O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Олий Мажлис Сенатида учрашув

02.12.2016

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 2016 йил 2 декабрь куни Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутатлари Элдор Ибрагимов, Элман Носиров, Сиёвуш Наврўзов билан учрашув бўлиб ўтди. 

Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари Светлана Ортиқова билан суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ижтимоий, сиёсий, маданий-маърифий соҳалардаги самарали ҳамкорлик мамлакатлар ривожида муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. Икки халқ ўртасидаги азалий дўстлик, биродарлик, оға-инилик ришталари узоқ ўтмишга бориб тақалади. 

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев томонидан Ўзбекистон – Озарбайжон ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, мустаҳкам ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосида йўлга қўйилган ҳамкорлик бундан буён ҳам изчил давом этиши, самимий алоқалар янада такомиллашиб бориши қайд этилди. 

Учрашувда икки мамлакатнинг парламентлари ва сайлов тизими, бу борадаги ўзгариш ва янгиликлар хусусида фикр алмашилди.

– Мамлакатингизда ўтадиган сайлов жараёнларида кузатувчи сифатида иштирок этаётганимиздан мамнунмиз, – деди Э.Ибрагимов. – Ҳар гал бетакрор Ўзбекистонга келганимизда бу ердаги самимий инсонлар, меҳмондўст ўзбек халқига ҳурматимиз яна бир бор ошади. Ўзбекистонда сайловга пухта тайёргарлик кўрилган. Партияларнинг фаоллиги, номзодларнинг тарғибот тадбирлари тенг шароитда, демократик тамойилларга мос тарзда амалга оширилган. Бу мазкур сиёсий тадбирнинг юқори савияда ўтишида муҳим аҳамиятга эга. 

 

 

ЎзA

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati