O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Сенаторлар миллий спорт турларини ва халқ ўйинларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар

17.10.2016

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Олимпия шон-шуҳрати музейида Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Полвонлар миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган “Мамлакатимизда миллий спорт турларини ва халқ ўйинларини ривожлантириш борасида эришилган ютуқлар ва долзарб муаммолар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг раҳбарлари ва масъул ходимлари, Ўзбекистон Полвонлар миллий маркази Кенгаши раҳбарлари ва аъзолари, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор давлат, жамоат ҳамда спорт ташкилотлари вакиллари, “Сиз полвонларингизни биласизми?” танловининг вилоят ва республика ташкилий қўмиталари аъзолари, “Камолот” ЁИҲ, “Маҳалла” фонди, Хотин-қизлар қўмитаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари, мамлакатимизнинг таниқли курашчилари иштирок этдилар.

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллий-маънавий қадриятлар, анъаналар ва урф-одатларни, халқимизнинг тарихий ва маданий ёдкорликларини тиклаш бўйича улкан ишлар олиб борилди. Ўсиб бораётган ёш авлод бугун миллий ғоя, қадриятлар ва анъаналар асосида тарбияланмоқда. Спорт баркамол шахс тарбиясида муҳим ўрин эгаллайди.

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг ҳуқуқий базаси босқичма-босқич такомиллаштириб борилмоқда. 2015 йилда “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармонлари ва қарорлари, ҳукумат қарорлари, давлат дастурлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Оммавий спортни ривожлантириш масалалари давлатнинг устувор сиёсатига айланди.

Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган анъанавий спорт турларини ривожлантириш билан бир қаторда Ўзбекистонда миллий спорт турларини ва халқ ўйинларини тиклаш, шу жумладан миллий спорт тури – курашни халқаро спорт майдонига олиб чиқиш бўйича катта ишлар олиб борилди. 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг “Халқаро “Кураш” Ассоциациясини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Халқаро курашни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Давлатнинг доимий кўмагида ўзбек халқининг фахр-ифтихори бўлмиш кураш халқаро миқёсда эътироф этила бошланди.

Ҳозирги вақтда жаҳоннинг 102 мамлакатида кураш федерациялари ташкил этилиб, улар ўз фаолиятида ўзбек миллий курашининг қоидаларига риоя қилмоқда, “кураш” атамаларидан кенг фойдаланмоқда. Ушбу миллий спорт тури бўйича Осиё, Европа, Америка ва Африка мамлакатлари спортчилари иштирокида қитъа ва жаҳон мусобақалари ўтказилмоқда.

Халқаро спорт майдонида мамлакатимизни дунёга таниттган спортчилар номларини тарих саҳифаларига муҳрлаб қўйиш миллий маънавий қадриятимизнинг муҳим қисми бўлиб, мамлакатимиз тарихидаги янги саҳифа, халқимиз  ғурур ва ифтихори белгисидир, шунингдек ёшларда Ватанга, спортга меҳр ва ўзига бўлган ишончни шакллантиришда ҳам беқиёс аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Полвонлар миллий маркази нодавлат ташкилотларидан бири бўлиб, унинг фаолияти вақт ўтиши билан унутилган Олимпиада, жаҳон биринчилиги ва Осиё ўйинлари чемпионлари ҳамда совриндорлари, ҳозирда якка кураш бўйича Ўзбекистон фахрийлари бўлган шахсларнинг номлари ва таржимаи ҳолларини тиклаш билан боғлиқ. Марказ якка кураш бўйича машҳур спорт фахрийларини ва амалдаги спортчиларни фаол ижтимоий ҳаётга жалб қилишга доир тадбирларни ўтказишда давлат органларига кўмаклашмоқда, уларни ишга жойлаштиришда, шу жумладан уларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда ёрдам бермоқда. Шунингдек, Марказ якка кураш бўйича фахрийларнинг ўқувчи ёшлар ва ёш спортчилар билан учрашувларини ҳам ўтказмоқда.

Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Сиз полвонларингизни биласизми?”, “Ёш полвонлар” тўгараги ва “Фахрий полвонларни рағбатлантириш кенгаши” танловларининг низомлари ишлаб чиқилди. 2011, 2013, 2016 йилларда республика умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари орасида “Сиз полвонларингизни биласизми?” танлови ўтказилди. Ҳозирги вақтда умумтаълим мактабларида                          4 150 та тўгарак ва 1 140 та “Ёш полвонлар тўгараги” фаолият кўрсатмоқда. 2009–2016 йиллар мобайнида марказ томонидан республика бўйлаб 200-500 йиллик тарихга эга полвонлар сулоласи ўрганиб чиқилди ва аниқланди. Ҳар бир сулоланинг насл-насабини ўрганиб чиқиш орқали полвонларнинг бир тизимга солинган номлари тикланди.  

Республика фахрий полвонларининг таржимаи ҳолини ва уларнинг миллий спорт турларини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини ўрганиш асосида Ўзбекистон Полвонлар миллий маркази томонидан энциклопедия шаклида 14 та тасвирий эксклюзив материал тўпланди ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондига топширилди.

Марказ ташаббуси билан спорт тарихчилари ва олимлари билан ҳамкорликда йўқолиб кетган “Бел олиш” ва “Уч кураш” миллий кураш турларини ва “Қараб теп” миллий ўйинини тиклаш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилди. Ҳозирда мутахассислар томонидан уларни замонавий спорт ўйинлари кўринишида тиклаш ишлари олиб борилмоқда ҳамда улар бўйича тегишли қоидалар ишлаб чиқилган. Шу тарзда Марказ томонидан 30 дан ортиқ халқ ўйинлари тарихи ўрганиб чиқилмоқда.

Халқаро олимпия қўмитаси, ЮНЕСКО ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан таъсис этилган TAFISA “Спорт барча учун” Халқаро Ассоциациясининг тенг ҳуқуқли аъзоси  сифатида Ўзбекистон Полвонлар миллий маркази 2012 йилда Шауляй шаҳрида ўтказилган бешта Бутунжаҳон миллий ўйинларида иштирок этди. Унда 80 та мамлакат вакиллари билан бир қаторда ўзбекистонликлар бутун дунёга миллий анъаналарни ва халқ спорт ўйинларини намойиш этдилар. Ҳозирда Марказ томонидан қадимдан мавжуд бўлган халқ ўйинларини оммалаштириш, машҳур якка курашчи полвонлар номларини тиклаш ва уларнинг тажрибасини ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш, ёшларда Ватанга, спортга меҳр ва садоқат туйғуларини, миллий-маънавий қадриятларга ҳурмат-эътиборни шакллантириш бўйича аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқда.

Муҳокама чоғида давра суҳбати иштирокчилари ўзаро фикр алмашдилар, спортнинг якка кураш турига кирадиган миллий спорт турларини ва халқ ўйинларини тиклашда, Ўзбекистон Полвонлар миллий маркази томонидан ўтказилаётган танловлар ва фестивалларни оммалаштиришда Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига бир қатор тавсия ва таклифлар бердилар.

Муҳокама якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati