O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот

05.03.2016

Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари ваколатлари муддати шу йил май – июнда тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасига, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси ҳамда «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8, 10 ва 11-моддаларга мувофиқ, мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига навбатдаги сайловни ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Бу йил 9764 нафар фуқаролар йиғини раисини ва уларнинг 99 минг нафардан ортиқ маслаҳатчисини сайлаш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг шу йил   5 мартда бўлиб ўтган мажлисида фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида маҳалла институтининг мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ишончли таянчи ва таъсирчан кучи бўлиб хизмат қилишига зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилди. Натижада ушбу ноёб тузилма жамиятимиз ҳаётининг энг самарали, айни пайтда миллий кўриниши сифатида юртимизда амалга оширилаётган «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» деган тамойилнинг амалий ифодасига, кенг халқ оммасини давлат, ҳокимият идоралари билан боғлаб турувчи мустаҳкам кўприкка айланди.

Мажлисда таъкидлаб ўтилганидек, ўтган давр мобайнида ўтказиб келинган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда талабчанликни кучайтириш мактабига айланди.

2016 йилда бўлажак фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови юқоридаги қонунлар нормаларининг талабларига мувофиқ, жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнлари чуқурлашиб бораётган, сифат жиҳатидан янги ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий шароитда бўлиб ўтади.

Муҳокама жараёнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг аъзолари томонидан таъкидлаб ўтилганидек, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасидаги энг муҳим талаблар ҳамда мақсадли вазифалар фуқаролар йиғинларининг органларини шакллантиришда кенг иштирок этиш борасидаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўла-тўкис рўёбга чиқариш учун ташкилий-ҳуқуқий шароитларни таъминлашдан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари сайлови жараёнининг барча иштирокчилари томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз ва оғишмай риоя этилишидан, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар билан, уларнинг ишчанлик ва ахлоқий фазилатлари билан фуқароларни таништиришдан иборат. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловни демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг ғоят муҳим омили бўлган ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида тайёрлаш ва ўтказишнинг боришини кенг ёритиш бўйича самарали ахборот-таҳлил ишини олиб бориш, шунингдек, сайлов жараёнига ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб этиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш талаб қилинади.

Масалани муҳокама қилиш якунлари бўйича олдинги сайловларнинг тажрибасини ва қонун ҳужжатларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида» қарор қабул қилиб, унда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш муддати қилиб 2016 йил май – июнь ойларини белгилади, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режасини, сайлов бюллетенлари намуналарини тасдиқлади.

Шунингдек, Кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси тузилди ва унинг таркиби тасдиқланди. Комиссия таркибига парламент иккала палатаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, бошқа вазирлик ва идораларнинг вакиллари киритилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

 

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati