O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Инвестиция ва пай фондлари ривожининг ҳуқуқий кафолати

27.07.2015

Маълумки, шу йилнинг 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди. Унда сенаторлар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг муҳим жабҳаларида кечаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бозор муносабатларини изчил либераллаштириш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш, ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қатор масалаларни кўриб чиқиши режалаштирилмоқда.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилган “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ана шундай масалалардан биридир. Қонун республикамизда жамоавий инвестициялаш тизими яратилиши, аҳолининг вақтинча бўш турган пул маблағларини мобилизация қилиш ҳамда уларнинг миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларини молиялаштиришга йўналтирилишини рағбатлантиришга қаратилган.
Дарҳақиқат, юртимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ танлаб олинган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида иқтисодиётда таркибий ўзгаришлар амалга оширилиб, замонавий бозор муносабатлари жорий этилди. Президентимизнинг шу йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида қайд этилганидек, тарихан қисқа даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 5,5 баробардан кўпроқ ўсиб, аҳоли реал даромадлари жон бошига ҳисоблаганда қарийб 9 баробар ошди.
Энг муҳими, бунга эришиш учун ўтган давр мобайнида иқтисодиётимизга 190 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги инвестициялар, жумладан, 65 миллиард доллардан ортиқ хорижий сармояларни жалб этиш ҳисобидан Ўзбекистон учун мутлақо янги бўлган автомобилсозлик, нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ҳамда тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқларга асос солинди.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, шу жумладан, унинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган инвестиция сиёсати мамлакатимиз ривожида муҳим ўрин тутади. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатлари ҳали-ҳануз бартараф этилмаган, дунё ва минтақавий инвестиция бозорларида рақобат кучайиб бораётган ҳозирги шароитда мамлакатимизда янада қулай сармоявий муҳитни яратишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
“Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши фонд бозори томонидан иқтисодиёт тармоқлари ўртасида сармоянинг эркин оқимини таъминлаш, инвесторлар ва аҳоли кенг қатламига капитал бозорига кириш, жамғармаларини шакллантириш ҳамда кўпайтириш учун муқобил шароит яратиш имкониятларини беради.
Шуни қайд этиш керакки, юртимизда инвестиция ва пай фондлари фаолиятини тартибга солувчи махсус қонунни қабул қилиш зарурати мазкур институтлар ўзига хос механизм эканлиги билан изоҳланади. Қонундаги нормалар мамлакат иқтисодиётига билвосита сармоя киритувчи институтни ривожлантириши билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга, унинг бир қатор афзалликлари ҳам бор. Яъни инвестиция ва пай фондлари фаолияти орқали сармояларнинг профессионал бошқарувда бўлиши таъминланади, инвестиция йўналишларини диверсификация қилиш учун қўшимча иқтисодий механизмлар ишга тушади, кўп миқдордаги кичик ҳажмли инвестицияларни битта йирик портфель сифатида бошқариш эвазига унга кетадиган харажатлар тежалади, бундай фондларнинг ишончли бошқарувчи компаниялар орқали бошқарилиши, айниқса, кичик инвесторлар ҳамда аҳоли кенг қатламлари ишончини оширади.
Инвестиция ва пай фондлари хусусий инвесторларнинг маблағларини тўплаш, етарли тажриба ҳамда малакага эга хусусий сармоядорлар маблағини самарали бошқариш механизмини яратиш, ушбу ресурсларни молия бозорининг турли инструментларига инвестиция қилиш орқали рискларни диверсификациялашга хизмат қилади. Бундан ташқари, қимматли қоғозлар бозорида битимларни ўтказиш ва қимматли қоғозларни сақлаш билан боғлиқ харажатларни ҳам тежаш имконини яратади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, инвестиция ва пай фондлари дунёнинг ривожланган давлатларида, хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Япония, Корея Республикасида кенг тарқалган. Шу боис Қонунни ялпи мажлис муҳокамасига тайёрлаш жараёнида айнан шу давлатларнинг инвестиция ҳамда пай фондлари фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги тажрибаси ўрганилди. Қўмитамиз аъзолари томонидан мазкур ҳуқуқий ҳужжат жойларда сайловчилар, соҳа мутахассислари, тадбиркорлар иштирокида кенг муҳокама қилинаётганлигини алоҳида қайд этиш жоиз.
Хулоса ўрнида айтганда, Қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги босқичида муҳим аҳамиятга эга ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни изчил давом эттиришга, манзилли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча молиялаштириш манбаларини шакллантиришга, энг муҳими, юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.


Т. ИСКАНДАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati