O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА УЧРАШУВ

28.03.2015

2015 йил 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат раиси ўринбосари С.Артиқованинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Малайзия Сенати президенти ўринбосари Дорис София Ак Броди бошчилигидаги Малайзия Сенати делегацияси аъзолари, шунингдек Малайзия сенатори Рослин бинти Хожи Абдул Рахмон билан учрашуви бўлиб ўтди.  
Сенат Раиси ўринбосари С.Артиқова Малайзия Сенати делегацияси аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси юқори палатаси биносида қутлаб, Ўзбекистон ва Малайзия парламентлари аъзолари ўртасида доимий, бевосита ва шахсий алоқаларнинг муҳимлигини таъкидлади. Бундай алоқалар парламентлараро ҳамжиҳатликни ва умуман Ўзбекистон ва Малайзия ҳамкорлигини янада ривожлантиришга ёрдам беради. Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ташкилий-амалий жиҳатлари, сайлов жараёнининг очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақидаги ахборот билан таништирилди. Чет мамлакатлар ва халқаро ташкилотлардан халқаро кузатувчиларни таклиф этилганлиги сайлов жараёни очиқлигини таъминлашнинг ёрқин исботидир. 
Дорис София Ак Броди Сенатдаги илиқ ва самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Малайзия Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги муҳим шерик сифатида қараётганлигини, унинг билан самарали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани ва ўз мамлакатининг стратегик манфаатларига тўлиқ жавоб беришини қайд этди.
Малайзия Сенати президенти ўринбосари Дорис София Ак Бродининг фикрича, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг барқарор ривожланиши бир қатор халқаро ва минтақавий муаммолар, шунингдек ички сиёсатнинг кўп жиҳатлари бўйича қарашларнинг, жумладан ирқлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, миллий иқтисодиётларни модернизациялаш ва диверсификация қилишга, аҳоли фаровонлигини оширишга интилиш борасидаги қарашларнинг уйғунлиги билан изоҳланади.
Учрашув чоғида Малайзия Сенати аъзоси Рослин бинти Хожи Абдул Рахмон Ўзбекистоннинг Евросиё қитъаси марказидаги стратегик жойлашувини, бугун минтақада кечаётган сиёсий жараёнлардаги етакчи ролини инобатга олган ҳолда у билан ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш Малайзия учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Суҳбат давомида Малайзия Сенати президенти ўринбосари Дория София Ак Броди Ўзбекистон Республикасида парламентаризм институтини такомиллаштириш, қонун чиқарувчи орган ваколатларини кенгайтириш ва кучайтириш юзасидан амалга оширилган ислоҳотларга ижобий баҳо берди ҳамда давлат ҳаётида, хусусан, парламент фаолиятида ўзбек аёлларининг фаол иштирокини алоҳида қайд этди.
Дорис София Ак Бродининг маълум қилишича, парламентлараро мулоқотнинг бугунги юксак даражаси ва парламент аъзолари делегациялари ўзаро ташрифларининг фаоллашуви икки дўстона мамлакат ўртасида бундай ишончли ҳамкорлик долзарблигидан дарак беради ҳамда умуман Ўзбекистон-Малайзия муносабатларининг ишончли ҳуқуқий пойдеворини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Шу муносабат билан у парламентлараро ҳамкорликни бундан буён ҳам ривожлантириш учун Малайзия Сенатининг ва Олий Мажлис Сенатининг дўстлик гуруҳини ташкил этишни таклиф этди.
Учрашув сўнгида Малайзия Сенати президентининг ўринбосари Дорис София Ак Броди Ўзбекистон тарихий воқеа бўсағасида турганлигини ҳамда ушбу муҳим сиёсий тадбирга тайёргарликнинг бориши Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муваффақиятли, очиқ ва ошкора, умумэътироф этилган демократик стандартларга мувофиқ ҳолда ўтишини кўрсатаётганлигини билдирди.



 

 

2015 йил 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Озарбайжон Республикаси Милли Межлиси депутати – «Озарбайжон-Ўзбекистон» парламентлараро гуруҳи раҳбари А.Аббасов ҳамда ушбу гуруҳ аъзоси Э.Гусейнов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат бошида Сенат Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоев Озарбайжон Милли Межлиси парламент делегацияси аъзоларини Сенат биносида қутлаб, Озарбайжон вакилларига 2014 йил декабрда ўтказилган парламент сайловида ва бўлиб ўтажак президент сайловида халқаро кузатувчилар сифатидаги фаол иштироки учун миннатдорчилик билдирди. Сенат қўмитаси раиси Ўзбекистон томони ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича Ўзбекистон-Озарбайжон икки томонлама алоқаларини юксак баҳолашини ҳамда ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга устувор аҳамият беришини таъкидлади.
Шунингдек, суҳбат чоғида Ўзбекистон томони таъкидганидек, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик ва биродарликнинг мустаҳкам ришталари, маданиятларимиз, тилларимиз ва анъаналаримизнинг яқинлиги, халқаро тузилмаларда манфаатларимиз ва қарашларимизнинг муштараклиги икки мамлакат ўртасида кенг ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун зарур шарт-шароитлар яратиб бермоқда.
Ўз навбатида А.Аббасов Сенатдаги илиқ ва самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Озарбайжон делегациясининг халқаро кузатувчилар сифатидаги иштирокига азалий яқин дўстларни йўқлашдек қарашини таъкидлади, зеро Ўзбекистон Озарбайжон учун стратегик ҳамкор саналади. «Мамлакатимиз, – деди Милли Межлис депутати, – дўстона Ўзбекистон билан ҳамкорликни юқори баҳолайди ҳамда тенглик, ишонч ва бир-бирини ўзаро англаш принципларига асосланган сиёсий мулоқотни чуқурлаштиришга, савдо-иқтисодий, транспорт ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беради».
Шу нуқтаи назардан томонлар иккала томонни боғловчи транспорт йўлаклари ҳамкорлигини ривожлантиришга доир қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.
А.Аббасов Ўзбекистонда кечаётган фаол иқтисодий ва сиёсий модернизация жараёнларига юксак баҳо берди ҳамда демократик ўзгаришларни давом эттириш ва мамлакатни барқарор ривожлантириш учун бўлғуси президент сайловининг аҳамияти муҳим эканлигини таъкидлади.
«Озарбайжон-Ўзбекистон» парламентлараро гуруҳининг аъзоси Э.Гусейнов Ўзбекистон – дўстона халқига эга гўзал ва ҳимматли ўлка эканлигини қайд этди. У журналист, «Шарқ тароналари» мусиқий фестивалида иштирокчи, президент ва парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида Ўзбекистонга ҳар сафар ташриф буюриб, бунга ишонч ҳосил қилаётганлигини қўшимча қилди. «Милли Межлис депутати сифатида мен, – деди Э.Гусейнов, – мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро алоқалар ҳозиргидек жўшқин ривожлана боришини истардим, зеро бундай алоқалар умуман Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини янада мустаҳкамлашда ва чуқурлаштиришда катта аҳамиятга эга». Парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Э.Гусейнов «Ўзбекистон – Озарбайжон» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси дўстлик гуруҳини ташкил этишни таклиф этди.

Суҳбат сўнгида меҳмонлар 2014 йил декабрида Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайлови амалдаги сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва халқаро стандартларга мос ҳолда муваффақиятли ўтганлигини таъкидладилар ҳамда бўлғуси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳам юксак ташкилий савияда ўтишига ишонч билдирдилар.



 

2015 йил 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари С.Артиқованинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Беларусь Республикасининг сайловлар ва республика референдумларини ўтказиш бўйича Марказий комиссияси раиси Л. Ермошина билан учрашуви бўлиб ўтди. 
Сенат Раиси ўринбосари С.Артиқова Л.Ермошинани Сенат биносида қутлаб, меҳмонга Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимининг ҳамда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилишига доир батафсил ахборотни баён этди. Суҳбат асносида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясини қонун ҳужжатларининг асосий принциплари ва талабларига, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастурларига қатъий мувофиқ ҳолда ўтказиш борасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг роли ва ваколатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, Л.Ермошина Сенатдаги илиқ ва самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, ўзининг ҳар бир ташрифида Ўзбекистонда инсон манфаатларига, унинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг миқёсли ислоҳотлар олиб борилаётганига, энг муҳими, инсонлар эртанги кунга қатъий ишонч ҳосил қилганига гувоҳ бўлаётганини айтди. «Аёллар барча соҳаларда ўзларини фаол кўрсатмоқдалар», – деб таъкидлади Л.Ермошина.
Л.Ермошина Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёни ҳақида сўзлар экан Ўзбекистонда сайловларни ўтказиш борасида катта тажриба тўпланганлигини таъкидлади. Хусусан, унинг қатъий ишончига кўра, сайлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ваколатларининг кенгайтирилиши сайлов жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиб беради.

«Биз Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўз ишини мустақил тарзда, аниқ дастур ва жадвал асосида олиб бораётганига ва шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови юксак ташкилий савияда ўтказилишига ишонч ҳосил қилдик», – деб қайд этди Л.Ермошина.

2015 йил 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Франция Республикаси Сенатидаги «Франция–Марказий Осиё» дўстлик гуруҳи раиси Ив Поззо ди Борго ва ушбу гуруҳ аъзоси Катрин Прокасия билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат бошида Сенат Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоев меҳмонларни Сенат биносида қутлаб, Ив Поззо ди Боргони «Франция–Марказий Осиё» дўстлик гуруҳининг раиси этиб сайланганлиги билан табриклади ҳамда Ўзбекистон-Франция парламентлараро муносабатларини ва умуман икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга фаол кўмаклашаётганликлари учун уларга миннатдорчилик билдирди. Шунингдек «Франция–Марказий Осиё» дўстлик гуруҳи икки томонлама ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили эканлиги таъкидланди. Франция билан ҳамкорлик, шу жумладан Европа иттифоқи билан муносабатлар нуқтаи назаридан, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.
Шундан сўнг меҳмонлар халқаро муносабатларни фаоллаштириш, ривожланган демократик мамлакатлар парламентлари билан мулоқотни ривожлантириш, бундай мамлакатлар иш тажрибасини, жумладан Франция тажрибасини ўрганиш юзасидан янги тузилган Олий Мажлис Сенатининг вазифаларидан хабардор этилди.  Хусусан, асосий йўналишлар бўйича Франция парламенти фаолияти тажрибасини, ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш механизмларини, маҳаллий парламентаризм масалаларини ҳамда Франция Республикаси Парламент Сенатининг маҳаллий парламентлар билан ўзаро муносабатларини ўрганишдан Ўзбекистоннинг манфаатдорлиги ифода этилди.
Ив Поззо ди Борго Сенатдаги илиқ қабул ва унга дўстлик гуруҳи раиси этиб сайланганлиги муносабати билан билдирилган табрик учун миннатдорчилик изҳор этиб, парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш икки томонлама алоқаларнинг муҳим йўналиши эканлигини қайд этди ҳамда ҳамкорликнинг барча йўналишларида, жумладан сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда Ўзбекистон-Франция муносабатларини янада ривожлантиришни ва чуқурлаштиришни «Франция–Марказий Осиё» дўстлик гуруҳи раиси сифатида ўз фаолиятининг муҳим вазифаси деб ҳисоблашини маълум қилди. Шундан сўнг меҳмон мамлакатнинг кўп миллатли аҳоли орасида халқлар ва динлараро тотувликнинг таъминланганлиги мустақиллик йилларида Ўзбекистон эришган энг муҳим ютуқлардан бири эканлигини қайд этди. Ҳозирда жаҳонда юз бераётган кўплаб низоли вазиятларнинг негизида этник ва диний омиллар ётишини ҳисобга олиб, Ўзбекистондаги ушбу ижобий тажриба юксак баҳога муносибдир ва жаҳоннинг талай давлатлари учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ив Поззо ди Борго таъкидлаганидек, Ўзбекистон ва Франция умумий манфаатларга эга ҳамда ҳар бир мамлакат минтақада ҳам, жаҳонда ҳам тинчлик ва барқарорликни таъминлашда зарур қадамлар ташламоқда. У мамлакатларимиз ўхшаш нуқтаи назарларга эгалигини ҳамда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг асосий масалалари юзасидан бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Хусусан, иккала мамлакат терроризм, сепаратизмга қарши кураш каби халқаро даражадаги муҳим масала юзасидан ягона нуқтаи назарни қўллаб-қувватлайди. Шундан сўнг меҳмон Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликни кенгайтириш йўлидан шиддат билан бораётганлигини ҳамда минтақада хавфсизликни ва барқарорликни мустаҳкамлашда етакчи роль ўйнаётганлигини қайд этди.
Франция Сенатидаги дўстлик гуруҳининг аъзоси Катрин Прокасия Ўзбекистонга илк маротаба 30 йил аввал ташриф буюрганини ва ҳозир Тошкентга келиб, уни таниёлмай қолганини, ҳар ерда туб янгилантишларни, барча соҳаларда муҳим ўзгаришларни кўраётганлигини таъкидлади. Ўзбекистоннинг илдам ривожланаётганлиги, маданий турфа хиллик, социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий модернизациялаш бўйича фаол жараёнлар уни лол қолдирди. Катрин Прокасия аёлларнинг сиёсий ва социал-иқтсиодий фаоллиги ошганлигини, уларнинг давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги, республика сайлов ва бошқарув органларидаги иштирокини алоҳида қайд этди.
«Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик, – деди Катрин Прокасия, – ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳити, машҳур ўзбекона меҳмондўстлик, мамлакатнинг замонавий қиёфаси юксак натижалар бермоқда, ахир қаерда тинчлик ҳукм сурса, ўша ерда одамлар ўз олдига юксак ва улуғвор мақсадларни қўйиши ҳамда уларга эришиши мумкин».
Суҳбат давомида Ив Поззо ди Борго Ўзбекистон тарихий воқеа бўсағасида турганлигини ҳамда ушбу муҳим сиёсий тадбирга кўрилаётган тайёргарлик Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муваффақиятли, очиқ-ошкора, юксак ташкилий савияда ҳамда сайлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларига ва умумэътироф этилган демократик стандартларга мувофиқ ўтишини таъкидлади.
Учрашувни якунлаётиб, Сенат қўмитаси раиси С.Сафоев шуни таъкидладки, парламентлараро мулоқотнинг бугунги юксак савияси ҳамда Ўзбекистон ва Франция парламентлари аъзоларидан иборат делегацияларнинг ўзаро ташрифлари фаоллашуви икки дўстона мамлакат ўртасидаги ишончли ҳамкорлик долзарблигидан дарак беради ва умуман Ўзбекистон-Франция муносабатларининг ишончли ҳуқуқий асосини қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнайди.


2015 йил 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат раиси ўринбосари С.Артиқованинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган «The Haven Wolverhampton» нодавлат ташкилоти бош директори К.Риз билан учрашуви бўлиб ўтди. 
Сенат Раиси ўринбосари С.Артиқова буюк британиялик меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси юқори палатаси биносида қутлаб, унга Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимининг ҳамда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши юзасидан батафсил ахборот берди. Шунингдек меҳмон сайлов жараёнининг шаффофлиги, очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш чора-тадбирларидан, хусусан, бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига чет мамлакатлардан ва халқаро ташкилотлардан халқаро кузатувчиларнинг таклиф этилишидан хабардор этилди.
Ўз навбатида, К.Риз Сенатдаги илиқ қабул учун миннатдорчилик билдириб, С.Артиқовани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари лавозимига сайланганлиги билан табриклади ҳамда у ҳар сафар Ўзбекистонга ташриф буюрганида барча йўналишларда – иқтисодиётда, сиёсатда, халқаро алоқаларни ривожлантиришда ҳамда мамлакат ва жамият фаолиятининг бошқа соҳаларида жиддий ўсишни кўраётганлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар рўёбга чиқарилди, миллий маданият ва тарихий қадриятларни тиклаш ҳамда сақлаш борасида катта ишлар олиб борилди.
К.Риз аёлларнинг сиёсий ва социал-иқтисодий фаоллиги ошганлигини, давлат ва жамият қурилиши соҳасида, республиканинг сайлов ва бошқарув органларида уларнинг иштирокини Ўзбекистоннинг энг муҳим ютуқларидан бири сифатида қайд этди.
К.Риз Ўзбекистондаги сайлов кампаниялари БМТнинг камситишга барҳам бериш қўмитасининг умумий тавсияларини инобатга олган ҳолда, маҳаллий вакиллик органларига ҳам, парламентга ҳам депутатликка номзодларни кўрсатишда Буюк Британияда мавжуд бўлмаган амалиёт – аёллар учун 30 фоизлик квота берилган ҳолда ўтказилаётганлигини мамнуният билан қайд этди.
Шунингдек, меҳмон Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларини такомиллаштириш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, гендер мутаносибликни таъминлаш ва таълим сифатини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
«Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш ижтимоий ташкилотининг маҳалла деб аталмиш ноёб шакли Ўзбекистонда мавжудлигини қайд этмай бўлмайди, – деди К.Риз. – Асрлар оша маҳалла бир ҳудудда яшовчи ҳамда ахлоқий-этник ва маданий қадриятлари, манфаатлари, анъаналари ва урф-одатларининг ягоналиги билан бир-бири билан ўзаро боғлиқ одамларнинг ноёб жамияти бўлиб келган. Катта ва аҳил оилада бўлганидек, маҳаллада ҳам ўзаро ёрдам, адолат ва инсонпарварлик руҳи кучлидир. Моҳиятига кўра, маҳаллалар аҳолини, биринчи навбатда, аёллар ва болаларни манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари саналади».
Суҳбат давомида К.Риз 2014 йил декабрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этганлигини маълум қилди, сайловга тайёргарлик даражасини юқори баҳолади, сайлов участкаларида оналар ва болаларга ажратилган хоналар, тиббиёт пунктлари мавжудлигини, бундай шароит жаҳоннинг барча мамлакатларида ҳам бўлавермаслигини алоҳида қайд этди.

Суҳбат охирида меҳмон Ўзбекистонда президент сайлови ҳам 2014 йил декабрь ойида ўтказилган парламент сайловидек юксак ташкилий савияда ўтишига ишонишини билдирди.

2015 йил 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Раиси ўринбосари С.Артиқованинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссиясининг раиси В.Чуров билан учрашуви бўлиб ўтди. 
Суҳбат аввалида Сенат Раиси ўринбосари С.Артиқова В.Чуровни Сенат биносида қутлаб, Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимининг ҳамда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилишига доир батафсил ахборотни баён этди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясини қонун ҳужжатларининг асосий принциплари ва талабларига, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастурларига қатъий мувофиқ ҳолда ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг роли ва ваколатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, В.Чуров Сенатдаги илиқ ва самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, ишлаш шакллари ва усулларини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг улкан, шунингдек профессионал ва малакали фаолиятини қайд этди.
Учрашув чоғида В.Чуров Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. Хусусан, у Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган тузатишларга урғу берди. Ушбу тузатишларга мувофиқ сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул конституциявий орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси мустақиллигининг ҳуқуқий кафолатлари сезиларли даражада мустаҳкамланди.
В.Чуровнинг фикрича, ЕХҲТ ДИИҲБ ва Европа Иттифоқининг бошқа халқаро ташкилотлари экспертлари берган ўз баҳоларида МДҲ мамлакатларининг сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган ижобий ўзгартиш ва қўшимчаларни тўлиқ ҳисобга олмайди. Шу муносабат билан у МДҲ мамлакатларининг сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тўпламини Америка ва Европа иттифоқи мамлакатларининг шундай қонун ҳужжатларини танқидий таҳлил қилган ҳолда ишлаб чиқишни таклиф этди.
Суҳбат сўнгида В.Чуров бугун Ўзбекистоннинг социал, иқтисодий соҳаларда илдам суръатлар билан ривожланаётганлигининг гувоҳи бўлиб турганини билдирди ҳамда мамлакат Президентини сайлашга доир ушбу муҳим сиёсий кампания республиканинг ҳамда меҳнаткаш Ўзбекистон халқининг ҳаётида бундан буён ҳам ижобий ўзгаришлар рўй беришига кўмаклашиши истагида эканини маълум қилди.



Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Матбуот хизмати

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati