O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ижтимоий дастурлар ижроси сенаторлар эътиборида

19.09.2016

2016 йил 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 майдаги ПҚ-2349-сонли қарори билан тасдиқланган “2015-2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури” доирасида вилоятда амалга оширилган ишларнинг ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимлиги вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Иқтисодиёт, Молия, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш,  Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Давлат санитария назорати ва Ўрта, махсус, касб-ҳунар таълими марказлари, «Давархитектқурилиш», «Ергеодезкадастр» давлат қўмиталари, «Ўздавнефтгазинспекция», «Ўздавэнергоназорат» инспекциялари, «Ўзтрансгаз», «Ўзбекэнерго», «Ўзавтойўл», «Ўзавтосаноат», «Қишлоқ қурилиш инвест» компаниялари, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, «Қишлоқ қурилиш лойиҳа» МЧЖ, Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси ва Назорат-тафтиш бош бошқармаси ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида республикамизда барча вилоятлар айниқса, шаҳарлар ва қишлоқ жойларини миллий анъаналарга ва замонавий шаҳарсозлик талабларига мувофиқ архитектуравий қиёфасини тубдан яхшилаш ҳамда ободонлаштириш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, аҳолига ва хўжалик юритувчи субъектларга кўрсатилаётган хизматлар даражаси ва сифатини ошириш, шунингдек янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу жараёнларни тизимлилигини таъминлашнинг ҳуқуқий асоси сифатида ҳам республика ҳам ҳудудий миқёсдаги аниқ истиқболли дастурлар, Президент қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 майдаги қарори билан тасдиқланган “2015-2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури” ҳам ана шундай ҳужжатлардан биридир.

Сенаторлар томонидан мазкур дастур доирасида 2015 йил ва 2016 йилнинг биринчи ярмида Сурхондарё вилоятида амалга оширилган ишларнинг ҳолати ўрганилди.

Дастурга мувофиқ, 2015 йилда 471 та обектда 885 млрд. 168 млн. сўмлик,               2016 йилда эса 610 та объектда 1 трлн. 495 млрд. 395 млн. сўмлик қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишларини бажариш белгиланган.

Дастур ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳамда Термиз шаҳри ва туманлар ҳокимларининг тегишли қарорлари қабул қилинган. Дастурни амалга ошириш бўйича вилоят ишчи гуруҳи, мониторинг гуруҳи ва соҳалар бўйича кичик ишчи гуруҳлари тузилган. Вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларида сайёр штаблар ташкил этилган.

Дастурга кўра, 2015 йил ва 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сизот сувлар сатҳини пасайтириш, уй-жой фондини босқичма-босқич реконструкция қилиш ва янгилаш, шунингдек Термиз шаҳрини архитектуравий-режали қуришни тубдан янгилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилган.

Термиз шаҳрининг бош режасига кўра, 2 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига Термиз шаҳар кўчаларининг катта қисми кенгайтирилиб, капитал таъмирланган. Жами 85 та объектда, жумладан 46 та кўп қаватли уй, 39 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчаларида бир қатор маъмурий ва хусусий тураржой биноларида кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган. Бу мақсадлар учун қарийиб          75,5 млрд. сўм маблағ сарфланган.

Термиз шаҳри билан бир қаторда вилоятнинг барча туманларида ҳам ана шундай бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бажарилган. Вилоят бўйича электр тармоқларини таъмирлаш ва қайта қуриш бўйича 10 млрд. сўмдан ортиқ, газ таъминотини яхшилаш юзасидан 29 млрд. сўмдан ортиқ, ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида 15 млрд. сўмга яқин, йўл қурилиши ва кўприкларни капитал таъмирлаш бўйича қарийиб 72,5 млрд. сўмлик, янги уй-жойларни қуриш ва мавжудларини капитал таъмирлаш юзасидан 30,5 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган.

Дастурга асосан таълим тизимини ривожлантириш борасида 2015 йилда вилоят бўйича жами 31 та умумтаълим мактаби ва 9 та касб-ҳунар коллежи, шунингдек аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича 10 та даволаш муассаси реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилган. 9 та қишлоқ врачлик пунктлари маҳаллий бюджет ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан мукаммал ва жорий таъмирланган. 2016 йилда яна       13 та тиббиёт муассасида капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари якунига етказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, сенаторлар томонидан амалга оширилган ишлар билан бирга, бажарилаётган ишларнинг дастурда белгиланган муддатлардан орқада қолиш ҳолатлари ва бошқа ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлиги таъкидланди.

Хусусан, йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, аҳолига автотранспорт хизматлари кўрсатилишини яхшилаш борасида вилоят туманларидаги маҳаллий аҳамиятга эга бўлган 5 та автомобиль йўлини капитал таъмирлаш, Термиз шаҳри кичик ҳалқа йўли таркибига кирувчи 5 та объектда қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш учун етарли маблағлар ажратилган бўлса-да, мазкур объектларда қурилиш ишлари бошланмаган.

Шу каби мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида, дастур доирасида аҳолини табиий газ, тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминлашни яхшилаш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт иншоотлари, замонавий тураржой бинолари, савдо объектлари, бозорлар, сервис ва хизмат кўрсатиш тармоқларини бунёд этиш сифатини оширишга қаратилган бир қатор тавсиялар билдирилди.

Муҳокама якунларига кўра тегишли қарор қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati