O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА УЧРАШУВ

30.03.2015

2015 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Америка-Туркистон уюшмаси раиси Абдулла Хожа билан учрашуви бўлиб ўтди.
          Учрашув бошида С.Сафоев Абдулла Хожани Сенат биносида қутлаб, унга Ўзбекистонда ўтказилган парламент ва президент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида фаол иштирок этганлиги учун миннатдорчилик билдирди. Ўзбекистон тарафидан АҚШда ўзбек халқининг маданияти, тили ва анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш, АҚШ жамоатчилигини Ўзбекистонда ўтказилаётган социал-иқтисодий ва демократик ислоҳотлар билан кенг таништириш масалаларида Туркистон-Америка уюшмасининг фаоллик кўрсатаётганлиги қайд этилди.  
          Суҳбат чоғида Абдулла Хожа мамлакат ва жамиятни сиёсий жиҳатдан модернизациялаш, парламентаризмни ривожлантириш ва ҳокимият қонунчилик тармоғининг ролини кучайтириш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар дастурининг мазмун-моҳияти билан таништирилди.  
          Ўз навбатида, Абдулла Хожа илиқ ва самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, С.Сафоевни Сенат қўмитаси раиси лавозимига сайланганлиги билан табриклади ҳамда Ўзбекистонга ва унинг халқига ҳурмати катта эканлигини таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистон бугун сиёсий якдилликни сақлаган ҳолда социал-иқтисодий тараққиёт йўлидан ишонч билан бормоқда. «Мамлакат минтақаларига, жумладан Фарғона водийсига ташриф буюриб, – деди Абдулла Хожа, – мен умумэътироф этилган демократик принциплар асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тайргарлик кўрилаётганига гувоҳ бўлдим ҳамда ўзбек халқи жонажон Ўзбекистонимизни янада ривожлантириш ва гуллаб-яшнатишга қаратилган йўлни бир жон-бир тан бўлиб, кўтаринки руҳда қўллаб-қувватлаётганини ўз кўзим билан кўрдим».
          Абдулла Хожа президент сайловини кузатиш чоғида Ўзбекистондаги ҳаёт ўзгариб бораётганини, ҳар ерда ажойиб спорт саройлари ва мусиқа мактаблари барпо этилаётганини, шаҳарлар ва қишлоқлар қиёфаси ўзгараётганини ва, энг асосийси, ажойиб ёш авлод ўсиб улғайганлигини кўришга муваффақ бўлганини маълум қилди.
          Меҳмон ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожланиш суръатлари юқори бўлиши билан бир қаторда аҳолининг, айниқса ёшларнинг фаол фуқаролик шашти ва ҳуқуқий маданияти ўсаётганлигини, бу эса бундан буёнги босқичма-босқич юксалиш учун муҳим омил эканлигини мамнуният билан қайд этди. Шу муносабат билан у улғайиб бораётган ёшларни сиёсийлаштирилган ислом, айниқса кескин экстремистик мафкура таъсирларига қарши курашиш руҳида тарбиялашнинг муҳимлигига урғу берди.
            Абдулла Хожанинг сўзларига кўра, 29 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Ўзбекистон демократия йўлидан илдам бораётганлигини кўрсатди. «Қайси сайлов участкасига бормайин, – деди меҳмон, – ҳар ерда очиқлик ва ошкоралик принципларига қатъий риоя қилинганлигини, сайловчиларнинг эркин овоз беришлари учун барча шарт-шароитлар мавжудлигини кўрдим. Сайловни ташкил этишнинг бундай юксак савияси Ўзбекистонда самарали миллий сайлов тизими яратилганлигининг маҳсулидир».
         

2015 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари С.Артиқованинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Индонезия Палатаси Спикерининг ўринбосари Х.Фахри бошчилигидаги Индонезия Парламенти Халқ вакиллари палатаси делегацияси аъзолари билан, шунингдек Индонезия Парламенти Халқ вакиллари палатаси аъзолари – Р.Тьен, М.Хекал, И.Лубис, Индонезиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси А.Сантика, экспертлар – С.Адриан, С.Дипутра, Х.Идрис, В.Сямсу, Д.Агустини, Б.Сидабутар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув бошида Сенат Раиси ўринбосари С.Артиқова Х.Фахри бошчилигидаги делегация аъзоларини қутлаб, дўстлик муносабатларини ва ўзаро самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун пойдевор Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг 1992 йилда Индонезияга қилган илк ташрифларининг бирида ва Индонезия Президенти Сухартонинг 1995 йилда Ўзбекистонга қилган жавоб ташрифи чоғида қўйилганлигини қайд этди.
Сенат Раиси ўринбосари С.Артиқова меҳмонларга Ўзбекистонда ўтказилган парламент ва президент сайловларида халқаро кузатувчилар сифатида фаол иштирок этганликлари учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Индонезия парламентининг бундай катта делегацияси иштирок этганлиги, шубҳасиз, Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга, Ўзбекистон-Индонезия парламентлараро алоқаларини чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўз навбатида Индонезия Парламенти Халқ вакиллари палатаси Спикерининг ўринбосари Х.Фахри Сенатдаги илиқ ва самимий қабул учун ўз делегацияси номидан миннатдорчилик билдириб, С.Артиқовани Сенат Раиси ўринбосари лавозимига сайланганлиги билан табриклади ҳамда Индонезия томони ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштиришга муҳим аҳамият беришини, зеро бу борада фойдаланилмаётган имкониятлар беқиёс эканлигини таъкидлади.
Суҳбат чоғида Индонезия Парламенти Халқ вакиллари палатаси аъзоси И.Лубис Ўзбекистон тарихини севиб ўрганаётганлигини маълум қилди ҳамда туризм соҳасида ҳамкорликнинг йўлга қўйилишини алоҳида ажратиб кўрсатди, зеро Ўзбекистон бой тарихий-маданий мерос ва улкан сайёҳлик салоҳиятига эга. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларга эга, Ислом маданияти ва таълимоти пайдо бўлган, шунингдек бутун дунёга машҳур Ислом дини асосчиларининг мақбаралари жойлашган мамлакат чиндан ҳам тан олинган сайёҳлик марказларидан биридир. Шу муносабат билан у Жакарта-Самарқанд ва Жакарта-Бухоро тўғридан-тўғри авиа йўналишларини очиш, шунингдек икки мамлакат фуқаролари учун соддалаштирилган виза тартибини киритиш масалаларини кўриб чиқишни таклиф этди.
«Сайлов чоғида халқаро кузатувчилар сифатида биз Самарқанд вилоятининг сайлов участкаларига ташриф буюрдик, сайловни эса қадимий Бухоро шаҳрида кузатдик, – деди Х.Фахри. – Жаҳон маданиятининг марказлари бўлмиш ушбу шаҳарларга ташриф буюрганимизда бизни ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва олийҳимматлиги мафтун қилди ҳамда жаҳонга машҳур тарихий шаҳарлардан бири – Хива шаҳрига сафар қилишни сабсизлик билан кута бошладик. Биз шуни тўлиқ ишонч билан маълум қиламизки, – деди Индонезия Парламенти Халқ вакиллари палатаси Спикерининг ўринбосари Х.Фахри, – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови сайлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларига ва умумэътироф этилган демократик нормаларга тўла мувофиқ ҳолда, ошкоралик, очиқлик ва демократиявийлик принципларига риоя қилинган ҳолда ўтди».

2015 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Вена шаҳри вице-президенти Й.Херцог билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув бошида Қўмита раиси С.Сафоев Й.Херцогни Сенат биносида қутлаб, унга парламент ва президент сайловларида фаол иштирок этганлиги учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Ўзбекистонда Австрия билан сиёсий мулоқотни ва ўзаро самарали ҳамкорликни ривожлантиришга, парламентлараро алоқаларни чуқурлаштиришга муҳим аҳамият берилаётганлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Й.Херцог Сенатдаги самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги нуфузи йилдан йилга юксалиб бораётганини, бунга, жумладан, ўтказилаётган ислоҳотлар, мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, эришилган иқтисодий ютуқлар кўмаклашаётганини, Ўзбекистон улкан салоҳиятга эгалигини, шу сабабли жаҳоннинг кўпчилик мамлакатлари у билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилишини қайд этди.
Й.Херцогнинг фикрича, бу сафарги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ошган паллада ўтказилди ва бу ушбу сайловнинг ўзига хослигини белгилаб берган муҳим омиллардан биридир. «Мен Тошкент шаҳридаги бир қанча сайлов участкаларини бориб кўрдим ва овоз беришда Ўзбекистон фуқароларининг аксарият қисми фаол иштирок этгани мени лол қолдирди, – деди Й.Херцог. – Сайловчилар, кўпинча бутун оилалари билан эрта тонгдан овоз бериш учун келдилар. Сайлов кўтаринки руҳда ўтди».
Хулоса ўрнида Й.Херцог шуни таъкидладики, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш, аҳоли фаровонлигини оширишга ва мамлакатни тараққий эттиришга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида Ўзбекистон халқининг жипслигини кўрсатди.    

2015 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Хитой Халқ Республикаси кузатувчилари делегацияси раҳбари, ХХР Ташқи ишлар вазирлиги элчиси Гао Юйшэн, шунингдек Хитой томони вакиллари Чэнь Инь, Ванг Вэй, Бэй Ваньли, Ли Ци, Гун Гуйцзюнь, Гао Фэй, Пань Гуан, Ли Ян билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув бошида Қўмита раиси С.Сафоев хитойлик меҳмонларни қутлаб, парламент ва президент сайловларида фаол иштирок этганликлари ҳамда Ўзбекистон ва ХХР ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган шахсий улкан ҳиссалари учун Гао Юйшэнга миннатдорчилик билдирди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари муваффақиятли ривожланаётгани, икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари мунтазам хусусият касб этаётгани, Ўзбекистон ва Хитой халқлари ўртасида ўзаро бир-бирини тушуниш чуқурлашиб бораётгани таъкидланди. Ўзбекистон Президенти И.А.Каримовнинг 2014 йил 19-20 август кунлари Хитойга қилган давлат ташрифи Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг муҳим босқичли воқеаси бўлди ҳамда унинг доирасида эришилган келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга кучли туртки берди.
Ўз навбатида, ХХР Ташқи ишлар вазирлиги элчиси Гао Юйшэн Сенатдаги самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Хитой Ўзбекистонга ишончли ҳамкор, самимий дўст ва Марказий Осиёдаги нуфузли давлат сифатида қараётганлигини ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини юксак даражада қадрлашини қайд этди. Шундан сўнг меҳмон икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар Стратегик ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Стратегик шерикликнинг икки томонлама муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация асосида изчил ривожланаётганлигини айтди.
Суҳбат давомида меҳмон Ўзбекистон ва ХХР охирги 20 йилдан ортиқ давр мобайнида кенг кўламдаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик соҳасида катта натижаларга эриша олганлигини қайд этди. – «Ишончли сиёсий мулоқот, юқори сураътларда ўсиб бораётган савдо-иқтисодий, инсонпарварлик алоқалари, барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш, шунингдек БМТ ва ШҲТ каби нуфузли халқаро тузилмалар доирасида шериклик қилиш ва фаолиятни мувофиқлаштириш мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорлик муносабатларига хосдир», – деб таъкидлади у.
Гао Юйшэн таъкидлаганидек, Ўзбекистон ва ХХР Марказий Осиё минтақасида ҳам, бутун дунёда ҳам умумий манфаатларга эга ва ҳар бир мамлакат тинчлик ва барқарорликни таъминлашда зарур қадамлар ташламоқда. У мамлакатларимиз ўхшаш нуқтаи назарларга эгалигини ҳамда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг асосий масалалари юзасидан бир-бирларини қўллаб-қувватлаётганлигини қайд этди. Хусусан, иккала мамлакат «учта ёвуз куч» – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши кураш каби халқаро даражадаги муҳим масала юзасидан ягона нуқтаи назарни қўллаб-қувватламоқда.
Учрашув чоғида томонлар парламент раҳбарлари даражасидаги ўзаро ташрифлар туфайли сезиларли даражада ривожланган парламентлараро ҳамкорликнинг юксак савиясини қайд этдилар. 2011 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати билан ХХР Бутунхитой Халқ Вакиллари Йиғилиши ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум парламентлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш учун ҳуқуқий асос яратиб берганлиги, бу эса умуман икки томонлама Ўзбекистон-Хитой муносабатларини кенгайтиришнинг муҳим омили бўлганлиги таъкидланди.
«Мамлакатингиз, – деди ХХР Ташқи ишлар вазирлиги элчиси Гао Юйшэн, – ўз давлатчилик моделини қурмоқда ҳамда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг танланган йўлидан дадил бормоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон илғор чет эл тажрибасига таянибгина қолмай, балки халқ менталитетини, маданиятнинг ўзига хослигини ҳисобга олмоқда. Шу кунларда мен Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги сайлов участкаларида бўлдим ва президент сайловига пухта тайёргарлик кўрилганига ҳамда сайловнинг ўзи юксак ташкилий савияда, миллий қонун ҳужжатларига ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мувофиқ ҳолда ўтганлигига ишонч ҳосил қилдим».
Гао Юйшэн таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди ҳамда республиканинг сиёсий ва социал-иқтисодий жиҳатдан янада ривожланишини таъминлаши шубҳасиз.

2015 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик бўйича Литва Сейми гуруҳининг раиси В.Симулик билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув бошида ўзаро қутловлардан сўнг Қўмита раиси С.Сафоев В.Симуликка парламент ва президент сайловларида фаол иштирок этганлиги учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Ўзбекистон ва Литва ўртасидаги мунтазам, бевосита мулоқот ва шахсий алоқанинг муҳимлигини, бу парламентлараро ҳамжиҳатликни ва умуман Ўзбекистон-Литва ҳамкорлигини янада ривожлантиришга кўмаклашишини таъкидлади. Литва билан ҳамкорлик Европа иттифоқи ва Европа парламенти билан муносабатлар нуқтаи назаридан Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.
Ўз навбатида, Литва Сейми депутати В.Симулик Сенатдаги илиқ қабул учун ташаккур айтиб, Ўзбекистон томонига меҳмондўстлик учун, унинг Ўзбекистонга ташрифи сермазмун ва катта таассуротга бой бўлгани учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Ўзбекистон жамиятни янада демократлаштириш йўлидан изчил бораётганлигини ва бу сафарги президентлик сайлов кампанияси бунинг яққол исботи эканлигини таъкидлади.
В.Симулик 20 дан ортиқ сайлов участкасида бўлганини ҳамда сайловни амалдаги сайлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларига ва умумэътироф этилган демократик стандартларга мувофиқ ҳолда юксак ташкилий савияда ўтказиш учун мисли кўрилмаган даражадаги тайёргарлик ишлари амалга оширилганига ишонч ҳосил қилганини маълум қилди. «Сайлов жараёнини мониторинг қилаётиб, – деди В.Симулик, – мен муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирларни ташкил этиш борасида ижобий тажриба орттирдим».
Ўзбекистон ва Литва ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг жорий ҳолати ҳақида фикр юритиб, В.Симулик Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган учрашув ҳақида, у ерда томонлар ушбу соҳани янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама этганлиги, хусусан, Литва иқтисодий делегациясининг жорий йил октябрь ойида Ўзбекистонга ташрифини уюштириш юзасидан келишувга эришилгани тўғрисида хабар қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, – деб таъкидлади В.Симулик, – ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётида энг муҳим аҳамиятга эга. Ушбу сайлов давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини демократлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш, ҳуқуқ устуворлиги ва фуқароларнинг иродасини ҳурмат қилиш принципларига асосланган замонавий кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидаги яна бир амалий қадам бўлди.
Суҳбат сўнгида В.Симулик парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида  Литва Сейми билан ҳамкорлик бўйича шунга ўхшаш дўстлик гуруҳини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишни ҳамда Ўзбекистон парламенти делегациясининг Литвага расмий ташриф билан келишини таклиф этди.  

2015 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Латвия Республикаси Фанлар академияси президенти, профессор О.Спаритис билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув бошида С.Сафоев О.Спаритисни қутлаб, унга Ўзбекистонда ўтказилган парламент ва президент сайловларида фаол иштирок этганлиги учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон-Латвия сиёсий мулоқотини чуқурлаштиришга, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга муҳим аҳамият берилаётганлигини қайд этди.
Суҳбат чоғида О.Спаритис Ўзбекистонда мамлакат ва жамиятни сиёсий жиҳатдан модернизациялаш, парламентаризмни ривожлантириш ва ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи тармоғи ролини кучайтириш чора-тадбирлари дастурининг мазмун-моҳиятидан хабардор этилди.
Ўз навбатида, Латвия Фанлар академияси президенти О.Спаритис Сенатда учрашув ташкил этилганлиги учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон ўз мустақиллиги йилларида ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий соҳаларда эришилган юксак натижалар билан ифодаланадиган барқарор ва босқичма-босқич тараққиётга эришишга муваффақ бўлганлигини таъкидлади. У Марказий Осиё минтақасида нуфузли давлат ҳисобланган Ўзбекистоннинг роли халқаро миқёсда сезиларли даражада мустаҳкамланганлигини, Ўзбекистоннинг чет мамлакатлар билан сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалари жиддий равишда кенгайтирилганлигини таъкидлади.
Икки мамлакатнинг фан соҳасидаги ҳамкорлиги ҳақида сўз борганда О.Спаритис Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувни эсга олди. Ушбу учрашувда томонлар Ўзбекистон Фанлар академияси ва Латвия Фанлар академияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолашга келишиб олдилар.
Латвия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларга баҳо бераётиб, Латвия Фанлар академияси президенти алоқаларни кенгайтириш истагида эканликларини қайд этди. Унинг фикрича, мамлакатлар ўртасида фан ва тиббиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликка берилган баҳо масаласида ҳам шу фикрни билдириш мумкин. Шу муносабат билан О.Спаритис ушбу соҳаларда Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини, таълим соҳасида, шу жумладан халқаро ҳуқуқ, бизнес, иқтисодий таҳлил ва маданий ўзаро муносабатлар соҳасида ҳамкорлик қилишга қизиқиш катта эканлигини изҳор қилди.

«Халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда қабул қилинган миллий қонун ҳужжатлари доирасида яратилган барча шарт-шароитлар, – деб таъкидлади О.Спаритис, – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини эркин, очиқ ва ошкора ҳамда юксак ташкилий савияда уюштириш имконини берди».



Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Матбуот хизмати

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati