O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Маданий ва тарихий меросни асраб-авайлаш бурчимиздир

25.04.2015

Маданий ва тарихий меросни асраш, ўрганиш ҳамда келажак авлодга етказиш баркамол шахсни тарбиялашда, унинг маънавиятини юксалтириш ва пировардида жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлашда катта аҳамиятга эга. Бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, БМТнинг Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси каби ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётга изчил татбиқ этиш ҳаётий заруратдир.

В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган мажлисда мазкур масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини рўёбга чиқариш доирасида ташкил этилган қўмита мажлисида парламент палаталари аъзолари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек маданий, тарихий ҳамда табиий меросни асраш соҳасида фаолият олиб борувчи олимлар, мутахассислар ва экспертлар қатнашди.

Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ниҳоятда бой ҳамда ранг-баранг археологик мерос объектлари жойлашганлиги қайд этилди. Айнан шу сабабли Қорақалпоғистон сўнгги пайтларда санъатшунослар, археолог олимлар, тадқиқотчилар ва сайёҳлар эътиборини тобора кенг жалб қилмоқда. Бу замин ўзининг ноёб маданий, бой тарихий мероси, шунингдек, табиий манзараси, қадимий ва ўрта аср ёдгорликлари билан донг таратган “археологик қўриқхона” ҳисобланади. Масалан, Элликқалъа туманида жойлашган Тупроққалъа қўрғони ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданияти ёдгорликлари рўйхатига киритилган бўлса, Хоразм Олтин ҳалқаси қўрғонлари мазкур нуфузли ташкилотнинг Бутунжаҳон меросининг дастлабки рўйхатидан жой олган.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида маданий ва табиий мерос муҳофазасини таъминлаш, уни ўрганиш ҳамда оммалаштириш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, маданият ва табиат ёдгорликларини муҳофаза қилиш борасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ бўлган мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда институционал тизим яратилган. Жамоатчиликни маданият ва табиат ёдгорликларини муҳофаза қилиш, сақлаш ҳамда консервациялаш масалалари юзасидан хабардор этишга, фуқароларнинг маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий-маданий савиясини оширишга қаратилган тадбирлар мунтазам ўтказилаётир.

Мажлисда Ўзбекистоннинг маданий, тарихий ва табиий меросини муҳофаза этиш соҳасидаги ютуқлар таъкидланиб, давлат тузилмалари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг Конвенция қоидаларини, тегишли миллий қонунчилик талабларини бажаришга доир саъй-ҳаракатлари самарали мувофиқлаштирилиши зарурлиги таъкидланди. Халқаро ва ички туризмни ривожлантириш, янги сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш, шу жумладан, экологик ва маданий-этнографик туризм соҳасини янада тараққий топтириш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Муҳокама якунларига кўра, маданий, тарихий ва табиий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий, институционал асосларини янада такомиллаштиришга, қонун ҳужжатларини амалда рўёбга чиқариш механизмини яхшилашга, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ушбу соҳадаги фаолиятини кучайтиришга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.


Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati