O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши тўғрисида ахборот

08.07.2016

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддаси, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси, «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8, 10 ва 11-моддаларига мувофиқ, жорий йилнинг май-июнь ойларида мамлакатимизда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 8 июлдаги кенгайтирилган йиғилишида мазкур сайлов натижалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда Сенат Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси аъзолари, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг масъул ходимлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлимлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда таъкидланганидек, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда талабчанликни кучайтириш мактабига айланди.

Бу галги фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнлари чуқурлашиб бораётган, сифат жиҳатидан янги ижтимоий-иқтисодий шароитда бўлиб ўтди. Мазкур сайловларда мамлакатимиз аҳолиси ушбу жараённинг мазмун-моҳиятини чуқур тушунишларини ҳамда ижтимоий фаоллигини кўрсатиб, ўз маҳалласи учун масъулиятини, жамиятимиздаги демократик ўзгаришларга дахлдорлигини яққол намойиш этди.

Сайловни юқори ташкилий савияда ташкил этиш ва ўтказиш, «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ фуқаролар йиғинларининг органларини шакллантиришда кенг иштирок этиш борасидаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўла-тўкис рўёбга чиқариш учун ташкилий-ҳуқуқий шароитларни таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги қарори билан Сенат Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси тузилди, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режаси тасдиқланди, унга мувофиқ аҳоли ўртасида соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, тушунтириш ҳамда тегишли ҳудудда доимий яшайдиган фуқароларнинг фикрларини ҳисобга олган ҳолда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларда ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган энг муносиб фуқароларнинг сайланишини таъминлаш бўйича жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари сессияларида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил қилиш ва ўтказишга кўмаклашиш бўйича комиссиялар, 9764 та фуқаролар йиғинида ишчи гуруҳлар тузилди.

Олий Мажлис Сенати Кенгаши Комиссияси томонидан «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ҳудудий, туман ва шаҳарлар комиссиялари ҳамда ишчи гуруҳлари аъзолари учун соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳамда сайловни ташкил қилиш ва ўтказиш тартибини тушунтириш бўйича 1600 та семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Сайловни ташкил қилиш ва ўтказишда фуқаролар йиғинлари, кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳларга услубий ёрдам сифатида Сенат Кенгаши Комиссияси томонидан тегишли брошюралар, сайлов ҳужжатлари намуналари, методик тавсиялар тайёрланди ва тарқатилди. Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жойларда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган журналистлар учун ҳудудий семинар-тренинглар ўтказилди.

«Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қоидаларини тушунтириш, шунингдек сайлов жараёнларини самарали ташкил этиш масалалари бўйича марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ҳамда Интернет нашрларида 1880 та материаллар чоп этилди, 2014 та телекўрсатувлар, радиоларда 2500 дан ортиқ чиқишлар, 10 та ижтимоий ролик тайёрланди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ, сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишга ҳар томонлама кўмак беришди, зарур ҳолларда бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланди.

Амалга оширилган ишлар аҳолининг сиёсий онгини юксалтиришда ва сайловларни ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи тамойиллари асосида ўтказиш, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари этиб энг муносиб фуқароларнинг сайланишида муҳим роль ўйнади.

Умуман, сайлов жараёнларида 9764 нафар фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг 105 мингдан ортиқ маслаҳатчилари сайланди.

Янги сайланган раисларнинг 73,6 фоизи олий маълумотли, 82,4 фоизи давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар тизимида ва тадбиркорлик соҳасида бошқарув иш тажрибасига эга, 67 фоизи ушбу  лавозимга биринчи марта сайланди. Раисларнинг 865 нафари аёллардир.

Шунингдек, сайланган фуқаролар йиғинлари раислари маслаҳатчиларининг 51,1 фоизи олий маълумотга эга бўлса, 25,4 фоизини аёллар ташкил қилади. Уларнинг 53,3 фоизи ушбу вазифага биринчи марта сайланди.

Сайлов натижалари таҳлили аҳолининг сайлов жараёнларида ижтимоий фаоллиги ошганлиги, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини ҳамда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни она Ватанга ва миллий истиқлол ғоясига садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларидаги ўрни ва аҳамияти долзарб аҳамиятга эга эканлигини кўрсатди.

Масалани муҳокама қилиш чоғида йиғилиш қатнашчилари янги сайланган фуқаролар йиғини раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 июндаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарори ижросига қаратилган ташкилий-амалий, маданий-маърифий, ахборот-тушунтириш тадбирлари дастурини, шунингдек, «Соғлом она ва бола йили» давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишлари муҳимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, Сенат Кенгаши сайлов натижалари бўйича фуқаролар йиғинлари органларини шакллантириш, шу жумладан фуқаролар йиғинлари Кенгашларини, фаолиятнинг асосий йўналишлари бўйича комиссияларни ва тафтиш комиссияларини сайлаш, шунингдек янги сайланган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари учун соҳага доир қонун ҳужжатларининг асосий қоидаларини тушунтириш бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш ҳамда уларнинг малакасини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилди.

Шу куннинг ўзида Миллий матбуот марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови якунларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati