O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Парламент назорати ва масъулият

29.04.2015

Пойтахтимизда ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг халқаро тажрибаси ва Ўзбекистон Республикаси вакиллик ҳокимияти органларининг бу соҳадаги фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.

Олий Мажлис Сенати томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган мазкур тадбирда парламент аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ҳамда уларнинг доимий комиссиялари раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар, илмий тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат бошқарувини демократлаштириш, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлаш ҳамда ўзаро тийиб туриш тамойилини қарор топтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилиб, ижро органлари фаолияти устидан назорати кучайтирилди. Айни пайтда парламент назорати тадбирларининг сифатини янада яхшилаш долзарб аҳамият касб этаяпти.
Хусусан, Президентимиз Олий Мажлис палаталарининг 2015 йил 23 январдаги қўшма мажлисидаги маърузасида конституциявий ислоҳотлар нуқтаи назаридан Олий Мажлис палаталарининг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолияти сифат жиҳатидан янги асосда қурилиши лозимлигини таъкидлаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини рўёбга чиқариш доирасида ташкил этилган мазкур семинарда парламент назорати самарадорлигини ошириш борасида парламент аъзолари олдида турган масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, юртимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотлар бугун ўзининг салмоқли натижаларини бермоқда. Бу борада, семинар иштирокчилари алоҳида қайд этганидек, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўтган йили киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Мазкур ўзгартиш ҳамда қўшимчалар ҳокимият ва бошқарув тизимини янада демократлаштиришга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини, ички ҳамда ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини бажаришдаги ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришга, ижро этувчи органлар фаолиятини назорат қилиш юзасидан парламентнинг ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг вазифаларини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Семинарда парламент ва депутатлик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини кучайтириш масалалари муҳокама этилди, шунингдек, ривожланган демократик мамлакатларнинг бу соҳадаги тажрибаси ҳақида фикр алмашилди. Хусусан, давлат бошқаруви органлари фаолияти, улар томонидан қонунларнинг сўзсиз ижро этилиши, социал-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ривожлантиришга доир энг муҳим давлат дастурлари амалга оширилиши устидан самарали парламент назоратини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Тадбирда парламент назорати самарадорлигини оширишга, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг бу борадаги ишини фаоллаштиришга қаратилган тегишли тавсиялар қабул қилинди.


Қобил ХИДИРОВ


O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati