O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ижтимоий шериклик ва манзилли дастурлар ёлғиз кексалар, пенсионерлар ҳамда ногиронларни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутмоқда

24.12.2015

Пойтахтимизда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ёлғиз кексалар, пенсионерлар ҳамда ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган мазкур тадбирда кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонларга ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, оила ҳамда жамиятда ва ёшларни миллий қадрият ҳамда анъаналар руҳида тарбиялашда кексаларнинг ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Чунончи, 2015 йилнинг Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани ва шу муносабат билан тасдиқланган Давлат дастурининг айни чоғда изчил рўёбга чиқарилаётгани жамоатчиликнинг кекса фуқаролар ҳаётига бўлган эътиборини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Конституциямиз, у асосда қабул қилинган қонунлар, Президентимизнинг Фармон ва қарорлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар отахону онахонларга ғамхўрлик ва диққат-эътиборни кучайтириш, уларнинг турмуш даражаси ҳамда сифатини ошириш, пенсия таъминоти ва ижтимоий кўмак бериш тизимини такомиллаштиришда муҳим омил бўлаяпти. Биргина жорий йилда ушбу саъй-ҳаракатларга 2 триллион 246 миллиард сўм ҳамда 225 миллион АҚШ доллари сарфлангани бунинг амалий ифодасидир.
Шу билан бирга, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, ушбу йўналишдаги тизимни такомиллаштириш, уларнинг турмуш даражаси ҳамда ҳаёт сифатини ошириш, шунингдек, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2011 — 2015 йилларга мўлжалланган махсус дастур самарали рўёбга чиқарилаётир.
Муҳокамаларда қайд этилганидек, юртимизда ижтимоий кўмакка муҳтож уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг, қолаверса, ёлғиз кекса инсонларнинг ижтимоий-маиший шарт-шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, соғлиқни сақлаш муассасаларида малакали мутахассислар томонидан уруш ҳамда меҳнат фронти фахрийлари, пенсионер ва ногиронлар чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада қарийб 118 минг киши соғломлаштирилди, мингдан зиёд нуронийлар — уруш ҳамда меҳнат фронти қатнашчилари, ёлғиз қариялар ва ногиронлар республикамиз санаторийларига бепул йўлланмалар билан таъминланди. Пенсионер ҳамда ногиронларга ногиронлар аравачалари, эшитиш мосламалари ва бошқа реабилитация воситалари тақдим этилди. Маҳалла гузарларида ҳамда уларга яқин жойлашган спорт ва тиббиёт муассасаларида кексалар учун мўлжалланган мунтазам соғломлаштириш гуруҳлари ташкил этилди.
— Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ҳамда ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди, — дейди сенатор Хайрулла Ҳикматов. — Кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг, асрлар давомида шаклланган миллий қадриятларимизнинг том маънода ажралмас қисми ҳисобланади. Бинобарин, қайси хонадонда нуроний отахон ёки онахон бўлса, бу оилада, албатта, файзу барака, фаровонлик, аҳиллик бўлиши ҳаётий ҳақиқатга айланган. Шу боис юртимизда ёши улуғ инсонлар, айниқса, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни манзилли ижтимоий муҳофаза этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинган дастурлар ижроси самарадорлигини оширишда давлат ташкилотлари билан бир қаторда, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ниҳоятда катта бўлаяпти. Бунда, айниқса, жорий йилнинг 1 январидан кучга кирган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун муҳим дастуриламал сифатида хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари билан бир қаторда, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан, “Маҳалла”, “Нуроний”, “Соғлом авлод учун” сингари фондлар, “Камолот” ЁИҲ ва бошқа ташкилотлар ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож шахсларга ёрдам кўрсатиш борасида эзгу ишларни амалга ошираяпти.
Тадбирда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалаларида вазирлик ҳамда идораларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Шунингдек, ушбу соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Қобил ХИДИРОВ

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati