O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Қишлоқ хўжалигида шартномавий муносабатлар соҳа ривожига хизмат қилади

24.06.2015

Пойтахтимизда “Қишлоқ хўжалигида шартномавий муносабатларни ривожлантириш ва қабул қилинган мажбуриятлар ижро этилиши учун жавобгарлик” мавзуида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан  ташкил қилинган тадбирда сенаторлар, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Қишлоқ ва сув хўжалиги, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура, Олий хўжалик суди, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, тижорат банклари вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча тармоқлари, хусусан, қишлоқ хўжалигини изчил ривожлантиришнинг мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси доирасида кўрилаётган чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлашга, сақлашга, қайта ишлашга ва сотишга ихтисослаштирилган иқтисодий бақувват корхоналар сони йилдан-йилга ортиб боришини таъминламоқда. Айниқса, фермерлик ҳаракатининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ўз самарасини бераётир. Ҳозирги вақтда юртимизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари қишлоқ жойларда турмуш сифати ва даражасини оширишга, ижтимоий инфратузилмани такомиллаштиришга муносиб улуш қўшмоқда, ғалла ва пахта хом ашёсини етиштириш билан кифояланиб қолмай, кўп тармоқли хўжаликларни ташкил этмоқда, олис, чекка ҳудудларда саноатни йўлга қўйиб, иш ўринларини яратмоқда. “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонун, Президентимизнинг “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ишларни тизимли олиб боришда дастуриламал бўлаяпти.
Бозор иқтисодиёти шароитида хўжалик субъектлари ўртасидаги шартномавий муносабатларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Хўжалик шартномаларини тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Хўжалик-процессуал, Ер кодекслари, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда.
— Фермерликни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, фермер хўжаликларининг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида Республика, вилоят ва туман фермерлар кенгашлари фермер хўжаликлари манфаатидан келиб чиқиб давлат божларини тўламай судларга даъво аризасини киритиш ҳуқуқига эга, — деди Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Баҳодир Тажиев. — Шунингдек, ушбу кенгашлар фермер хўжаликларига чигитли пахта, дон, пилла ва давлат эҳтиёжлари учун зарур бўлган бошқа маҳсулотларни етказиб бериш борасида шартномалар тузишда амалий ёрдам кўрсатмоқда.   
Семинар-тренингда сенаторлар қишлоқ хўжалигидаги шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда ечимини кутаётган долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шу жумладан, фермер хўжаликларига товарлар етказиб бериш ёки хизматлар кўрсатиш бўйича шартномавий мажбуриятлар ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаётганлиги қайд этилди. Баъзан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги хўжалик шартномалари шартнома шартларини олдиндан ўрганмай ва таҳлил қилмай туриб тузилмоқда. 
Тадбир иштирокчилари ўзаро тажриба алмашдилар, айрим таклиф ҳамда тавсияларни билдирдилар. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ҳуқуқий ёрдам ва кўмак бериш ҳамда шартномавий муносабатларни ривожлантириш юзасидан фермерлар вилоят ва туман кенгашлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий органлари, адлия, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, мамлакатнинг қишлоқ ва сув хўжалиги вилоят бошқармалари ҳамда туман бўлимларининг фаолиятини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиш зарурлиги таъкидланди.

Фарида МАҲКАМОВА

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati