O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Масъулият, изланиш ва ташаббус

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасини чуқур мушоҳада қилиб, унда белгиланган устувор вазифаларни истиқболга мўлжалланган режаларимизда белгилаб олаяпмиз. Зеро, бугунги давр, Президентимиз таъкидлаганидек, парламентда олиб борилаётган таҳлилий ишлар самарадорлигини, депутатларнинг тайёргарлик, хабардорлик ва малака даражасини, бошқача айтганда, профессионал савиясини сезиларли равишда оширишни тақозо этади.

Бу, албатта, сенаторлар зиммасига катта масъулият юклайди. Ҳудудларда барча соҳада, айниқса, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларга зарур ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароит яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни шунчаки таҳлил қилиш билан кифояланмасдан, мавжуд муаммоларни чуқур ўрганиш ва жойида ҳал қилиш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда унинг ижросини ҳам йўлга қўйиш доимо эътиборимизда туриши мақсадга мувофиқдир.

Бинобарин, жамиятимизни ислоҳ этиш, демократлаштириш ва эркинлаштириш ҳамда мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича пухта ўйланган узоқ муддатли дастур — “ўзбек модели” иқтисодиётимиз ривожланишининг барқарор, барчани ҳайратда қолдираётган суръатларда кечаётганлиги халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ортиб бораётганида ўзининг амалий тасдиғини топмоқда. Жаҳон миқёсидаги глобал иқтисодий инқироз ҳали-бери давом этаётганига қарамасдан, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари сўнгги ўн йил мобайнида 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани, мамлакатимиз 2014 йилда бизнесни юритиш шароити бўйича рейтингда 8 поғона кўтарилгани бунинг яққол далилидир.

Бу дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётган кўрсаткич. Унинг нечоғли катта аҳамиятга эгалигини ва умуман, парламентда қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, уларнинг ишлаш механизмини кучайтириш, иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, солиқ юкини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ижросини таъминлашда жойлардаги маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаол кўмаги биз учун жуда муҳим.

Президентимиз маърузасида бу борада кўзга ташланган айрим хато ва камчиликлар, хусусан, ўтган даврда парламент аъзоларининг ўз ваколатларидан тўла-тўкис фойдалана олмагани, қонунларда айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида белгилаб қўйилган рағбатлантирувчи омиллар, преференцияларнинг татбиқ этилмагани, палаталар, ҳудудий вакиллик органларининг ўзаро ҳамкорликдаги ишлари шунчаки ташкил этилгани, қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ва ижро этишда сусткашликларга йўл қўйилганига тўхталиб ўтилди.

Умуман олганда, парламентнинг барча аъзолари Ватанимиз тараққиётига хизмат қиладиган ягона мақсад сари интилиши, энг аввало, сайловчилар олдидаги масъулият ва жавобгарликни чуқур англаб етган ҳолда, Президентимиз ташаббусига жавобан бор куч-ғайратини аямасдан янада фаоллик, ташаббускорлик кўрсатиши айни муддао бўлади.

Икрам КАРАТАЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati