O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ташқи сиёсий фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди

08.06.2016

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг ташаббуси билан ва бевосита унинг раҳбарлиги остида ишлаб чиқилган мамлакатимизнинг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги мақсад ва вазифалари, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ифода этиш механизмлари аниқ белгилаб берилган эди. Мазкур ҳужжатда ушбу соҳада қўйилган вазифаларнинг бажарилишига эришиш Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий йўлининг рўёбга чиқарилишини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашни мунтазам такомиллаштириб боришни ҳамда давлатимизнинг халқаро стратегиясини самарали амалга ошириш учун зарур бўлган қонунчилик базасини такомиллаштиришга доир аниқ таклифларни тайёрлашни назарда тутиши қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 2016 йил 8 июнь куни «Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини тузиш ва ижро этишнинг қонунчилик асосларини янада такомиллаштириш бўйича долзарб масалалар» мавзусида бўлиб ўтган конференция ушбу масалаларни муҳокама этишга бағишланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилди.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ва Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, олимлар ҳамда экспертлар, олий ўқув юртлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Конференция иштирокчилари ўз нутқларида Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёти йилларида ҳар томонлама пухта ўйланган, миллий манфаатларимизга асосланадиган, жаҳонда кенг эътироф этилган ва мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини мустаҳкамлаган ташқи сиёсий йўли шакллантирилганлигини таъкидладилар. Давлатимиз ташқи сиёсатининг фундаментал принциплари ва стратегик устувор йўналишларини белгилаб берган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз ташқи сиёсатининг ҳуқуқий базасини ривожлантиришда энг муҳим қадам бўлди.

Хусусан, ушбу ҳужжатда қайд этилишича, Олий Мажлис ўзининг конституциявий ваколатлари доирасида мамлакатимиз ташқи сиёсий фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича қонун ҳужжатларини ишлаб чиқади, кўриб чиқади ва қабул қилади. Олий Мажлис Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мақсадлари ҳамда вазифаларига эришишда фаол иштирок этади, унинг қонунчилик базасини такомиллаштириш юзасидан мунтазам ва кенг қамровли ишларни бажаради.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон 200 дан ортиқ универсал халқаро шартномаларга қўшилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларининг устуворлиги принципини белгилаб бериб, уларга риоя қилиш учун зарур бўлган ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга доир мажбуриятларни ўз зиммасига олди.

Маърузалар билан сўзга чиққан вазирлик ва идораларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномавий мажбуриятларини рўёбга чиқариш уларнинг бажарилишини мониторинг ва назорат қилиш каби институциявий воситалар ёрдамида таъминланаётганлигини қайд этиб ўтдилар. Ушбу соҳадаги миллий қонун ҳужжатларини ижро этиш, шунингдек Ўзбекистон томонидан қабул қилинган халқаро мажбуриятларни татбиқ этиш масалалари Олий Мажлис палаталари қўмиталарининг доимий назорати остида туради.

Шу билан бирга, муҳокама давомида таъкидланганидек, амалиётда ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммоли масалалар ҳам мавжуд. Чунончи, халқаро шартномаларни қабул қилиш ва бажариш тартиб-таомилларини белгилайдиган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда айрим бўшлиқлар мавжуд. Айрим вазирликлар ва идораларнинг халқаро шартномалар лойиҳалари бўйича хулосаларни сифатли ва ҳар томонлама асосли тайёрлашга тегишли муносабатда бўлмаётганлиги қайд этилди. Халқаро шартномалар лойиҳаларини вазирлик ва идоралар билан келишиш тартиб-таомили вақт ҳамда мазмун жиҳатидан аниқ белгилаб қўйилиши талаб этилади.

Конференция иштирокчилари томонидан халқаро шартномалар лойиҳалари бўйича эксперт хулосаларини тайёрлаш сифатини оширишга, ушбу соҳадаги илмий изланишларни кучайтиришга, халқаро шартномалар тузишнинг, шунингдек улар бўйича мажбуриятлар Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари томонидан ижро этилишининг ҳуқуқий асослари ҳамда механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳокама якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati