O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш йўлида

30.03.2015

30 март куни Олий Мажлис Сенатида юртимизга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш мақсадида ташриф буюрган Индонезия Халқ вакиллари палатаси спикери ўринбосари Ҳ. Фахри раҳбарлигидаги делегация, Вена шаҳар парламенти вице-президенти Й. Херцог, Хитой Халқ Республикасидан келган кузатувчилар делегацияси раҳбари, ХХР Ташқи ишлар вазирлиги элчиси Гао Юйшэн, Литва Сеймининг Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раиси, депутат В. Симулик, Латвия Фанлар академияси президенти, профессор О. Спаритис, туркистонликларнинг Америкадаги уюшмаси раиси А. Хўжа билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Суҳбатлар чоғида парламентлараро доимий, тўғридан-тўғри мулоқот ҳамда алоқаларнинг муҳимлиги таъкидланди. Зеро, бу парламентлараро муносабатлар ва умуман, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон йилдан-йилга барча йўналишларда жадал тараққий топаяпти. Республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар катта самаралар бераётир. Сайлов тизими такомиллаштирилган. Давлат ҳокимияти органлари тизимида парламент ролини кучайтириш бўйича салмоқли қадамлар ташланган.

— Бугун Индонезия Ўзбекистон билан барча, жумладан, парламент соҳасидаги икки -томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашни муҳим, деб билади, — деди Индонезия Халқ вакиллари палатаси спикери ўринбосари Ҳамза Фахри. — Учрашувда ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ҳамма жабҳасини демократлаштириш, парламент ўзининг назоратга оид ваколатларини амалга оширишда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини сақлаш тизимини шакллантириш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш, умумдавлат ҳамда ҳудудий манфаатлар мувозанатига эришиш бўйича тажрибани ўрганиш масалаларини муҳокама қилдик. Ўзбекистонда парламент институтини такомиллаштириш, қонун чиқарувчи орган ваколатларини кенгайтириш ва кучайтириш, мамлакат ҳаёти, хусусан, парламент фаолиятида хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар юксак баҳога муносибдир. Ўзбекистон Республикаси -Президенти сайлови миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган нормаларга мувофиқ, ошкоралик, очиқлик ҳамда транспарентлик тамойилларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтди, деб ҳисоблайман.

— Бу галги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳам фуқароларнинг юксак фаоллигида бўлиб ўтди. Бу эса мазкур жараённинг ўзига хослигини аниқлаб берувчи муҳим омиллардан биридир, — деди Вена шаҳри парламенти вице-президенти Йоханн Херцог. — Пойтахтингиздаги бир қанча сайлов участкаларига бордим. Овоз бериш жараёнида фуқаролар фаол қатнашгани диққатга сазовор. Сайловчилар эрта тонгдан сайлов участкаларига келишди. Умуман, Президент сайлови демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, мамлакатни янада тараққий эттириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида ўзбек халқининг жипслигини намоён этди.


С. ҚОСИМЖОНОВ,
Халқ сўзи газетаси

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati