O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА УЧРАШУВ

31.03.2015

2015 йил 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Латвия Республикаси Сейми депутати, «Қалбдан Латвия учун» сиёсий партияси парламент фракциясининг раиси Ингуна Судраба билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув бошида С.Сафоев латвиялик мартабали меҳмонни мамлакатимиз Парламенти юқори палатасининг биносида қутлаб, Ўзбекистон ва Латвия парламентлари аъзолари ўртасида мунтазам, бевосита мулоқот ва шахсий алоқанинг муҳимлигини, бу парламентлараро ҳамжиҳатликни ва умуман Ўзбекистон-Латвия ҳамкорлигини янада ривожлантиришга кўмаклашишини таъкидлади.
Ўзбекистон томонидан Латвия Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори эканлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси барча соҳаларда, жумладан сиёсат, иқтисодиёт, маданият каби соҳаларда яқин икки томонлама ҳамкорликни бундан буён ҳам мустаҳкамлашга интилиш ниятида қайд этилди. Шунингдек, Европа иттифоқига Латвия раислик қилиши доирасида ҳамда Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги Стратегияси рўёбга чиқарилиши чоғида Латвия билан кўп томонлама ҳамкорликнинг муҳимлиги таъкидланди.
С.Сафоев парламент ўз назорат ваколатларини амалга ошираётганида мувозанат ва тийиб туриш тизимини шакллантириш, шунингдек маҳаллий парламентаризмни ривожлантириш масалаларида яқин парламентлараро ҳамкорлик қилиш орқали самарали давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди.
Ўз навбатида, И.Судраба Сенатдаги илиқ қабул учун ташаккур айтиб, меҳмондўстлик учун, унинг Ўзбекистонга ташрифи сермазмун ва таассуротга бой бўлгани учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда иштирок этганлиги унинг учун улкан фахр ва юксак масъулият ифодаси бўлганлигини таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар жамиятни демократлаштиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
«Мамлакатингиз, – деди И.Судраба, – миллий ўзига хослигини – анъаналари, урф-одатлари ва оилапарварлигини сақлаб қолган ҳолда ўз давлатчилик моделини барпо этмоқда ҳамда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш йўлидан дадил бормоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон илғор чет эл тажрибасига таянибгина қолмай, балки халқнинг менталитетини, маданиятининг ўзига хослигини ҳисобга олмоқда. Афсуски, Европада оилавий қадриятлар йўқолиб бормоқда», – деди меҳмон.
И.Судраба сайловни кузатиш доирасида Самарқанд шаҳрининг ноёб тарихий ва меъморий ёдгорликлари, Тошкент шаҳрининг диққатга сазовар жойлари билан танишганини маълум қилди ҳамда давлат томонидан Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросини кўнгилдагидек сақлаб туришга катта эътибор берилаётганига урғу берди.
«Мен илк маротаба Ўзбекистонда президент сайловини кузатишда қатнашдим ҳамда сайлов байрамона руҳда ўтганига, фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин тарзда билдирганига, сайловда фаол иштирок этганига гувоҳ бўлдим, – деб маълум қилди И.Судраба. – Ушбу сиёсий жараён миллий қонун ҳужжатларига ва умумэътироф этилган халқаро демократик нормаларга қатъий мувофиқ ҳолда ўтганини аниқ айта оламан».
Суҳбат сўнгида И.Судраба Ўзбекистон-Латвия муносабатларини, шу жумладан парламентлараро ҳамкорликни бундан буён ҳам ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди ҳамда муносабатлар изчил ривожланиши учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишини таъкидлади.

2015 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари С.Артиқованинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Латвия Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси А.Цимдарс билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув бошида Сенат Раисининг ўринбосари С.Артиқова А.Цимдарсни мамлакатимиз Парламенти юқори палатасининг биносида қутлаб, унга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида фаол иштирок этганлиги учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимининг ва сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши юзасидан батафсил ахборот берди. Суҳбат асносида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясини қонун ҳужжатларининг асосий принциплари ва талабларига, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастурларига қатъий мувофиқ ҳолда ўтказиш борасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг роли ва ваколатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, Латвия Марказий сайлов комиссиясининг раиси А.Цимдарс Сенатдаги илиқ қабул учун миннатдорчилик билдириб, С.Артиқовани Сенат Раиси ўринбосари лавозимига сайланганлиги билан табриклади ҳамда жаҳоннинг кўпчилик мамлакатида ўтказилган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган шахс сифатида Ўзбекистонда демократик нормаларга ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга жавоб берадиган миллий сайлов тизими яратилганлигини қайд этди.
А.Цимдарснинг сўзларига кўра, у Ўзбекистонга ташрифи давомида уч вазифани бажарди: президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни кузатишда иштирок этди, Наврўз байрамида қатнашди ва Самарқанд, Бухоро шаҳарларининг маданий-тарихий ёдгорликлари ҳамда Тошкент шаҳрининг диққатга сазовар жойлари билан танишди.
А.Цимдарс сайловни кузатишдан иборат асосий фаолияти доирасида Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги ҳамда Тошкент шаҳридаги сайлов участкаларини бориб кўрганини ва қонун ҳужжатларида ҳам, бевосита сайлов жараёнида ҳам юз берган ижобий ўзгаришларни кўрганини, шунингдек муддатидан олдин овоз бериш жараёнини кузатишда иштирок этганини маълум қилди.
Шунингдек Латвия Марказий сайлов комиссиясининг раиси А.Цимдарс Ўзбекистон фуқароларининг ўта фаоллигини, бу эса халқнинг мамлакат келажаги учун жавобгарлигининг кўрсаткичи саналишини қайд этди. Унинг фикрича, сайлов ташкилотчиларини уюшқоқлик билан ўқитиш миллий тажрибасини кенг татбиқ этса бўлади. Бу борада у участка сайлов комиссиялари раислари учун Самарқанд шаҳрида уюштирилган ўқув семинарида иштирок этганини маълум қилди.

Суҳбат охирида А.Цимдарс Марказий сайлов комиссиясининг мамлакат минтақалари билан интерактив алоқалари тизимини жорий этиш, участка сайлов комиссиялари якуний баённомаларини такомиллаштириш, шунингдек участка сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш юзасидан бир қатор таклифларни билдирди.



Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Матбуот хизмати

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati