O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ветеринария соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш – замон талаби

18.10.2016

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ташкил этилган “Ветеринария соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалалари: муаммолар ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбати ишида сенаторлар, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вазирликлар ва идоралар, Ветеринария давлат бош бошқармаси, Ўзбекистон Фермерлар кенгашининг масъул ходимлари, фермер хўжаликлар раҳбарлари, Тошкент давлат аграр университети олимлари ва ўқитувчилари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Сенаторлар чорвачиликни ривожлантириш қишлоқда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналиши эканлигини таъкидладилар. “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Ушбу қонунлар асосида ишлаб чиқилган қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳайвонларни касалликлардан ҳимоя қилиш, аҳолини инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан асраш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий ва институционал механизмларини яратишга кўмаклашди.
Натижада охирги беш йилда қўй-эчкилар 20 фоизга, йирик қорамол боши 21 фоизга, паррандалар 50 фоизга кўпайди. Бу ўз навбатида гўшт ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 30 фоизга, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 38 фоизга, тухумлар миқдорини 62 фоизга ошириш имконини берди.
Айни пайтда мамлакатда 6456 та паррандачилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. 362 та йирик хўжаликда 12 млн. 500 минг парранда сақланмоқда. Балиқчиликни ривожлантириш учун жорий йилда қўшимча равишда 859 та балиқчилик хўжалиги очилиб, шунинг ҳисобига 2889 та иш ўрни яратилди.
Ветеринария хизматини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш ушбу соҳани янада ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Ҳар йили биринчи курсга 225 нафар ўғил-қиз қабул қилинадиган Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида, 25 нафар талаба қабул қилинадиган Тошкент давлат аграр университетида, 20 нафар талаба қабул қилинадиган Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиалида бу йўналишда кадрлар тайёрланмоқда. Ушбу олий ўқув юртлари томонидан 2012–2016 йиллар мобайнида “ветеринария” мутахассислиги бўйича 933 нафар мутахассис тайёрланди. Бундан ташқари, мамлакатнинг 141 та касб-ҳунар коллежида ветеринар техник, фельдшер, лаборантдан иборат ўртача махсус маълумотли кадрлар тайёрланмоқда. Охирги беш йилда ушбу таълим муассасаларида 3647 нафар мутахассис тайёрланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 9 та республика ветеринар муассаса, Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 та давлат ветеринария бошқармаси, 148 та давлат ветеринария лабораторияси, 195 та туман ва шаҳар давлат ветеринария бўлими, деҳқон бозорларида 211 та ветеринария-санитария экспертизаси ўтказиладиган лаборатория, шунингдек давлат чегарасида ва транспортда 27 та давлат ветеринария пункти фаолият кўрсатмоқда. Ушбу муассасаларда 8349 нафар ходим ишламоқда.
Таҳлил кўрсатганидек, мамлакатда ветеринария кадрлари билан таъминланганлик 40 фоизни ташкил этади. Бунда бугунги кунда давлат ветеринария хизматларида олий маълумотли 1059 нафар ветеринар етишмаётганлигини қайд этиш лозим.
Муаммонинг долзарблигидан келиб чиқиб ва уни ҳал қилиш мақсадида 2016 йил 8 август куни “Ветеринария хизмати ёш кадрларини тайёрлашни янада такомиллаштириш, мутахассисларининг малакасини ошириш, шунингдек уларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2016 йил 25 октябрь куни “Давлат ветеринария хизмати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди. Ушбу қарорларда минтақанинг ўзига хос хусусиятларини ва иқтисодиёт тармоқлари реал секторининг муайян эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ветеринария соҳасидаги олий таълим муассасаларига талабалар қабул қилиш йиллик квотасини ошириш ҳамда Давлат ветеринария бош бошқармаси ваколатларини янада кенгайтириш, унинг ветеринария соҳасидаги кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашдаги мақомини ошириш назарда тутилган.
Муҳокама чоғида тадбир иштирокчилари томонидан тор доирадаги мутахассисликларни инобатга олган ҳолда ветеринар кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасини жорий этиш, ветеринария хизмати мутахассисларини рағбатлантириш услубиятини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Тадбир иштирокчилари аҳоли орасида эпизоотга қарши тадбирларни, шунингдек ҳайвонларни сақлашга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлар тўғрисида тушунтириш ишларини ўз вақтида ўтказиш муҳимлигини таъкидладилар.
Муҳокама якунларига кўра тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati