O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИДА

27.10.2015

СЕНАТОРЛАР СУД ДЕПАРТАМЕНТИДА СУД ҲУЖЖАТЛАРИ ВА БОШҚА ОРГАНЛАР ҲУЖЖАТЛАРИ ИЖРО ЭТИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ МАСАЛАЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚДИЛАР

         2015 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлиси ўтказилиб, у "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд ҳужжатларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти томонидан бажарилишини ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланди.

Мажлисда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд ҳужжатларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти (бундан буён матнда Суд департаменти деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди ва Олий хўжалик суди, адлия, ички ишлар вазирликларининг масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман), фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Ўрганиш натижаларини муҳокама этиш чоғида сенаторлар қайд этганларидек, мамлакатни демократик янгилашнинг энг муҳим устуворликларидан бири қонун устуворлигини, қонунийликни таъминлашга, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич демократлаштиришдан, либераллаштиришдан иборатдир. Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда бир қатор бошқа қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши бу борадаги муҳим қадам бўлди.

Шунингдек мажлис иштирокчилари томонидан қайд этилганидек, қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларни бажаришда Суд департаменти органларининг суд ижрочилари томонидан юқорида қайд этилган Қонун нормалари талаблари ижро этилишини таъминлашга доир муайян ишлар олиб борилмоқда. Суд департаменти фаолияти ташкил этилишини такомиллаштириш ва унинг жавобгарлигини ошириш мақсадида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратишга доир самарали чора-тадбирлар кўрилди. 

Жумладан, ўрганиш натижасида шу аниқландики, 2014 йил ва 2015 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида суд ижрочилари томонидан жами судлар ва бошқа органларнинг 28 трлн. сўмлик 5 миллионта ижро ҳужжати ижро этиш учун қабул қилинди. Шундан амалда 15 трлн. сўмликдан зиёд 3 миллионтадан ортиқ ижро иши бўйича ижро этиш амалиёти якунланди. Юқорида қайд этилган Қонуннинг 40-моддасига мувофиқ қисман ундириш ёки ундирмаслик муносабати билан даъвогарларга 3 трлн. сўмликдан зиёд 1,5 миллионта ижро ҳужжжати қайтарилди.

Шу билан бирга сенаторлар томонидан таъкидланганидек, Суд департаменти тизимида ушбу Қонуннинг ижро этилишини таъминлаш масаласида айрим хато ва камчиликлар мавжуд. Жумладан, ижро этиш жараёнида айрим ҳудудий бошқармалар ва туман, шаҳар бўлимлари ходимлари томонидан ижро ҳужжатлари талаблари бузилиши, улар томонидан асоссиз қарорлар қабул қилиниши, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ўз вақтида ижро этилмаслиги ҳолларига йўл қўйилмоқда. Суд депаратментининг суд ижрочилари, секторлари, бўлимлари ва бошқармалари фаолиятида компьютер дастурларидан ҳамда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг ва самарали фойдаланиш йўлга қўйилмаган, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларига етарли эътибор берилмаяпти, бу эса ўз навбатида жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари нормаларига сўзсиз риоя этилишига ўз таъсирини ўтказмоқда.

Муҳокама чоғида мажлис иштирокчилари томонидан Суд департаменти фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг, шунингдек амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш юзасидан кечиктириб бўлмайдигапн чора-тадбирлар кўриш зарурлиги ҳақида таклифлар билдирилди.

         Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati