O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

МИНТАҚАВИЙ ВА УМУМДАВЛАТ МАНФААТЛАРИНИНГ МУТАНОСИБЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

30.09.2015

2015 йил 30 сентярбь куни Тошкент шаҳар ҳокимиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) томонидан ташкил этилган «Қонун ижодкорлиги фаолияти жараёнида минтақавий ва умумдавлат манфаатларининг мутаносиблигини таъминлашга доир вазифаларни бажаришда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ўзаро ҳамкорлиги» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбати ишида Комиссия аъзолари, сенаторлар, депутатлар ҳамда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти халқ лепутатлари кенгашлари доимий комиссияларининг, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, мустақиллик йилларида тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини яратиш, қонун ижодкорлиги ишининг сифатини ошириш, минтақавий ва умумдавлат манфаатлари мутаносиблигини таъминлаш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек, биз бундан роппа-роса ўн йил олдин таркибида депутатлар доимий равишда, профессионал асосда ишлайдиган Қонунчилик палатаси ва шунингдек, ҳудудий вакиллардан иборат қонунчилик органи бўлмиш Сенат фаолият кўрсатадиган икки палатали парламентни ташкил этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Бугун ана шу мақсадимиз тўлиқ рўёбга чиқди, деб ишонч билан айтишимиз мумкин. Натижада қабул қилаётган қонунларимиз сифати сезиларли даражада ошди, минтақалар, тармоқлар ва давлатнинг умумий манфаатлари мутаносиблиги тобора самарали таъминланмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг 2015 йил 22 январда бўлиб ўтган биринчи мажлисида таъкидланганидек, Сенат аъзолари ўз фаолиятида энг аввало қабул қилинаётган қонунларга минтақаларнинг манфаатларидан келиб чиқиб баҳо беришлари, ушбу масалалардаги мувозанатни бузмасликка интилишлари лозим.

Бугун Сенат ўз ваколатларига мувофиқ маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг фаолиятини кучайтиришга кўмаклашиш, минтақаларни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий жиҳатдан ривожлантириш вазифаларини ҳал қилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига амалий ҳамда услубий ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишларни олиб бормоқда.   

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини янада ошириш учун Сенат томонидан 2015 йилдан бошлаб минтақавий ва умумдавлат манфаатларининг мутаносиблигини тўлиқ таъминлаш ҳамда қонун ҳужжатлари қабул қилингандан кейин уларни ижро этишга доир механизмларни ишлаб чиқиш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тегишли доимий комиссиялари томонидан кўриб чиқиш учун ялпи мажлисларга киритилаётган қонунларни фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, мутахассислар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари иштирокида дастлабки тарзда ўрганиш амалиёти жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йил 23 июндаги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қабул қилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига маъқуллаш учун келиб тушган қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Сенатнинг масъул қўмитаси қонун келиб тушган кундан бошлаб икки кун ичида уни масъул қўмитанинг жойлардаги аъзоларига ва муайян ҳудудда фаолият кўрсатаётган сенаторларга юборади ва Қорақалпоғистон Республикаси Жоқорғи Кенгесининг тегишли қўмиталари ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳри халқ депутатлари Кенгашларининг доимий комиссияси билан ҳамкорликда қонунларнинг ўрганилишини ташкил этади, маҳаллий Кенгашлар депутатларига, фуқаролик жамияти институтларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳамда оммавий ахборот восиатларининг вакилларига кўриб чиқилаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ва моҳиятини тушунтириб беради.

Қўмиталар ва Комиссия томонидан қонун ижодкорлиги фаолияти жараёнида минтақавий ва умумдавлат манфаатларининг мутаносиблигини таъминлашга доир вазифаларни бажариш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорликда долзарб мавзуларга бағишланган бир қатор семинарлар, давра суҳбатлари, конференциялар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат органлари томонидан халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг ҳамда улар доимий комиссияларининг социал-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудий ва давлат дастурларини рўёбга чиқаришга, депутатлик сўровларининг бажарилишига доир қарорлари ижро этилиши масалалари мунтазам равишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ишчи гуруҳлари ва уларнинг доимий комиссияси билан ҳамкорликда Комиссия томонидан ўрганилмоқда ва муҳокама этилмоқда, уларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шу билан бирга давра суҳбати чоғида Комиссия аъзолари ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашлари депутатлари томонидан бу борада айрим камчилик ва нуқсонлар мавжудлиги қайд этилди. Уларни бартараф этиш ҳамда қонун ижодкорлиги фаолияти жараёнида минтақавий ва умумдавлат манфаатларининг мутаносиблигини таъминлаш вазифасини бажаришда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлигини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Муҳокама якунларига кўра тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati