O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА УЧРАШУВ

26.03.2015

2015 йил 26 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалар қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Покистон Парламенти Сенати аъзоси М.Талха ва сенатор, Покистон аёллар уюшмаси раҳбари Н.Садик билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида покистонлик сенаторларга икки томонлама парламентлараро мулоқотнинг ривожланишига, Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссалари учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида фаол иштирок этаётганликлари учун миннатдорчилик билдирилди.

Ўз навбатида, Покистон сенаторлари М.Талха ва Н.Садик Сенатдаги илиқ ва самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар самаралари диққатга сазоворлигини қайд этдилар.

М.Талханинг фикрича, бу Ўзбекистон сиёсий тараққиётнинг, иқтисодий юксалишнинг ҳамда барқарор ва мустаҳкам ривожланишни таъминлашнинг энг тўғри ва самарали йўлини танлаб олганидан дарак беради. Н.Садик ҳар иккала халқнинг маданий ва тарихий жиҳатдан яқинлиги икки томонлама ҳамкорликнинг асоси эканлигини таъкидлади. У Ўзбекистондаги аёлларнинг сиёсий ва социал-иқтисодий фаоллиги ошганлигига, давлат ва жамият қурилишидаги иштирокига юқори баҳо берди.

Покистон сенаторлари ўзаро иш тажрибаларини алмашиш ва икки томонлама Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлиги масалаларини муҳокама этиш мақсадида мамлакатлар парламентлари ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш муҳим эканлигини таъкидладилар. Шу муносабат билан М.Талха «Покистон-Ўзбекистон дўстлик жамияти» раиси сифатида Ўзбекистон ва Покистон парламентлараро алоқаларини янада фаоллаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга тайёрлигини билдирди.

Суҳбат сўнгида меҳмонлар Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар катта салоҳиятга эга эканлигини ҳамда бундан буёнги ҳамкорлик иккала мамлакат учун ҳам ўзаро фойдали бўлиши мумкинлигини таъкидладилар.

Content on this page requires a newer version of Adobe Flash Player.

Get Adobe Flash player



Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Матбуот хизмати

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati