингдек, аҳоли кенг қатламларининг саломатлигини муҳофаза қилиш, атроф-муҳит, экологик муаммолар билан боғлиқ масалалар ҳам сессиялар ва мажлисларда камдан-кам ҳоллардагина муҳокама этилмоқда.

Маҳаллий Кенгашлар ва улар доимий комиссиялари ўз қарорларининг ижросига оид масалаларни сессиялар ва доимий комиссиялар мажлисларида мунтазам муҳокама этиб бормаяпти.

Семинарда шу каби камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар ва уларни рўёбга чиқариш механизмлари белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati