O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ватанга садоқат билан хизмат қилиш – муқаддас бурч

20.05.2016

Жорий йилнинг 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида «Мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш борасида фуқаролик бурчи: масъулият, садоқат, дахлдорлик» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Семинар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилди.

Семинар ишида сенаторлар, мудофаа, ички ишлар, адлия, соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси масъул ходимлари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти мудофаа ишлари бўйича бошқармалар ва бўлимлар бошлиқлари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, «Маҳалла» хайрия фонди ва ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда сенаторлар тинчлик ва барқарорлик инсонларнинг бебаҳо бойлиги эканлигини қайд этдилар. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланган мамлакатдаги сокинлик ва аҳоли фаровонлиги, шубҳасиз, мустақилликнинг энг катта ютуғидир.

Қуролли кучлар Ватанимиз ишончли ҳимоя қилинишининг гаровидир. Қуролли кучлар самарали фаолият кўрсатиши учун Ўзбекистонда Ҳарбий доктрина, Ташқи сиёсий фаолият концепцияси, «Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси тўғрисида»ги, «Мудофаа тўғрисида»ги, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунлар, шунингдек суверенитетни, худудий хавфсизликни, аҳолининг тинч ҳаётини ҳимоя қилишга ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган бир қатор бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Мамлакатимизда ҳозирги замон талаблари ва стандартларига жавоб берадиган Қуролли кучларни ислоҳ қилиш, мамлакатимиз мустақиллигининг, ҳудудий хавфсизлигининг, барқарор изчил демократик ривожланишининг ишончли кафолати сифатида миллий армияни шакллантириш юзасидан кенг кўламли ишлар бажарилди. Армиянинг моҳияти, мазмуни ва ҳарбий имкониятлари тамомила ислоҳ қилинди, чақирув муддати бир йилгача қисқартирилди, шунингдек қўшинлар таркиби, уларни тўлдириш, ҳарбий қурол-яроғлар билан жиҳозлаш тартиби ҳам ўзгартирилди, сафарбарлик чақирув захираси хизмати жорий этилди. Олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ҳарбий хизматчи касбининг нуфузи юксалди.

Бу борадаги ишларда ёш инсонларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ватанпарварлик туйғусини, Ватанга сидқидилдан хизмат қилишга интилиш ҳиссини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Ҳарбий чақириққа жалб этиладиган ёшларни тайёрлашга кўмаклашиш мақсадида ҳар йили Ватан ҳимоячилари кунини нишонлаш арафасида анъанага кўра «Ҳарбий чақириққа бошланғич тайёргарлик» фани бўйича энг яхши таълим муассасаси» кўрик-танловлари, «Шунқорлар», «Ёш чегарачилар» ҳарбий-спорт мусобақалари ва бошқа тадбирлар ўтказилади. Ушбу тадбирларга фуқароларнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш органлари, таълим муассасалари, жамоат бирлашмалари, фахрийлар, энг асосийси ёшлар жалб этилади.

Сенаторларнинг қайд этишича, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 2016 йил 8 май куни оммавий ахборот воситалари билан бўлиб ўтган суҳбатда Президент Ислом Каримов қуйидагиларни таъкидлади:

«Бундай мураккаб ва таҳликали вазият, бошимиздан кечираётган шиддатли замон, сўзсиз, барчамиздан доими сезгир, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимизни талаб қилмоқда... Ана шундай кескин вазият давлатимиздан, жамиятимиздан хавфсизликни мустаҳкамлаш, ҳар қандай бало-қазоларнинг юртимизга кириб келишининг олдини олиш, чегараларимизнинг дахлсизлигини, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида замон талаб қиладиган зарур чораларни амалга оширишни тақозо этмоқда».

Ушбу вазифа булғуси даврда устувор вазифа ҳисобланади. Мазкур вазифанинг бажарилиши чақириққа тайёрланувчи ёшларни ўқитиш ва жисмоний тайёрлаш сифатини оширишга, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳамда уларда фуқаролик бурчи ва Ватанга садоқат туйғусини шакллантиришга, атрофида бўлиб ўтаётган воқеалар учун жавобгарлигини ва уларга дахлдорлигини оширишга кўмаклашади.

Ҳарбий чақириққа тайёрланувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлашда, армиядаги тарбиявий ишларни такомиллаштиришда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, «Маҳалла» фонди, «Камолот» ЁИҲ, «Ватанпарвар» мудофаага кўмаклашувчи ташкилотнинг ва бошқа ташкилотларнинг ролини кучайтириш зарурлиги ҳам муҳокама чоғида семинар иштирокчилари томонидан таъкидланди.  

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati