O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ижтимоий шериклик соғлом авлод камолотида алоҳида ўрин тутади

30.07.2015

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан “Ёшларни ота-оналарни ҳамда кексаларни эъзозлаш руҳида тарбиялашда маҳалла ва оиланинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш масалалари” мавзуида семинар ўтказилди.

Унда Сенат аъзолари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, бир қатор олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, фуқаролар йиғинлари раислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, жамиятни демократлаштириш жараёнида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда оилаларнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни тобора ортмоқда. Бунда, албатта, Президентимиз ташаббуси билан оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштириш, унинг жамият маънавий асосларини янада мустаҳкамлашдаги роли ҳамда аҳамиятини ошириш ва соғлом авлодни камолга етказишда маҳалла иштирокини кучайтириш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар муҳим омил бўлмоқда.
— Юртимизда ёшлар тарбиясига оид мустаҳкам қонунчилик асослари яратилган, — дейди Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси И. Каратаев. — Жумладан, истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари, давлатимиз раҳбарининг Фармон ва қарорлари қабул қилинди. Шуларга мос равишда мамлакатимизда тегишли давлат дастурлари доирасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Бугунги тадбир бу борадаги ишларни замон талаби даражасида кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Семинарда ёшларни ота-оналар ва нуронийларга, миллий урф-одат ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда маҳалланинг роли ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Зеро, маҳалла — фуқаролар ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб институти сифатида халқимизнинг тарихий тажрибасини, миллий урф-одатларини, анъаналарини ўзида мужассам этган. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда ўн мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи самарали фаолият кўрсатмоқда. Улар аҳоли манфаати, тараққиётнинг тарихий хусусиятлари ҳамда миллий ва маънавий қадриятлар, урф-одат ҳамда анъаналардан келиб чиққан ҳолда, маҳаллий аҳамиятга молик масалалар ечимига кўмаклашиб келмоқда.
— Бугун фуқаролар йиғинларининг вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари ҳамда яраштириш комиссияларининг фарзандларимиз тарбияси йўналишидаги фаолияти тобора салмоқли бўлиб бормоқда, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Дилшода Мирзажонова. — Жорий йилнинг ўтган даврида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлик механизмини рўёбга чиқариш доирасида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш юзасидан қарийб 52 мингта учрашув ва 41 мингта турли тадбирлар ўтказилди. Ўқувчилар томонидан туман ҳамда шаҳарларимизда кексаларнинг маиший турмуш шароитларини яхшилаш, байрамлар ва уларнинг туғилган кунларини ўтказишда ёрдамлашиш мақсадида “Нуронийлар эъзозимизда” ёшлар ҳаракати ташкил этилди. Яқинда Жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров якунларига кўра, “Маҳаллангизда кекса ёшдаги кишиларга қандай ғамхўрлик кўрсатилмоқда?” деган саволга респондентларнинг 41,1 фоизи яхши, 28,8 фоизи жуда яхши, деб жавоб бергани ҳам ана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар самарасадир.
Семинар якунида ёшларни ота-оналар ва кексаларни эъзозлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ҳамда ватанпарварлик руҳида камолга етказишда маҳалла ва оиланинг, шунингдек, барча масъул ташкилот ва идораларнинг ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ

 

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati