O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

18.10.2016

Ҳар бир давлатнинг тараққиёти, халқнинг фаровон ва тўкин ҳаёт кечириши, мамлакатнинг турли соҳаларда юксакликка эришишида хотин-қизларнинг мавқеи ва салоҳияти муҳим ўрин тутади.

Жисмонан соғлом ва маънан етук авлодни тарбиялаш, ёшлар, айниқса, аёлларнинг истеъдоди ҳамда ички имкониятларини юзага чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, хусусан, уларга эркаклар билан бир қаторда, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш борасида кўмаклашиш айни дамда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Дунёнинг турли мамлакатларида миллионлаб аёллар ўз оиласи даромадини ошириш мақсадида, ўзи иқтисодий жиҳатдан ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган тарзда яшаб, меҳнат килмоқда. 2014 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 19 ноябрь – Халқаро аёллар тадбиркорлиги куни деб эълон қилинди. Бугунги кунга келиб бу сана 144 та мамлакатда нишонлаб келинмоқда.

Ўзбекистон дунёнинг 125 давлати орасида хотин-қизлар учун қулай шароитлар яратиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди.

2016 йилнинг 18 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “WYNDHAM” меҳмонхонасида “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон иқтисодиётида аёллар тадбиркорлигининг ўрни ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида конференция ўтказилди.

Конференция Ўзбекистон Республикасида аёллар тадбиркорлигининг ҳуқуқий асослари, соҳада аёллар учун яратилган имкониятлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда ушбу соҳадаги халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида ташкил этилди.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркор аёллар, Ўзбекистонда аккредитация қилинган дипломатик ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчилари ўз нутқларида юртимизда хотин-қизлар тадбиркорлигига берилаётган алоҳида эътибор, қабул қилинаётган қонунлар, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари натижасида уларга бор қобилият ва имкониятларини тўлиқ намойиш этиш учун барча шароитлар яратилганлигини таъкидладилар.

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар пировардида аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Барча юртдошларимиз қаторида тадбиркор аёлларимиз нафақат оиласи, балки бутун республикамиз иқтисодиёти ривожига ўзининг билими, ишлаб чиқариш салоҳияти билан улкан ҳисса қўшиб келмоқдалар. Буларнинг самараси ўлароқ, бугун хотин-қизларимизни савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат саноати, чорвачилик, ишлаб чиқариш ҳамда меҳнат кўп талаб қилинадиган бошқа қатор жабҳаларда учратиш мумкин.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда кичик бизнес субъектларининг 120 000 дан зиёдини, хусусан фермер хўжаликларининг 4 минг 550 дан ортиғини хотин-қизлар бошқармоқда.
Сўзга чиққан сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари ҳозирги кунда иқтисодиётда банд бўлган хотин-қизларимизнинг улуши 45 фоизга етганини ҳамда улар орасида аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда ибрат кўрсатиб, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган аёлларнинг сафи тобора кенгайиб бораётганлигини, минглаб аёлларимиз тадбиркорлик соҳасининг турли йўналишларида ишлаб чиқариш корхоналарини очиб, хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратаётганлигини қайд этиб ўтдилар.

Шу билан бирга, муҳокама давомида таъкидланганидек, амалиётда ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммоли масалалар ҳам мавжуд. Чунончи, тадбиркор аёлларнинг бизнес-кўникмалари, шу жумладан инвестиция лойиҳалари билан ишлаш тажрибаси ва ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳудудий бўлимлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва Ассоциация аъзоларига қўшимча имтиёз бериш тизимини ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди.

Конференция иштирокчилари томонидан мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳокама якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati