O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ветеринария фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди

07.01.2016

Мамлакатимизда барча жабҳада, хусусан, ветеринария хизматини ривожлантириш, аҳолини ҳайвонлар ва одам учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилиш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Бинобарин, республика ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоялаш, бошқача айтганда, ветеринария осойишталигини таъминлаш энг муҳим ва долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Ушбу муносабатларни тартибга солиш мақсадида яқинда қабул қилинган ва кучга кирган янги таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бу борадаги ишларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир. Бу ҳақда парламент аъзолари ва экспертлар фикрлари билан қизиқдик.

Бахадир ТАЖИЕВ,
Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари:
— Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш, жамиятда тиббий мувозанатни сақлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётир. Айниқса, аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилаяпти.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида ҳайвонлар касалликлари, инсонлар учун ҳам хавфли бўлган юқумли хасталиклар сони кўпайган, уларнинг тарқалиш хавфи ортган бир шароитда мамлакатимиз аҳолисини бундай хавфлардан ўз вақтида ҳимоя қилиш, уларни сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Янги таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги Қонунда бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўз навбатида, мазкур Қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, унинг ҳудудлардаги ижросини таъминлашга катта эътибор қаратишимиз ҳаётий заруратдир. Чунки унинг ишлаш механизми, ҳаётга янада чуқурроқ кириб бориши, аввало, одамларнинг Қонунни қанчалик яхши билиши ва тушунишига бевосита боғлиқ. Шундай экан, бу борадаги амалий тадбирларни кўпайтириш, мазкур соҳа мутахассислари билим ва малакасини ошириш, жойларда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, бунда, албатта, ижтимоий шериклик муносабатларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Тўлқин ЭШНАЗАРОВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси:
— Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг эски таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги Қонуни мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида қабул қилинган эди. Унинг нормаларини қўмитамиз томонидан инвентаризация қилиш жараёнида аниқланган айрим камчиликлар, қайд этиш жоизки, Қонунни янги таҳрирда тайёрлашда қўл келди. Шу билан бир қаторда, унда ветеринария осойишталигини таъминлашга йўналтирилган ўндан ортиқ янги моддалар киритилди.
Ўтган давр мобайнида соҳага оид қабул қилинган 33 та қонуности ҳужжати ўрганилиб, улардаги аксарият нормалар Қонунга сингдирилгани эътиборли жиҳатлардан бири бўлди. Бу эса Қонун нормаларининг амалиётда тўғридан-тўғри ишлашига имкон яратади.
Жумладан, профилактика, диагностика ва даволаш тадбирлари, ветеринария соҳасида лаборатория синовлари, ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчаларининг муомалада бўлишига талаблар, чорва молларини сўйишда ветеринария талаблари, давлат ветеринария назорати остидаги товарларни ишлаб чиқаришда ҳамда муомалада бўлишига ветеринария талаблари, биологик чиқиндиларнинг муомалада бўлиши ва уларни йўқ қилишда ветеринария талаблари кабилар шулар сирасига киради.

Рустам ҚОБИЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси:
— Янги таҳрирдаги Қонунда ветеринария масалаларини ҳал қилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролар иштирокининг ҳуқуқий асосларини белгиловчи моддалар киритилгани ижтимоий шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бугунги кунда ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар ислоҳотларимизнинг фаол иштирокчисига айланиши мақсадга мувофиқдир. Ва, албатта, бу Қонун ижросини таъминлашда ўз самарасини беради.
Бинобарин, мазкур ҳуқуқий ҳужжатда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ветеринария соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиши, эпизоотияга қарши тадбирларни ўтказишда тегишли ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориши белгилаб қўйилди. Бу, шунингдек, тегишли ҳудудда ветеринария соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширишга имкон яратади.
Шунингдек, Қонунда ҳайвонот оламига мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлашдаги давлат ветеринария назоратининг ўрни, уни амалга ошириш тамойиллари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ҳамда хавфсизлигини таъминлаш бўйича белгиланган қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик масаласи аниқлаштирилди. Бу эса аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш, пировардида уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Баҳром НОРҚОБИЛОВ, 
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғи:
— Маълумки, ветеринария соҳаси ходимлари мамлакат ҳудудини ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари кириб келишидан муҳофаза қилиш, гўшт ва сут маҳсулотларининг ветеринария хавфсизлигини таъминлаш, ҳайвонларни юқумли хасталикларга қарши ўз вақтида профилактик эмлаш каби муҳим вазифаларни бажариб келмоқда. Натижада хориждан республикамиз ҳудудига инсонлар ҳамда ҳайвонлар учун умумий бўлган ўта хавфли юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалишининг олди олиниб, мамлакатда барқарор эпизоотик вазият сақланмоқда.
Ўз навбатида, янги таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги Қонун бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришга, мамлакатимизда аҳолининг ҳамда ҳайвонларнинг ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза қилинишини таъминлашга, чорва моллари касалликлари пайдо бўлишининг, тарқалишининг олдини олишга ва уларни тугатишга хизмат қилади. Аҳоли ҳамда ҳайвонларни улар учун умумий бўлган касалликлардан, республика ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли хасталиклари олиб кирилишидан самарали муҳофаза қилиш имконини беради. Аслида бундан кўзланган мақсад ҳам ана шудир.
Шунингдек, Қонунда чорва эгаларининг мажбуриятлари ҳамда эпизоотик тадбирларни амалга оширишда давлат, идоравий ва хусусий ветеринария хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш масалалари акс эттирилиб, ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизмати ҳамда хусусий ветеринария фаолиятида ҳайвонларга хизмат кўрсатишни амалга ошириш меъёрлари белгилангани долзарб аҳамиятга эгадир.
Умуман айтганда, янги таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги Қонун ветеринария соҳасидаги муносабатларни бошқариш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солишга хизмат қилади.


«Халқ сўзи» мухбири
Зиёда АШУРОВА ёзиб олди

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati