O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Фармацевтика фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

27.11.2015

 

Мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар босқичма-босқич, тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Айниқса, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг тубдан яхшиланиши халқимиз ҳаёт даражасининг юксалишига олиб келди.

Бинобарин, мустақиллик йилларида аҳолининг ўртача умр кўриши 1990 йилдаги 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида эса 75 ёшга етгани, оналар ва гўдаклар ўлими уч баробардан кўпроқ камайгани юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг ҳаётий самарасидир. Қолаверса, ҳар бир йилга мамлакатимизда яхши анъана ва одатга айланиб қолган тажриба асосида ном бериш ва бу бўйича қабул қилинган давлат дастурлари аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сиҳат-саломатлигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Албатта, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ишлар ҳозирги вақтда ўз самарасини бераётганини мазкур соҳадаги беқиёс ўзгаришлар ва янгиланишлардан ҳам билса бўлади. Биргина мисол: агар истиқлолгача республикамизда фақатгина 2 та фармацевтика корхонаси фаолият кўрсатган ва улар томонидан 30 га яқин номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда 117 та фармацевтика корхонасида 1655 номдаги дори воситалари тайёрланмоқда. Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида 20 та маҳаллий фармацевтика корхонаси томонидан дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатига фармацевтика ҳамда тиббий маҳсулотлар экспорт қилинаётгани эътиборга моликдир.

Янги таҳрирдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонун ҳам тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бинобарин, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, аҳолининг саломатлигини янада мустаҳкамлаш, фармацевтика фаолиятини тубдан такомиллаштириш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ушбу Қонунни қабул қилиш заруратини туғдирди.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжат дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникага бўлган техник талабларни тартибга солишни халқаро амалиёт билан уйғунлаштириш, ушбу соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш бўйича етакчи хорижий давлатлар тажрибасини, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Қонун дори воситалари ҳамда фармацевтика фаолиятини янада такомиллаштириш, уларни тиббиёт амалиётига самарали татбиқ қилиш, аҳолини сифатли ва кафолатланган дори препаратлари билан таъминлаш, давлат ҳамда бошқа идораларнинг соҳадаги масъулиятини ошириш мақсадларини кўзлайди.

Қонунга биноан, давлат органларининг масъулияти кучайтирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг дори воситалари ҳамда фармацевтика фаолияти соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради, дори воситаларини, тиббий буюмларни ҳамда тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини белгилайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса дори воситалари ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади. Қонун билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ваколатига дори воситаларининг ножўя реакцияларини аниқлаш, баҳолаш ва олдини олиш билан боғлиқ илмий тадқиқотларни ҳамда фаолиятни, яъни фармакологик назоратни амалга ошириш вазифаси ҳам юкланмоқда. Бу эса, соғлиқни сақлаш тизимидаги, шунингдек, шу соҳага алоқадор бўлган барча юридик шахслар билан мазкур масалада тегишли тартибда иш олиб бориш, ножўя реакцияларни ўз вақтида аниқлаш ва инсон саломатлигини сақлаш йўлида тегишли қарорларни қабул қилиш учун қатъий юридик асос бўлади.

Халқаро тажрибага кўра, ҳар бир давлат ўзининг Давлат фармакопеясини тасдиқлайди ҳамда нашр этади. Қонунда давлат фармакопеяси, яъни дори воситаларига ва тиббий буюмларга доир талабларни, умумий фармакопея мақолаларини, дори воситаларининг ҳамда тиббий буюмларнинг сифатини назорат қилиш усулларини ўз ичига олган ҳужжатлар тўплами бўлган расмий нашрни ишлаб чиқиш ва уни чоп этишга бўлган талаблар белгиланган.

Қонунда дорихоналарнинг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда. Унга кўра, дорихона дори воситаларини ва тиббий буюмларни реализация қилишни, шунингдек, уларни тайёрлашни амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахс шаклида ҳам, юридик шахснинг таркибий бўлинмаси шаклида ҳам ташкил этилиши мумкин. Дорихоналарнинг филиаллари ҳам, даволаш-профилактика муассасаларининг дорихоналари ҳам дорихоналар жумласига киради.

Мазкур Қонун дори воситалари, тиббий буюмлар ҳамда тиббий техниканинг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда аҳоли соғлиғини сақлаш, соғлом авлодни тарбиялаш ҳамда тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг комплекс тизимини мустаҳкамлашга кўмаклашади, ижро этувчи органлар ва назорат қилувчи хизматлар фаолиятининг амалий самарадорлигини оширишга имкон беради.

Гавҳар АЛИМОВА,
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари.

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati