O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси

Ўтган йили декабрь ойида ўтказилган сайлов якунларига кўра, янгидан шакллантирилган парламент палаталарининг қўшма мажлиси мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ёрқин воқеалардан бири бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маъруза қилди. Бугунги кунда экспертларнинг таъкидлашича, навбатдаги чақириқ фаолияти бошидаёқ парламент қўшма мажлисида давлат раҳбари томонидан анъанавий тарзда сўзланган нутқ мазмун-моҳияти жиҳатидан дастурий ҳужжатдир. Мухбирларимиз бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан интервью олди.

Шоҳида АРИПОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси янги шаклланган миллий парламентимиз фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда қонун ижодкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Зеро, Юртбошимиз Олий Мажлис палаталарининг ўтган даврдаги фаолиятини чуқур таҳлил қилиб, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни кўрсатиб ўтди. Биргина сўнгги йилларда қабул қилинаётган айрим қонунлар, қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳаётда ижро қилинмасдан, ҳавода муаллақ туриб қолаётгани, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда уларни амалга ошириш механизмлари аниқ белгилаб берилмаётгани танқид қилинди.
Шу маънода айтганда, ҳар бир депутат, ҳар бир сенатор сайловчилар манфаатлари ва мамлакатимиз равнақи йўлида ўз вазифасига масъулият билан ёндашмоғи, ҳар бир қонунни чуқур ўрганиб чиқиши, бунда олимлар, жамоат бирлашмалари, сайловчилар фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутиши айни заруратдир.
Сенат аъзоси сифатида бизга билдирилган ишончни оқлаб, аҳоли саломатлигини асраш, ижтимоий муҳофазасига зарур шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни изчил тараққий эттириш, мухтасар айтганда, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган қонунларни такомиллаштириш ва ҳаётга татбиқ этиш йўлида бор куч-ғайратимизни, билимимизни аямаймиз. Зеро, ҳар жиҳатдан пишиқ, мукаммал қонунлар одамларнинг турмуш даражасини янада яхшилашга, юртимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Истиқболда бу борадаги фаолиятимизни янада кучайтириб, аниқ муҳокамалар ўтказишни мақсад қилаяпмиз. Уларда нафақат жамиятнинг у ёки бу соҳасида олиб борилаётган ишларни кўриб чиқиш, балки уларни янада яхшилаш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш ва унинг ижросини йўлга қўйиш доимий диққат-эътиборимизда бўлади.

Турғун ИСКАНДАРОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Давлатимиз раҳбарининг Сенатнинг биринчи ташкилий мажлиси ҳамда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузаларини юксак дахлдорлик туйғуси билан тингладик. Дарҳақиқат, истиқлол йилларида парламентимиз юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим иштирокчисига айланди. Айниқса, икки палатали парламент фаолиятининг йўлга қўйилиши демократик ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатлари ҳали-ҳануз бартараф қилинмаган бир шароитда иқтисодиётимизнинг барқарор суръатларда юқори ўсиш кўрсаткичларига эришаётгани, аҳоли фаровонлиги тобора юксалиб бораётгани биз, депутатлар ва сенаторлардан ўз фаолиятимизга янада масъулият билан ёндашишни талаб этади.
Мен ҳам биринчи марта сайланган сенатор сифатида, аввало, халқ ишончига муносиб бўлишни олдимга мақсад қилиб қўйдим. Зеро, очиқ, ошкора, миллий ва халқаро қонунчилик меъёрлари асосида бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра шаклланган парламентнинг ҳар бир аъзоси айни пайтда истиқболдаги режа ва вазифаларини белгилаб олмоқда.
Дарҳақиқат, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган парламент аъзолари барча жабҳаларда фаол, мустақил ва асосли қарашларга эга бўлиши бугуннинг талабига айланган. Хусусан, сенатор ўз фаолияти давомида қонунлар, дастурларни ўрганиш ва қарорлар қабул қилишда умумдавлат манфаатларидан келиб чиқиши зарур. Ўз навбатида, ҳар бир масалага ўзи сайланган ҳудуд манфаатлари нуқтаи назаридан ёндашиши лозим. Бунинг учун биз — халқ вакилларига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва тегишли қонунларда тўла ҳуқуқ ҳамда ваколатлар берилган.
Сенаторлар халқ фаровонлиги ва Ватан тараққиётига хизмат қиладиган, халқаро қонунчилик нормаларига жавоб берадиган, ҳар томонлама мукаммал қонунларни маъқуллаб, уларнинг жойлардаги ижросини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорликда назорат қилиши, сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиб, ҳал этиш чораларини кўриши айни муддаодир.


«Халқ сўзи» мухбирлари
Қ. ХИДИРОВ, С. МАХСУМОВ ёзиб олди.


Русский | O'zbekcha

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati