O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Фидойилик ва ташаббускорлик — давр талаби

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати 2015 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил режасини, умуман, бутун фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирларини белгилаб олаяпти.

Бунда, шубҳасиз, Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида мамлакатимиз учун зарур бўлган қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда парламент аъзоларининг ташаббус кўрсатишлари бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Зеро, жамиятда қонун устуворлигига эришиш аҳоли ҳақ-ҳуқуқларини ишончли муҳофаза қилишнинг асосий кафолати ҳисобланади. Қонун меъёрларини фуқаролар ўртасида кенг тарғиб қилиш, унга сўзсиз риоя этиш муҳитининг яратилиши эса ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишини таъминлайди. Ушбу жараёнда, албатта, депутатлар, сенаторларнинг фаол иштироки, уларнинг изчил саъй-ҳаракатлари катта аҳамиятга эга.

Бугун жамият ҳаётининг қайси жабҳасини қараманг, кенг кўламли ислоҳотлар, чуқур ўзгаришларга гувоҳ бўласиз. Айниқса, хотин-қизлар манфаатларини муҳофаза қилиш, сиҳат-саломатлигини асраш, уларнинг илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, бандлигини таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хусусан, яқинда бўлиб ўтган парламент сайловида ҳам хотин-қизлар фаол иштирок этди.

Парламент томонидан ҳар йили қабул қилинадиган Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида айнан хотин-қизлар учун яратилаётган қулайликлар ҳудудимизда оилавий тадбиркорлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган опа-сингилларимиз сафининг тобора кенгайишига хизмат қилмоқда. Бу, ўз навбатида, Давлат дастурлари ижроси ҳамда қонунларимизнинг одамлар ҳаётига ижобий таъсирининг ёрқин далилидир.

Бугун замон шиддат билан ўзгариб бораётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Шу боис фаолиятимиз кўламини кенгайтириш, жойларда қонунлар ижросига риоя қилинишини таъминлаш, айниқса, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари фаолиятини, аввалги камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда, жонлантириш заруратдир. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, йўл қўйилган камчилик ва хатоларни тан олмасдан, иқрор бўлмасдан туриб, уларни йўқ қилиш оғир кечади. Мақсадимиз — жонажон юртимиз тараққиёти, унинг янада гуллаб-яшнашига муносиб улуш қўшиш экан, бу йўлда бор куч-ғайратимизни аямаймиз.

Сайёра АБДИКАРИМОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati