O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Аҳоли саломатлиги муҳофазасининг мустаҳкам кафолати

29.07.2015

Истиқлол йилларида аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини чуқур қарор топтириш, тиббий маданиятни юксалтириш, давлат ва жамиятнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини уйғунлаштиришга мамлакатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий, институционал база яратилди. Парламент томонидан қабул қилинган тегишли қонунлар, Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорлари ижроси эса соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаяпти.
Кейинги йилларда республикамиз барча ҳудудида энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган шифо масканлари фаолияти йўлга қўйилиб, юқори технологик даволаш ва диагностика услублари амалиётга жорий этилди. Ижтимоий йўналтирилган бундай комплекс саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда аҳолининг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73,5 ёшгача, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етди.
Умуман, соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, сарфланаётган маблағ, саъй-ҳаракатлар минглаб гўдакларнинг бенуқсон дунёга келиши, ҳар томонлама соғлом ва бақувват бўлиб вояга етишига замин яратмоқда. Ана шундай амалий ишлар натижасида сўнгги ўн йилда ривожланишида туғма нуқсонлари бўлган болалар сони ва улар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш бир неча баробар камайди. Буларнинг барчаси жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимида ягона давлат сиёсатини юритиш, жамият ҳаётининг барча соҳасида инсон соғлиғи учун қулай шарт-шароитларни яратиш, бу борада профилактика тадбирларини олиб боришда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга оид қонунчиликнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир.
Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилаётган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонун жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 1992 йилда қабул қилинган “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги Қонунни ижро этиш юзасидан амалга ошириб келинаётган аниқ мақсадли чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда мамлакатимизда санитария-эпидемиологик осойишталик таъминланмоқда. Аммо ҳозирги пайтда халқаро миқёсда иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларнинг жадал ривожланаётгани ҳамда глобал ўзгаришлар шароитида ижтимоий муносабатларнинг тараққий топиши аҳоли саломатлиги хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш заруратини кун тартибига олиб чиқди.
“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонун ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, шу жумладан, профилактика тадбирларини ўтказишда санитария-гигиена меъёрлари ва қоидаларига риоя қилишнинг барқарор тизимини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонунда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш соҳасида нафақат назорат функциясидан самарали фойдаланиш, балки профилактика тадбирларининг янада кучайтирилиши ҳам назарда тутилган. Яъни ушбу ҳуқуқий ҳужжатда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги муносабатлар фақатгина давлат санитария назоратини амалга ошириш билан чекланмайди. Қонун атроф-муҳитни соғломлаштириш, инсоннинг овқатланиш, меҳнат қилиш, дам ва таълим-тарбия олиш шарт-шароитларини яхшилашга қаратилган санитария-гигиена ишлари, эпидемияга қарши комплекс чора-тадбирларни ташкил этиш, аҳолининг санитария маданиятини юксалтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни амалга оширишни ҳам назарда тутади. Шу билан бир қаторда, мазкур Қонунда ушбу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтириш ва фуқароларнинг масъулиятини ошириш билан боғлиқ устувор вазифалар ҳам қамраб олинган.
Таъкидлаш жоизки, Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида соҳа мутахассислари ва сиёсий партиялар фракциялари ҳамда депутатлар гуруҳи иштирокида қизғин муҳокама қилинди. Айни чоғда парламент юқори палатаси қўмитаси томонидан соҳа экспертлари, мутасадди вазирлик ва идоралар ходимлари, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ ташкил этилди. Қолаверса, сенаторлар иштирокида Қонун қоидаларининг ҳудудлар ва умумдавлат манфаатлари уйғунлигини аниқлаш мақсадида жойларда сайловчилар, тадбиркорлар ҳамда соҳа вакиллари билан кўплаб учрашувлар ташкил этилаяпти. Шу билан бирга, давлат санитария назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бугунги ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ушбу соҳадаги муаммолар, бир қатор хорижий мамлакатларнинг санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш соҳасидаги тажрибаси ўрганилди.
Экспертларнинг фикрича, ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши республикада аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг комплекс тизимини мустаҳкамлашга кўмаклашади, ижро этувчи органлар ва назорат қилувчи хизматлар фаолиятининг амалий самарадорлигини оширишга имкон беради.
Шу билан бирга, Қонун аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, ҳар томонлама соғлом авлодни дунёга келтириш ҳамда тарбиялаш, мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини таъминлаш, оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, соғлом оилалар сонини янада кўпайтириш каби бир қатор вазифаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.


З. НИЗАМХОДЖАЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг 
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

 

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati