O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

БАНК ТИЗИМИНИНГ БАРҚАРОРЛИГИ – ИҚТИСОДИЁТНИ МОДЕРНИЗАЦИЯЛАШНИ ДАВОМ ЭТТИРИШНИНГ ГАРОВИДИР

30.07.2015

Жорий йилнинг 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Ф.Муллажоновнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Мажлисда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, Марказий банк, манфаатдор вазирлик ва идоралар, тижорат банклари  раҳбарлари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, Марказий банкнинг ўтган йилдаги фаолияти “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида”ги Қарорида белгилаб берилган вазифаларни сўзсиз бажаришга қаратилди.

Иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун банк инвестицияларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2014 йилда тижорат банклари томонидан бундай лойиҳаларга суммаси 8,5 трлн. сўмлик кредитлар ажратилди, бу эса 2013 йил билан таққослаганда 20 фоизга кўпроқдир. 

Мамлакатимиз банк тизимининг барқарор ҳолати, банк тизимига бўлган ишончнинг ортиши, аҳоли даромадларининг кўпайиши аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини омонатларга жалб қилишнинг гарови бўлиб хизмат қилмоқда. 2014 йилда хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли депозитларининг ўсиши 30,5 фоизни ташкил этди ҳамда 2015 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра уларнинг ҳажми 28,5 трлн. сўмга етди.

Муҳокамани инобатга олган ҳолда сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига банк назорати тизимини такомиллаштиришга, мамлакатимиз банк тизими молиявий барқарорлиги ва мустаҳкамлигини оширишга, банкларнинг ресурс базасини янада кучайтиришга, банк хизматларини диверсификациялашга, аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг пул маблағларини узоқ муддатли депозитларга жалб қилишга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишини янада рағбатлантиришга, янги корхоналарни яратиш ва ишлаб турган кичик корхоналарни кенгайтириш учун кредит ҳажмларини кўпайтиришга, банкларнинг инвестиция фаолиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга оширишни давом эттиришни, бунда минтақаларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш дастурларида назарда тутилган лойиҳаларни молиялаштиришга, иш ўринларини ташкил этишга ва аҳолининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишни тавсия этдилар.

Мажлисда кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati