O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ж. Неру номидаги Халқаро тадқиқотлар университети мактаби қошидаги Россияни ва Марказий Осиёни ўрганиш марказининг директори, профессор С.Пандей билан учрашув

01.12.2016

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 2016 йил 1 декабрь куни Сенат Раиси ўринбосари С.Артикованинг Ж. Неру номидаги Халқаро тадқиқотлар университети мактаби қошидаги Россияни ва Марказий Осиёни ўрганиш марказининг директори, профессор С.Пандей билан учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур учрашув С.Пандейнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиши доирасида ташкил этилди. Учрашувда Сенат Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Т.Мадумаров ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети  проректори И.Ахмедов ҳам иштирок этди.

Учрашув бошида С.Артикова Олий Мажлис юқори палатасининг биносига ташриф буюрган С.Пандейни қутлаб, уни Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, мамлакатни сиёсий модернизация қилишга, парламентаризмни ривожлантиришга ва ҳокимиятнинг қонунчилик тармоғи ролини кучайтиришга доир тадбирлар дастури ҳақида хабардор қилди. Бунда мамлакатда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар демократик ўзгаришлар нутқаи назаридан рўёбга чиқарилганлиги таъкидланди.

Шундан сўнг меҳмон сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ташкилий-амалий жиҳатлари, бўлғуси сайловнинг Ўзбекистонни янада барқарор ривожлантириш ҳамда нафақат республикада, балки бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун катта аҳамият эга эканлиги ҳақида хабардор қилинди.

С.Пандей Сенатда илиқ қабул учун миннатдорчилик билдириб, у ўн уч йилдан буён Ўзбекистонни ўрганаётганини ҳамда президент ва парламент сайловларида Ўзбекистонга халқаро кузатувчи сифатида бир неча бор ташриф буюрганини маълум қилди. “Мен учун Ўзбекистон иккинчи ватанимдир. Мамлакатингиз тарихан қисқа даврда иқтисодиётда, саноатда, ижтимоий сиёсатда, спортда ва бошқа соҳаларда катта муваффақиятларга эришганини қайд этишдан бағоят хурсандман”, – дейди С.Пандей.

С.Пандей Ўзбекистонга ташрифи чоғида пойтахтдан тортиб, то олис қишлоқларгача мамлакатнинг деярли барча минтақаларини бориб кўрганини билдирди. Унинг сўзларига кўра мамлакат инфратузилмасининг ривожланиш даражаси, соғлиқни сақлаш, таълим, йўллар ва кўчаларни обод қилиш борасида амалга оширилган ишлар натижалари уни ҳар сафар лол қолдирмоқда. “Ўзбекистон ижтимоий уйғунликка ва барқарорликка эришди”, – деб қайд этди меҳмон.

Фикрини давом эттириб, ҳиндистонлик эксперт янги таълим тизимини яратиш ва ёш авлодни ҳар томонлама етук, мустақил фикрга эга, мамлакат учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга қодир қилиб тарбиялаш борасида Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Шунингдек С.Пандей у раҳбарлик қилаётган Марказда ҳам ўз билим ва интилиши билан ажралиб турадиган ўзбекистонлик талабалар таҳсил олишини ҳам айтди.

С.Пандей таъкидлаганидек, мустақил Ўзбекистон 25 ёшга тўлганда ўтказилаётган Президент сайлови Ўзбекистон ва умуман минтақа учун муҳим воқеадир. Шу нуқтаи назардан у Ўзбекистон кўп жиҳатдан “Марказий Осиёнинг маркази ва юраги” ҳисобланишини таъкидлади. У Ўзбекистондаги тинчлик ва барқарорлик бутун минтақнинг иқтисодий ўсишига ва гуллаб-яшнашига хизмат қилишини алоҳида қайд этиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига юксак даражада тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлаб, С.Пандей Ўзбекистонда мустақиллик йилларида демократик принципларга ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга асосланган сайлов тизими яратилганини, мамлакатда ушбу жараённи тартибга солувчи қонунлар қабул қилинганини қайд этди. “Ўзбекистондаги сайловда халқаро кузатувчи сифатида Ҳиндистон номидан иштирок этиш мен учун катта шарафдир. Бу Ўзбекистоннинг бугунги куни билан яқиндан танишиш ҳамда янада кўпроқ тажриба ва билим олиш имконини беради”, – деб таъкидлади ҳиндистонлик эксперт.

Ўзбекистон сайловни ўтказиш бўйича катта тажрибага эга эканлигини қайд этиб, С.Пандей Президент сайлови қонунийлик ва ошкоралик руҳида ўтишига, фуқаролар ўзининг конституциявий ҳуқуқидан фойдалан олишига ишонч билдирди.

Учрашув якунлари бўйича С.Пандей Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакилларига қисқа интервью берди.

.

.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati