O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА УЧРАШУВ

27.03.2015

2015 йил 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Бельгиянинг фахрий сенатори Д.Тилманс, Бельгия Вакиллар палатаси депутати Д.Геертс ва Сайловларни кузатиш бўйича Европа академияси президенти С.Горис билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Бельгия парламентлари аъзолари ўртасидаги доимий, бевосита мулоқотлар ва шахсий алоқалар муҳим эканлиги, улар парламентлараро ҳамжиҳатлик ва умуман Ўзбекистон-Бельгия ҳамкорлиги янада ривожланишига кўмаклашиши таъкидланди.

Д.Тилманс Сенатдаги илиқ қабул учун миннатдорчилик билдириб, ёш Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, 23 йилдан ортиқ вақт давомида барча йўналишларда барқарор тараққий топиб келаётганлигини таъкидлади. Унинг фикрича, республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан сайлов тизимидаги ислоҳотлар ўзининг сезиларли натижаларини бермоқда. 2014 йил декабрь ойида Ўзбекистон парламентига сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган бельгиялик сенатор бунга гувоҳ бўлган эди. Ўзбекистонда бу жараёнлар миллий ўзига хос жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилмоқда, уларни ташқаридан ўрганиб ёки олиб кириб бўлмайди. Ана шу ҳақиқатни Ўзбекистон бошиданоқ англади ва ўз тараққиёт моделини танлади.

Д.Тилманс Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим давлат эканлигини ва Бельгиянинг ушбу минтақадаги асосий ҳамкори саналишини билдирди.

Бельгия Парламенти Вакиллар палатаси аъзоси Д.Геертс Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларни рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ҳамда Ўзбекистон тарихан қисқа давр ичида давлат бошқарув тизимини, иқтисодиётни, ижтимоий ва фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва мустаҳкамлашда катта ютуққа эришганлигини урғулади.

Жаҳоннинг турли давлатларидаги сайловларни кузатиш бўйича мониторинг миссияларини ташкил этиш ва ўтказишда катта тажрибага эга бўлган Сайловларни кузатиш бўйича Европа академияси президенти С.Горис Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. 
Бельгия томони 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини Бухоро шаҳрида кузатиш ниятида эканлигини маълум қилди ҳамда мамлакат демократик ислоҳотлар асосида ривожланаётгани учун Ўзбекистондаги сайлов миллий қонун ҳужжатларига ва халқаро сайлов стандартларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтишига ишонч билдирди.

 


 

2015 йил 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Қирғизистон Республикаси Жоқорку Кенешининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси К.Иманалиев билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ўзаро ишонч, халқларимизнинг азалий яқин алоқаларига асосланган икки томонлама ҳамкорлигини ривожлантириш тарафдори эканлиги таъкидланди. Меҳмон мамлакат парламенти юқори палатасининг фаолияти билан таништирилди.

Қирғизистон Республикаси Жоқорку Кенеши қўмитасининг раиси К.Иманалиев Сенатдаги илиқ ва самий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон сиёсий тараққиётнинг, иқтисодий юксалишнинг ҳамда ўз хавфсизлигини таъминлашнинг энг тўғри ва самарали йўлини танлаб олганини қайд этди. Унинг фикрича, Ўзбекистон мустақилликнинг илк давридаёқ белгилаб олинган «ўзбек модели»нинг асосий тамойилларига оғишмай амал қилиб келди. Унинг беш тамойилига асосан босқичма-босқич ривожланиш ҳозирги шароитда ўзининг мукаммал эканлигини намойиш этди ва халқаро эътирофга сазовар бўлди.

Икки томонлама ҳамкорлик масалалари хусусида сўз очиб, К.Иманалиев бу борада барча мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётганлигини таъқидлади, парламент тажрибасини ўртоқлашиш юзасидан иккала мамлакат парламентлари ўртасида бевосита алоқаларни ўрнатиш муҳимлигига урғу берди.

Суҳбат сўнгида меҳмон Навоий ва Бухоро вилоятларидаги сайлов участкаларига бориш, 29 март куни эса Тошкент шаҳрида сайловни кузатиш нияти борлигини билдирди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўта юқори ташкилий даражада ўтишига қатъий ишонч изҳор қилди.


 

2015 йил 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Раисининг ўринбосари С.Артиқованинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Россия Федерацияси Федерал Йиғилиши Федерацияси Кенгаши раисининг ўринбосари И.Умаханов бошчилигидаги РФ ФЙ Федерацияси Кенгаши делегацияси аъзолари билан, шунингдек РФ ФЙ Федерацияси Кенгашининг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари М.Дидигов ҳамда РФ ФЙ ФК Девонининг Халқаро алоқалар бошқармаси эксперти В.Некрасов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Сенат Раисининг ўринбосари С.Артиқова Олий Мажлиси Сенатининг биносида меҳмонларни қутлаб, ўтган йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида халқаро кузатувчилар сифатида фаол иштироки ва сайлов якунлари бўйича ижобий фикрлари учун Россия делегациясига миннатдорчилик билдирди.

Шундан сўнг Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда бошқа икки томонлама муҳим ҳужжатлар асосида изчил ривожланаётганлиги қайд этилди.

Ўз навбатида, И.Умаханов Сенатдаги илиқ ва самимий қабул учун чин дилдан миннатдорчилик изҳор этиб, Россия томони Ўзбекистонга стратегик ҳамкор сифатида қараб, у билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга устувор аҳамият бераётганлигини таъкидлади.  «Биз бундан буён ҳам стратегик ҳамкорлигимизни изчил ривожлантириш ниятидамиз», – деди И.Умаханов.

Федерация Кенгаши Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари М.Дидигов президент сайлови Ўзбекистон социал-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожланаётган бир шароитда ўтказилаётганини таъкидлаб, Давлат раҳбарининг сайлови республикада мамлакат тараққиёти ва гуллаб-яшнаши йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларни бундан буён ҳам давом эттириш учун омил бўлишига ишонч билдирди.

Суҳбат чоғида Федерация Кенгаши раисининг ўринбосари И.Умаханов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати билан Россия Федерал Йиғилиши Федерацияси Кенгаши ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштиришнинг муҳим эканлигини қайд этди. «Бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерал Йиғилиши Федерацияси Кенгаши ўртасида 2006 йилда имзоланган Битим мавжуд. Ушбу Битим доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерал Йиғилиши Федерацияси Кенгашининг Ҳамкорлик бўйича комиссияси ташкил этилган», – деб таъкидлади И.Умаханов.

Суҳбат сўнгида меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормалари ва талабларига ҳамда умумэътироф этилган халқаро демократик стандартларга тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтаётганлигини алоҳида таъкидладилар.



Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Матбуот хизмати

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati