O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Қонун ижроси ҳолати ўрганилди

21.04.2016

2016 йил 21 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Мажлисда Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Сенаторлар мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимизда шаҳарларнинг инфратузилмасини ривожлантириш ва уларни ободлаштиришга, шу жумладан шаҳар йўловчи транспорти тизимини такомиллаштиришга, йўловчилар учун қулайроқ шарт-шароитлар яратишга катта эътибор қаратилаёганлигини, ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий база шакллантирилганлигини таъкидладилар.
«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси тизимининг автокорхоналарида, Тошкент шаҳар йўловчи транспорти субъектлари ҳисобланган йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятларда ва «Тошкент метрополитени» унитар корхонасида «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қандай ижро этилаёганини ўрганиш натижалари пойтахтимизда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва бундай хизматлар кўламини кенгайтириш юзасидан изчил ишлар олиб борилаётганлигини кўрсатди.
Мажлисда қайд этилганидек, автобуслар, трамвайлар, метрополитен, йўналишли ва йўналишсиз таксилар йўловчиларни ҳаракат жадвалига мувофиқ муайян йўналишлар бўйича ташимоқда. Тошкент шаҳрида 1300 дан ортиқ автобусдан фойдаланувчи 9 та автобус саройи ва 933 та микроавтобусга эга 296 та масъулияти чекланган жамият шартномалар ҳамда лицензия асосида йўловчиларни ташиш билан шуғулланади. Барча транспорт воситалари рўйхатдан ўтказилган ва тегишли сертификатларга эга. Ҳар куни Тошкент шаҳрида ўртача 890 та автобус ва 930 та микроавтобус 235 та йўналиш бўйлаб хизмат кўрсатади.
Жамоат транспортида йўловчилар хавфсизлигининг таъминланишини кучайтириш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан рейдлар ўтказиш чоғида 2015 йилда йўловчи транспортларининг техник ҳолати мунтазам текшириб борилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўрилди.
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ташувчининг фуқаролик жавобгарлиги албатта суғурта қилинади. Ўрганиш шуни кўрсатдики, 2015 йил мобайнида ва 2016 йилнинг январь ойида «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси корхонаси ҳамда суғурта компаниялари ўртасида йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш борасида ташувчининг фуқаролик жавобгарлиги юзага келганда унинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида (709 та транспорт воситаси) ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини албатта суғурта қилиш бўйича 7  та шартнома тузилди.
«Тошкент метрополитени» давлат унитар корхонаси бугун учта йўналишга эга бўлиб, улардаги темир йўлларнинг умумий узунлиги 80 км. Йўловчилар, шу жумладан ногиронлар ва болали йўловчилар учун зарур қулайликлар яратилган. Метрополитен линияларида поездлар ҳаракатланиши қоидалари ва нормаларини, тиббий-санитария ва ёнғинга қаши хавфсизликни таъминлаш чоралари кўрилди. Алоқа воситалари, сув таъминоти ҳамда вентиляция тизимлари ва бошқа техник воситалар соз ҳолатда сақланмоқда.
Шу билан бирга сенаторларининг нутқларида ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришни давом эттириш, қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя қилиш орқали аҳолига йўловчи ташиш билан боғлиқ кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳуқуқий маданияти ва ахлоқини ошириш, ҳуқуқбузарлик сабабларини таҳлил қилиш ҳамда уларнинг иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир этилишининг олдини олиш, транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказишга, улардан фойдаланиш муддатларига риоя қилишга, йўловчи транспорт ҳайдовчиларини мунтазам тиббий кўрикдан ўтказишга расмий ёндашувга йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек мажлис иштирокчилари халқ депутатлари Тошкент шаҳри Кенгаши ушбу соҳадаги депутатлар назоратини кучайтириши муҳим эканлигига урғу бердилар.
Мажлис якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati