O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Халқимиз ишончини оқлаш масъулияти

Айни кунларда мамлакатимиз жамоатчилиги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида кўрилган масалаларни қизғин муҳокама қилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг мазкур қўшма мажлисдаги маърузасида парламент фаолияти чуқур таҳлил этилди, Олий Мажлис фаолиятини замон талабларини инобатга олган ҳолда тубдан яхшилаш, қонун ижодкорлиги сифатини оширишга доир вазифалар белгилаб берилди.

Исломиддин АБРОРОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида парламент қуйи ва юқори палаталарининг ўтган даврдаги ишига холисона баҳо берилди. Замонавий талабларни инобатга олган ҳолда, парламентимиз фаолиятини тубдан яхшилаш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш асосий мақсад этиб белгиланди. Бу биз, халқ вакиллари — сенаторлар зиммасига катта масъулият юклайди. Зеро, Ватанимиз тараққиётида, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг қонун лойиҳалари муҳокамасида фаол иштирокини таъминлаш мукаммал қонунлар яратилишида муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳар бир қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётганда сайловчилар, ҳудудлар ва мамлакат манфаатларини инобатга олиш, қонун ҳужжати эртага қандай ишлайди, юртимиз равнақига қандай ҳисса қўшади, деган саволга, таъбир жоиз бўлса, масъулият билан ёндашиш айни заруратдир.

Шу нуқтаи назардан, ўтган даврда давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида долзарб аҳамиятга эга кўплаб қонунлар қабул қилинди. Уларнинг аксарияти юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, демократик янгиланишларни амалга оширишга кўмаклашди. Бироқ шиддат билан ўтиб бораётган давр ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш заруратини, ижроси устидан қатъий парламент назорати ўрнатиш муҳимлигини кўрсатмоқда. Айниқса, янги қонунларда белгиланган қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқаришни таъминлайдиган қонуности ҳужжатларини ўз вақтида ишлаб чиқиш зарур.

Ўзим таълим соҳаси вакилиман. Мамлакатимиз таълим тизимида дунё ҳамжамияти эътироф этаётган, ёшларимизнинг ҳар томонлама етук, бир неча касб эгалари бўлиб етишишида муҳим ўрин тутаётган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ёшлар тарбияси, жисмоний ва маънавий камолоти, уларга ғамхўрлик кўрсатиш, болаларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда униб-ўсиши, ахлоқи, маънавиятига турли салбий таъсирларнинг олдини олиш Президентимизнинг доимий эътиборидаги масаладир.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган ушбу масала айни пайтда Олий Мажлис палаталарининг мунтазам диққат-эътиборида бўлиши керак. Бу эса сенатор сифатида фаолиятимизни янада кучайтиришни тақозо этади. Шу боис халқимиз манфаатларига, юртимиз тараққиётига хизмат қиладиган қонунларни амалиётга татбиқ этишда янада фаоллик, ташаббускорлик кўрсатишимиз даркор.

Сергей САМОЙЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида жамиятимиз ва давлатимиз учун муҳим аҳамиятга эга бўлган стратегик масалаларнинг кенг доираси қамраб олинди. Унда баён этилган устувор вазифалар ҳамда йўналишлар давлатимиз раҳбарининг парламентга шунчаки мурожаати сифатида янграгани йўқ, балки мазмун-моҳиятига кўра, мамлакатнинг барча соҳасини ислоҳ этиш ва модернизация қилишга доир асосий стратегик мақсадларни рўёбга чиқаришни таъминлаш йўлидаги навбатдаги дастуриламалдир.

Давлатимиз раҳбари янгиланган мақсадли вазифаларни рўёбга чиқариш муҳимлигини қайд этиб, ўтган муддатда эришилган натижаларни яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар ва бу бўйича аниқ йўналиш кўрсатиб ўтилди. Қабул қилинаётган қонунлар сифатини ҳамда ҳуқуқни қўллаш самарадорлигини ошириш, қонун лойиҳалари, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама этиш, ушбу жараёнга олимлар, юқори малакали мутахассис ва экспертларни жалб қилиш, парламент назорати самарадорлиги, Парламент палаталари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро майдондаги вазиятга холис баҳони инобатга олган ҳолда, аниқ позиция ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.

Президентимиз томонидан жамиятимизни янада демократлаштириш бўйича белгилаб берилган вазифалар Экоҳаракат ва унинг депутатлар гуруҳи Дастурий вазифаларини амалга ошириш учун ҳам асосдир. Ўз фаолиятимиз давомида биз экологик қонунчиликни янада такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнида самарадорликни кучайтириш, қонун лойиҳалари сифатини ошириш, лойиҳаларни тайёрлашнинг барча босқичида уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама қилиш, атроф-муҳит муҳофазаси ва табиат ресурсларидан фойдаланиш масалаларига оид қонунлар ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан жамоатчилик экологик назорати механизмларини ривожлантириш, шунингдек, соҳага доир Давлат дастурлари бажарилишига алоҳида эътибор қаратишни устувор вазифамиз сифатида белгилаб олдик.

С. МАХСУМОВ ёзиб олди.

Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati