O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида
АХБОРОТ

10.12.2016

 

 

2016 йил 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йулдошев олиб борди.

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисини шу йилнинг 13 декабрь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сенат ялпи мажлисининг муҳокамасига аҳоли турмуш даражасини янада оширишни ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришни, иқтисодиёт ўсишининг юқори ва барқарор суръатларини таъминлашни, аҳолини иш билан таъминлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги, шунингдек 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисидаги масалаларни киритиш режалаштирилмоқда.

Сенат ялпи мажлисининг кун тартибига мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини босқичма-босқич ислоҳ қилишга ҳамда эркинлаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилмоқда. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонунлар шулар жумласидандир.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатларига тааллуқли бўлган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилади.

Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг ҳамда девонининг саккизинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишларини мувофиқлаштириб туриш учун Кенгаш томонидан тегишли ишчи гуруҳ тузилди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati