O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Атроф-муҳит муҳофазаси ва масъулият

30.07.2015

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда сенаторлар, мутасадди вазирлик ҳамда идоралар, олий ўқув юртлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, мамлакатимизда атроф-муҳитни асраб-авайлаш, экологик барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Хусусан, Конституциямизда ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик эканлиги, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ҳамда улар давлат муҳофазасида бўлиши қайд этилган. Бундан ташқари, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунларда ушбу конституциявий норма янада мустаҳкамланган.
Мазкур қонун ҳужжатларига мувофиқ, тегишли давлат органлари томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, саноатнинг табиатга салбий таъсирини камайтириш, фуқароларда, айниқса, ёшларда экологик маданиятни юксалтириш борасида фаол иш олиб борилмоқда. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик муносабатлари асосида қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилаётир.
Тадбирда ҳозирги вақтда табиий ресурслардан, хусусан, ер ва сувдан оқилона фойдаланиш, энергетика соҳасига замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришнинг табиатга салбий оқибатларини камайтиришга кўмаклашадиган илмий ишланмалар ҳамда экологик инновацияларни татбиқ қилиш тобора долзарб аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Айни чоғда табиатдан оқилона фойдаланишнинг иқтисодий ва экологик асосланган усулларига босқичма-босқич ўтишга эришиш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш ҳамда бу борада илмий технологияларни ўзлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Иштирокчиларга табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида эришилган натижалар тўғрисида батафсил ахборот берилиб, ўзаро фикр алмашилди. Жумладан, табиатдан фойдаланишни бошқаришнинг иқтисодий усулларини янада такомиллаштириш мақсадида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилгани алоҳида кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Эко-энергия” илмий тадқиқот маркази томонидан қуёш фотоэлектр станциясини барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларида мавжуд бўлган айрим хато ва камчиликлар қайд этилди. Соҳага оид қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, бундай ҳолатларни аниқлаш ва бартараф қилиш бўйича давлат органларининг фаолиятини кучайтиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Давра суҳбати доирасида атроф-муҳитни муҳофаза этиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш мавзуида кўргазма ташкил қилинди. Унда муқобил энергетика соҳасидаги энг охирги ишланмалар намойиш этилди.
Тадбир якунида тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati