O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон ва Кувайт парламентлари аъзолари учрашуви

28.04.2015

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида Кувайт Давлати Миллий мажлиси парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Соуд Нашмий ал-Хорижий раҳбарлигидаги парламент делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. 2004 йилнинг январида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Кувайт Давлатига расмий ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Парламентлараро алоқалар икки томонлама сиёсий мулоқотни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди. Учрашувда парламентлараро алоқалар ва ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар чоғида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Ўзбекистон парламенти фаолиятини такомиллаштиришда алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари билан ўтказилган учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш тадбирларини ташкил этиш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашишга доир масалалар муҳокама этилди.
— Кувайт Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор, – деди Кувайт Давлати Миллий мажлисининг парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Соуд Нашмий ал-Хорижий. — Мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик янада ривожланишига ишонаман.


Бобур ОБИДОВ,
ЎзА мухбири


O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati