O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Парламент назорати кучайтирилмоқда

14.06.2016

2016 йил 14 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган «Мустақиллик йилларида парламент назоратини такомиллаштириш масалалари: қонунлар ва давлат дастурларининг ижросини таъминлашда депутатлар ва ҳамда сенаторларнинг роли» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Семинар ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди ва Бош прокуратураси, вазирлик ва идоралари, Ҳисоб палатаси вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек Тошкент давлат юридик универститети, Давлат қурилиши академияси олим ва ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Юристлар малакасини ошириш маркази ходимлари иштирок этдилар.

Семинарда парламент аъзолари томонидан Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг қонун чиқарувчи ҳокимият тубдан ислоҳ қилингани, миллий парламент фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилгани қайд этилди. Олиб борилган босқичма-босқич ислоҳотлар ўз фаолиятини профессионал асосда олиб борадиган икки палатали парламентни ташкил этишга кўмаклашди.

Парламент фаолиятини демократлатириш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш жараёнида давлат ҳокимияти органлари тизимида унинг роли ва аҳамияти сезиларли даражада юксалди. Жумладан, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига парламент назорати институтини конституциявий мустаҳкамлашга, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг назорат қилиш вазифаларини янада кенгайтириш ва кучайтиришга, қонун ҳужжатлари ижро этилиши учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг жавобгарлигини оширишга қаратилган тузатишлар киритилди. Бугун парламент давлат ҳокимияти органлари орасида ўзаро мувозанат ва тийиб туриш тизимини сақлашда муҳим роль ўйнамоқда. Бунда парламентнинг нафақат қонун ижодкорлиги билан, балки давлат органлари фаолияти устидан назорат қилиш билан боғлиқ вазифалари мавжудлигини алоҳида қайд этиш зарур.

Шунингдек Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 12 апрелда қабул қилинган ва кучга кирган «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуни ҳам парламент фаолиятидаги муҳим воқеа бўлди. Мазкур Қонун Олий Мажлиснинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича фаолиятини янада такомиллаштиришга, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг парламент олдидаги жавобгарлигини кучайтириш имконини берадиган қўшимча механизмларни жорий этишга қаратилган. «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг асосий мақсади – Конституция ва қонунлар талабларининг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ягона бир тизимга солинган қонунчилик базасини яратишдан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари зиммасига юклатилган вазифа ҳамда функциялар, шунингдек энг муҳим давлат дастурлари ижроси бўйича мазкур органларнинг жавобгарлигини ва фаолияти самарадорлигини оширишдан иборат. Қонунда парламент субъектлари ва объектлари белгилаб берилди, унинг шакллари мустаҳкамлаб қўйилди, парламент назорати натижалари юзасидан кўриладиган чора-тадбирлар, унинг натижалари бўйича иш юритиш механизмлари тартибга солинди. Жумладан, Олий Мажлис палаталари, палаталар қўмиталари (комиссиялари), сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари, депутатлар ва сенаторлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) парламент назорати субъектларига киради.
Муҳокама чоғида парламент аъзолари шуни қайд этдиларки, бугун Олий Мажлиснинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича фаолиятини янада такомиллаштириш давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, қонун, қонунийлик устуворлигини, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ижросини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш юзасидан жавобгарлигини ошириш билан боғлиқдир. Шу муносабат билан Давлатимиз раҳбари қуйидагиларни таъкидлагандилар: «Янги конституциявий шароитда парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунчилик талабларининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш, депутатларнинг сўровларига атрофлича жавоб қайтаришни таъминлаш парламентнинг кундалик иши бўлмоғи зарур».  

Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенат аъзосининг сўрови парламент назорати шаклларидан биридир. Жумладан, Қонунчилик палатаси депутати давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига тегишли сайлов округи ёки Ўзбекистон Экологик ҳаракати сайловчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари юзасидан, Сенат аъзоси эса тегишли минтақалар манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан асосли изоҳ бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан сўров юборишга ҳақли. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўровига, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, сўров қабул қилинган кундан бошлаб ўн кундан кечикмай ёзма жавоб юборадилар.

Семинар иштирокчилари ўз нутқларида парламент сўровини юборишнинг назарий-ҳуқуқий жиҳатлари, парламент назоратини амалга оширишда депутат ва сенаторларнинг ролини ошириш, улар томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига сўровлар юбориш хусусиятлари, ушбу соҳада тўпланган миллий ва чет эл тажрибаси тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Семинарда муҳокама этилган масалалар юзасидан парламент назоратини амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, парламентнинг бу борадаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор аниқ таклифлар ҳам билдирилди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 
ахборот хизматлари

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati