O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Маҳаллий Кенгашлар ва фуқаролар йиғинлари ҳамкорлиги

26.12.2015

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ҳамкорлигида “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари билан ижтимоий шериклигининг ҳуқуқий асослари” мавзуида семинар ўтказилди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, фуқаролар йиғинлари раислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Юртимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва демократик давлатни барпо этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан, масалаларга жойида ечим топишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлиги муҳим омил бўлаётир.  

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси маҳаллий Кенгашлар ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида янги босқични бошлаб берди. Зеро, Концепция асосида 2013 йилнинг 22 апрелида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрири қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айнан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шунингдек, тегишли ҳудуддаги аҳолининг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар спорт майдончаларини жиҳозлаш, моддий-маданий мерос объектларини сақлаш, реконструкция қилиш, таъмирлаш каби ишларда ихтиёрийлик асосида қатнашишига оид бир қатор нормалар мазкур Қонунда белгилаб қўйилган. 

Ана шу меъёрлардан келиб чиққан ҳолда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ННТ, хусусан, маҳаллий Кенгашлар билан турли йўналишларда ҳамкорликни амалга оширмоқда. Айни чоғда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари қонунларга риоя этилиши ва бошқа қонун ҳужжатлари ва ўз қарорлари, шунингдек, шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғини қарорлари ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бормоқда.

Шуларга мос равишда ҳамкорликда баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларга билим бериш, маънавий-ахлоқий руҳда камол топтириш ва касбга йўналтириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий ҳаётида хотин-қизларнинг кенг иштирокини таъминлаш ва соғлом оилани шакллантириш соҳаларида муҳим чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилаётир.

Бу ҳамкорлик натижаларини халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сессияларида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш масаласи йилнинг ҳар чорагида муҳокама қилинаётгани мисолида ҳам кўриш -мумкин. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида 168 марта туман ва шаҳар Кенгашларида, 14 бор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама этилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Семинарда, шунингдек, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ролини кучайтиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан зарур таклиф ва тавсиялар билдирилди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati