O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Инсонпарварлик ва бағрикенглик ифодаси

23.12.2015

Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг шу йил 3 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган идоралараро йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судлари, Адлия, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, солиқ ҳамда божхона қўмиталари, прокуратура ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъул ходимлари, шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Қайд этилганидек, амнистия акти миллий қадриятларимизни, бағрикенглик, мурувват ва инсонпарварлик каби олий фазилатларнинг нозик қирраларини ўзида мужассамлаштирган бўлиб, у мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик ҳамда миллий қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш сиёсатининг яққол ифодасидир.
Негаки, билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолганларни кечириш, уларга инсонпарварлик актини қўллаш бундай шахсларнинг ҳар қандай қилмиш учун жазонинг муқаррарлигини англаб етишида катта аҳамият касб этади. Бу юртимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари моҳиятига ҳам сингдирилган.
Тадбир давомида Сенат қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, уни қўллаш жараёнида очиқ-ошкоралик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш, амалиётда хатоликларга йўл қўймаслик, шунингдек, ходимларнинг масъулияти ҳамда малакасини ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, қарор ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан атрофлича маълумот берилиб, жазони ижро этиш жойларидан қайтиши кутилаётган шахсларнинг жамиятга мослашишига имконият бериш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш, ёлғиз ҳамда кўмакка муҳтожларга тегишли ёрдам кўрсатиш, вояга етмаганлар ўз ота-оналари ёки васийлик органларининг назоратига топширилиши, тиббий ёрдамга муҳтожларга соғлиғини тиклаши учун шароит яратишга оид чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, амнистия акти ижросини аниқ ва бир хилда таъминлаш, мазкур жараёнда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда мутасадди идоралар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди. Амнистия актини қўллашнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш масалалари ҳам қатнашчиларнинг диққат-эътиборида бўлди.
Амнистия актига асосан, жазодан озод қилинган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари ҳамда уларнинг қайта жиноят содир этмасликлари учун ички ишлар, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришлари лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, амнистия тўғрисидаги қарорнинг тўла ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш ва унинг ижросига масъул бўлган идоралар ходимлари билим ҳамда кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув-семинарлар ўтказиб борилиши лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда мутасадди идоралар томонидан амнистия акти ижросини таъминлаш, бунда ушбу жараённи оммавий ахборот воситаларида кенг ва самарали ёритиш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

 

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati