O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

СЕНАТОРЛАР ЁШЛАРНИ ТАРБИЯЛАШДА МАҲАЛЛА ВА ОИЛАНИНГ ҲАМЖИҲАТЛИГИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИНИ МУҲОКАМА ҚИЛДИЛАР

28.07.2015

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати

2015 йилнинг 28 июль куни Тошкент шаҳридаги Халқаро бизнес марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг 22 январда Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида сўзлаган нутқида ҳамда 23 январда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифаларни ижро этиш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини рўёбга чиқариш доирасида  ташкил этилган «Ёшларни ота-оналарни ҳамда кексаларни эъзозлаш руҳида тарбиялашда маҳалла ва оиланинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш масалалари» мавзусидаги семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Сенат аъзолари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, Тошкент Давлат юридик университети, Ўзбекистон Миллий университетининг, Низомий номли Тошкент давлат педагогика университетининг ҳуқуқшунос ва педагог олимлари, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда фаоллари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда сўзга чиққан сенаторлар, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ходимлари бошқа иштирокчилар ўзаро тажриба алмашдилар, ёшларни ота-оналар ҳамда кексаларни ҳурмат қилиш, эъзозлаш руҳида тарбиялашда маҳалла ва оиланинг ҳамжиҳатлигини янада такомиллаштириш юзасидан айрим таклифларни билдирдилар.

Сенаторлар “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида назарда тутилган кекса инсонларга муносиб эътибор бериш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тадбирларнинг ижро этилишини таъминлаш борасида фуқаролар йиғинларининг соғлом, баркамол етук авлодни тарбиялашда фаол иштирок этаётган бошқа ташкилотлар ва муассасалар билан ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш зарурлигига семинар иштирокчиларининг диққат-эътиборини тортдилар. Ёши улуғ инсонларнинг оила ва жамиятдаги роли ҳамда обрў-эътиборини ошириш юзасидан аниқ тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур.

Семинар иштирокчилари алоҳида таъкидланганларидек, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қариялар дуосига муносиб бўлайлик” шиори остида “Маҳалланинг энг ораста қизлари” ҳудудий танловлари ҳамда “Кексаларни эъзозлаш – улуғ қадрият” республика форуми каби юқорида таъкидланган Давлат дастури доирасида ўтказилаётган барча тадбирларда, шунингдек 100 ёшдан ошган мамлакатимиз фуқаролари ҳақидаги “Мингта ибратли ҳаёт йўли” китобини (тўпламини) тайёрлаш ва чоп этишда ёшлар, ота-оналар, фахрийлар ҳамда ёши катта инсонларнинг кенг иштирок этишини таъминлаш муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati