O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш – тадбиркорлик фаолиятига янада кенг имкониятлар

20.05.2016

Жорий йилнинг 20 май куни Тошкент вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда давлат мулкини хусусийлаштириш билан боғлиқ дастурларнинг Тошкент вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижаларига бағишланган  мажлиси бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари, вилоят маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, хизматлар кўрсатиш соҳаси ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, мустақилликнинг илк йиллариданоқ Ўзбекистонда бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш бўйича стратегик мақсадга эришиш доирасида хусусий секторнинг иқтисодиётдаги улушини ва унинг рақобатбардошлигини оширишнинг энг муҳим вазифаси сифатида давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Бу борада соҳага оид норматив-ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилувчи бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилди.

“Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни нодавлат секторнинг иқтисодиётдаги улушини янада кенгайтириш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига хусусий инвесторларни жалб қилишни рағбатлантириш, салоҳиятли сармоядорларнинг барча тоифалари учун хусусийлаштириш жараёнида тенг равишда иштирок этишини таъминлаш, хусусийлаштирилган битимларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш ва мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан боғлиқ кенг имкониятлар очиб берди.

Мазкур Қонун ҳамда давлат мулкини хусусийлаштириш билан боғлиқ дастурларнинг Тошкент вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижаларига кўра, давлат мулкидан оқилона фойдаланиш, фойдаланилмаётган ҳамда қурилиши тугалланмаган давлат мулки объектларини, бўшаётган ер участкаларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш ва бошқа йўналишларда муаяйн ишлар амалга оширилганлиги аниқланди.

Хусусан, вилоятда мавжуд 416 та давлат мулки объекти оммавий савдоларга қўйиш ҳамда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиш шарти билан “ноль” харид қийматида сотилиши борасида тегишли ишлар амалга оширилган.

Вилоят бўйича давлат мулкини хусусийлаштириш билан боғлиқ дастурларга асосан жами инвестиция мажбуриятлари эвазига “ноль” харид қийматида сотилиши белгиланган 202 та давлат объектидан, 161 та давлат мулки объекти сотилган, 2 та давлат мулки объекти бузилган ҳамда қолган       39 та объект белгиланган тартибда савдога чиқарилган.

Тошкент вилоятидаги 114 та давлат объектида 2016 йил 1 апрель ҳолатига инвесторлар томонидан инвестиция мажбуриятларини бажарилиши доирасида 53 млрд. сўмдан ортиқ ҳамда 202,8 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган. Натижада инвестиция мажбуриятлари инвесторлар томонидан 50,3 фоизга бажарилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан Тошкент вилояти ҳудудида жами 214 та давлат активи оммавий савдолар орқали хусусийлаштирилиши белгиланган бўлиб,  30 та объект оммавий аукционга, 104 та объект оммавий оферта савдоларига чиқарилган ва 80 та давлат мулки объекти белгиланган тартибда 35,4 млрд. сўмга сотилиши таъминланган.  

Шунингдек, муҳокама чоғида сенаторлар томонидан Қонун ҳамда давлат мулкини хусусийлаштириш билан боғлиқ дастурлар ижросини таъминлаш борасида бир қатор камчиликларга ҳам мавжудлиги алоҳида қайд этилди.

Ушбу хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида, мажлис иштирокчилари томонидан соҳага оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, уларни инвентаризациядан ўтказиш, мазкур Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этишда жойларда йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни аниқлаш, соҳага оид қонун ҳужжатлари ва тегишли дастурлар ижроси юзасидан депутатлик назоратини янада кучайтириш каби бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳокама натижаларига кўра, тегишли қарор қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati